Тадбирда «Янги Ўзбекистон» газетаси жамоаси, Тошкент шаҳар туман ахборот-кутубхона маркази раҳбарлари, Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ. Каримова ва марказ мутахассислари, Олмазор тумани «Нуронийлар» жамғармаси раиси М. Мирпулатов, маънавият ва маърифат маркази Олмазор туман бўлинмаси раҳбари М. Алибоева ҳамда кутубхона фаол фойдаланувчилари қатнашдилар.

Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ. Каримова сўзга чиқиб, матбуотда китобхонлик маданиятининг тарғиботи бўйича бир нечта таклифларни билдириб ўтди. «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири ўринбосари А. Ўрозов «Янги Ўзбекистон» газетасининг ташкил этилиши, ҳамда унинг бугунги кундаги мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Б. Эгамқулов кейинги йилларда Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш учун очиқ майдон яратилганлиги ва икки асрни кўрган устоз сифатида кечаги ва бугунги имкониятлар ҳақида ўз қарашларини баён этди.
Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ёшлар сиёсати бўлими катта мухбири Х. Абулфайзов тадбир давомида, янги Ўзбекистон сиёсатида ёшларнинг ўрни, шунингдек матбуотда ёритиб борилаётган бир қатор ёшлар ташаббуслари, уларга яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Давра суҳбатида маънавият ва маърифат бўлими катта мухбири М. Тожимаматова ўз ижодидан ўрин олган А. Навоийнинг 580 йиллигига аталган шеърини ўқиб берди ва «Тавоф», «Кўнглим шуълалари» номли шеърий тўпламларини кутубхонага туҳфа этди.
Давра суҳбати бахс-мунозарага бой бўлиб, бунда Учтепа туман ахборот-кутубхона маркази Б. Ходжаева, Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари В. Муратова, фаол китобхон М. Эшпўлатова, ўқув зали сектор мудири Д. Азимова ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Тадбир сўнгида, «Янги Ўзбекистон» жамоаси билан Тошкент шаҳар «Билим» АКМ ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олинди.