Мамлакат ва жамият тараққиётининг асосий кўрсаткичлари таълим ва илм-фан ривожи билан белгиланади. Улар тараққиёти эса бевосита эътибор, шароит ва имкониятлар билан боғлиқ. Бу борада мамлакатимизда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Фармон ва қарорлар имзоланиб, уларни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йили илк бор математика, кимё-биология ва геология фанлари таълим ва илмнинг устувор йўналиши сифатида белгиланди, уларни комплекс ривожлантиришга киришилди.

Ўзбекистон математиклар жамиятининг Тошкент давлат транспорт университетида ўтказилган кўчма йиғилиши ҳам шу йўлдаги қадамлардан биридир. Президентимизнинг «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган йиғилишда Ўзбекистон математиклар жамияти академиклари ҳамда республика олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.

— Мамлакатимизда математика фанини ўқитишга эътибор кучаяётгани бежиз эмас. Бу, айниқса, транспорт соҳасида яққол намоён бўляпти, — деди Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдураҳмонов. — Транспорт тармоғи тобора кенгайиб, соҳада ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, уларни ҳал этишда мутахассисларнинг математикадан тайёргарлигини ошириш, татбиқий математикани ишлаб чиқариш билан яқинлаштириш зарурияти кучаймоқда. Рақамли иқтисодиёт, ўз навбатида, математик тадқиқотларни амалиётда қўллаш эҳтиёжини тезлаштирди. Бугунги технологиялар даврида математик билимлар билан қуролланган муҳандисларга талаб ва эҳтиёж ортмоқда. Бу эса дарслар жараёнида фанларнинг ўзаро интеграциялашувини талаб этади. Айни пайтда университетимизда илмий изланишлар олиб бораётган ёшлар жуда кўп. Бугунги анжуманнинг профессор-ўқитувчиларимиз илмий фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Шунингдек, талабаларнинг дарс ва амалиёт жараёнида математика фанидан оладиган билимлари аҳамиятини чуқур англашига ёрдам беради, деб ўйлайман.

Йиғилишда академиклар Шавкат Алимовнинг «Муҳандислик масалаларини математик моделлаштириш», Азимбой Саъдуллаевнинг «Техник масалаларни ҳал қилишга комплекс ўзгарувчан функцияларни қўллаш» мавзуидаги маърузалари тингланди.

Шунингдек, йиғилиш доирасида Фанлар академияси В. Романовский номидаги Математика институти билан Тошкент давлат транспорт университети ўртасида меморандум имзоланди. Мазкур меморандум университетда математика фанини ўқитиш сифатини юқори даражага кўтариш, муҳандислик соҳасида математик моделларни қўллашга имкон яратади.