Бу каби ислоҳотлар натижасида, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳолининг умумий сони ортишига эришилди.
Шунга қарамасдан, мавжуд спорт иншоотларидан фойдаланиш аҳволи қониқарсизлигича қолмоқда.
Жумладан, Давлат раҳбари томонидан бугунги кунда спорт иншоотларидан фойдаланиш аҳволи қониқарсиз деб топилиб, кўплаб спорт объектларидан фойдаланилмай келинаётганлиги, уларнинг фойдали иш коэффициенти 50%дан паст эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бир қаторда, Адлия вазирлиги томонидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, мавжуд спорт иншоотларининг (стадион, спорт зали, бассейн, манеж ва бошқалар) бир кунлик спорт машғулотларини ўтказиш қуввати қарийб 1,5 млн. кишини ташкил этиб, умумий аҳолининг сонига нисбатан спорт иншоотлари билан таъминланиш даражаси 4,5%дан ошмайди.
Хусусан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида жами 1 434 та спорт иншоотлари мавжуд бўлиб, бугунги кунда улардаги мавжуд бўш ер майдонлари ва биноларнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмасдан келинмоқда.
Қайд этилган спорт иншоотларнинг бўш турган қисмидан давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланиш бўйича 120 га яқин объектларнинг рўйхати ишлаб чиқилган бўлсада, бугунги кунга қадар бирорта ДХШ битимлари имзоланмаган.
Қайд этиш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасида 10 та, Андижонда 4 та, Бухорода 4 та, Жиззахда 10 та, Қашқадарёда 9 та, Навоийда 8 та, Самарқандда 11 та, Сирдарёда 6 та, Сурхондарёда 6 та, Тошкент вилоятида 4 та, Фарғонада 12 та, Хоразмда 14 та, Тошкент шаҳрида 12 та спорт муассасаларининг бўш турган бино ва ер майдонлари мавжуд.
Вазирлик тизимидаги спорт мактабларининг рейтинги натижаларига кўра улардан 285 тасининг фаолияти самарадорлиги қониқарсизлигича қолмоқда.
Спорт мактабларининг фаолияти самарадорлигига балансида спорт иншоотлари мавжуд эмаслиги, спорт анжомлари таъмирталаб ва яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги, спорт разрядлари бажарилмаганлиги, спортчиларнинг мусобақаларда эришган натижалари пастлиги, методик тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқилмаганлиги, тренерлар, методистлар ва шифокорларни қайта тайёрлаш ва малака ошириши таъминмаганлиги каби тизимли камчиликларга йўл қўйилаётганлиги таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, республика бўйича маҳаллалар бўйлаб ўтказилган ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, жами 9 168 та маҳалла фуқаролари йиғинларининг 3 210 тасида (35%) ҳудуд аҳолисининг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан шуғулланишлари учун спорт иншоотлари ташкил этилмаган.
Қолаверса, умумий ўрта таълим мактабларини ва мактабгача таълим муассасаларини спорт заллари билан таъминлаш ҳамда улардаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиш даражаси ҳам пастлигича қолмоқда.
Ҳудудларда ўрганилган 9 965 та мактабларнинг 2 242 тасида (22,5%) спорт заллари йўқ бўлиб, спорт заллари мавжуд мактабларнинг кўпи таъмирталаб ва улардаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмасдан келинмоқда.
Масалан, Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 785 та мактаб спорт залларининг 114 таси (14,5%) таъмирталаб ҳолатда бўлиб, Жумладан, Бағдод туманидаги 40 та мактаб спорт залларининг 21 таси (52,5%) таъмирталаб аҳволда.
Қўштепа туманидаги 34-мактабдаги таъмир ҳолати эса Собиқ иттифоқ давридан сақланиб қолган ва зарур инвентарлар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, ҳудудлар кесимида ўрганилган давлат тасарруфидаги 6 126 та мактабгача таълим муассасаларининг 4 986 тасида (81,4%) хавфсиз спорт майдончалари ва бино-иншоотлари билан таъминланмаган.
Мисол учун, Наманган вилояти мактабгача таълим бўлимлари тасарруфидаги 576 та мактабгача таълим муассасаларининг 574 таси (99,6%), Сурхондарё вилоятидаги 376 та мактабгача таълим муассасаларининг барчасида (100%) спорт заллари мавжуд эмас.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар, республикамизда ташкил этилган спорт инфратузилмасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масаласи ҳанузгача долзарблигини кўрсатмоқда.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими