Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари Улуғбек Аъзамов, Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тило Клиннер, Саксон иқтисодиёти таълим маркази вакили Ирина Айнерт, «Sequa» ташкилотининг Шарқий ва Ғарбий Европа, Марказий ва Шарқий Осиёдаги ҳамкорлик лойиҳалари раҳбари Анастасия Тулке, Саксон бизнес ҳамжамиятининг касбий таълим институти вакили Альберт Овер, Ўзбекистон Отельерлар уюшмаси раиси Фарангиз Абдуллаева ва бошқалар иштирок этди.

Тақдимотда нутқ сўзлаган Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов сўнгги йилларда туризм соҳаси жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.

— Мақсадимиз — туризмда хизмат кўрсатиш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, туризм соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш, кўламини кенгайтириш, – деди Улуғбек Аъзамов. — Қайд этиш жоизки, Германия ва Ўзбекистон отельерлар уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа меҳмонхона бошқаруви сифатини янги босқичга олиб чиқиш ва Ўзбекистонда меҳмонхона бошқарувида Германия тизимини жорий этишга қаратилган. Ўйлайманки, бу 2023 йилги асосий йўналишларимиздан бири бўлади.

Вазир ўринбосари туризм хизматлари сифатини янада яхшилашда таълим лойиҳаларини амалга ошириш муҳим эканлигини таъкидлаб, бу борадаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тило Клиннер эса бугун тақдим қилинаётган лойиҳа мамлакатимиз учун жуда муҳим эканлигини қайд этди.

— Ўзбекистон ўз маданияти, қадриятлари, обидалари билан Европа, хусусан, Германия фуқароларини ҳам ўзига жалб этяпти, — деди Клиннер. — Бу жараёнда эса туризм соҳасида сифатли таълимни ошириш мақсадга мувофиқ бўлади. Сифатли таълим туризм соҳасига кириб келаётган ёш кадрларга ўзлари учун керакли кўникма ва тажриба тўплашга, келажакда етук кадрга айланишга имконият яратади. Бу эса туризм соҳаси ривожланиб бораётган Ўзбекистон учун жуда муҳимдир.

Тадбирда мутахассислар Ўзбекистонда туризм ва меҳмондўстликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва ундан кутилаётган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Сифатли таълим орқали меҳмонхоналар ва ресторанларда хизмат кўрсатувчиларнинг малакасини ошириш муҳим эканлиги таъкидланди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этиш жоизки, мазкур лойиҳа Ўзбекистон туризм соҳасида билимли ва юқори салоҳиятли кадрлар кўпайишига хизмат қилади. Бу эса, албатта, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, хорижий туристлар сонини янада оширишда муҳим ўрин тутади.