Мамлакатимизда ишсиз ёшлар ва хотинқизларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий аҳволини яхшилаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, бизнесини йўлга қўйиши учун молиявий қўллаб-қувватлашга муҳим вазифа сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан мутасаддиларга кўплаб вазифа ва кўрсатмалар берилмоқда, мамлакатимиз миқёсида тизимли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфида юртимизнинг 15 ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Ишга марҳамат” мономарказлари ижтимоий лойиҳа сифатида ишсизлик муаммосини камайтиришга ҳисса қўшмоқда.
Мазкур мономарказлар ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида аҳолига бир қанча хизмат турларини кўрсатяпти. Қисқа муддатли, талаб юқори бўлган касб-ҳунар, хорижий тиллар, рақамли технологиялар, тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик курслари шулар жумласидан. Шунингдек, касбий фаолиятни амалга ошириш учун талаб қилинадиган маҳорат, шахсий ва касбий билим ва кўникмаларни баҳолаш, хорижда вақтинча ишламоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тиллар бўйича ўқитиш, улар билан олдиндан мослаштириш чора-тадбирларини ўтказиш, хорижда ишлаш учун талаб этиладиган ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиляпти.
Бугун тўла ишонч билан айтиш мумкинки, мономарказларда кўрсатилаётган хизматлар тури нафақат аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш, балки ўзига ва эртанги кунга ишончини оширишга ҳам кўмак бермоқда. Жамиятда муносиб ўрин топиши учун ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шартшароитлар яратиш мамлакатимиздаги ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Чунки бусиз аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мушкул. Дунёга хавф солган пандемия шароитида ижтимоий ҳимоя кўрсаткичи сезиларли даражада пастлаганига гувоҳ бўлдик. Бу мураккаб даврдаги энг асосий масала аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, даромад билан таъминлаш бўлди.
Ҳозир юртимизнинг барча гўшаларига “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар” каби тушунчалар кириб борди. Бу дафтарларни шакллантиришдан мақсад ҳам рўйхатга олинганларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашишга қаратилган. Нафақат аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш, балки уларга психологик, тиббий, ҳуқуқий ва кўплаб бошқа жиҳатларда амалий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам турибди. Худди шу мақсадлар муштараклигида ҳозир мономарказларда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган, рўйхатда турмаган, аммо банд бўлмаган аҳоли вакиллари ҳудудий мономарказларда ўқиб, давлат намунасидаги сертификат асосида турли соҳаларда фаолият юритмоқда.
Келгусида мономарказлар билан олис ҳудудлардаги нодавлат таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, чекка қишлоқлардаги аҳолини ҳам қамраб олиш, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, имконияти чекланган фуқароларни имкониятидан келиб чиққан ҳолда, талабгир соҳалар бўйича ўқитиш, мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш борасида тизимли ишлар бажарилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, махсус дафтарларга киритилган фуқароларни камбағалликдан чиқариш, оилаларда барқарор даромад манбаини яратиш бугун кечиктирилмайдиган, ортиқча кўзбўямачилик ҳамда қарсакбозлик билан беркитиб бўлмайдиган вазифадир. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб боряпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак”.
Дарҳақиқат, халқ талабининг мураккаблиги ҳамда ўзгариб бориши ҳақида гап кетганда, мономарказлар хизматининг изчиллигини таъкидлаш жоиз. Чунки ўзгараётган дунёқараш, ортиб бораётган талабчанлик, ривожланаётган меҳнат бозори ва замонавий касбларга эҳтиёж таъсирида мономарказларда ҳам замонавий касб-ҳунарга ўқитиш жараёни такомиллаштирилади.