Президентимизнинг фармони билан Бухоро туманидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги бошлиғи Муҳаммад Аҳмедовнинг “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирлангани ҳақидаги хушхабар бутун бухороликларни қувонтириб юборди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва вилоят жамоатчилиги вакиллари бугун, 25 август куни Муҳаммад Аҳмедовнинг хонадонида бўлиб, уни давлатимизнинг юксак унвони билан табриклашди.
40 йилга яқин умрини деҳқончилик ривожи-равнақига бағишлаган Муҳаммад ака фермерликдан чинакам бахт топган инсонлар. Ер билан ишлаш, деҳқончилик ва чорвачилик маданиятини пухта ўзлаштирган фермер ихтиёрида айни кунда 196 гектар ер мавжуд бўлиб, шундан 122 гектар пахта, 74 гектар ғалла майдони ҳисобланади.
Нафақат вилоятда, балки республикада етакчи фермерлардан бири саналган Муҳаммад Аҳмедов пахта ва ғалла етиштиришда маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиб, агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли амалга ошириб, тупроқ унумдорлигини яхшилашда илғор тадбирларни қўллаб келмоқда.
— Мен аслида фарзандларим, набираларимга ўрнак бўлиб, Ватанимизга хизмат қилаётганимдан хурсандман. Бугун яқинларим, дўстларим, ҳамкасбларим шундай қувончли кунимда ёнимда эканидан бахтиёрман. Рости жуда ҳам ҳаяжонландим. Бу каби эътибор ва хурмат учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорман. Инсонга юксак эҳтиром кўрсатиладиган мамлакатимизнинг олий унвони мен каби барча бухоролик деҳқонлар меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламан.
Шу билан бирга бу мен учун янада юксак масъулият. Халқимга, Президентимга ваъда бериб айтаманки, бундан буён ҳам Парвардигор берган умрни Ватаним равнақи, қишлоқ хўжалигини юксалтириш учун бахшида этаман, - дейди Муҳаммад Аҳмедов кўзида ёш билан. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ҳам Муҳаммад Аҳмедовни қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик меҳнатларини эътироф этган ҳолда самимий қутлади.
Муҳаммад Аҳмедов яқинлари, ҳамюртлари ва маслакдошлари, туман, вилоят раҳбарларининг табриклари қуршовида ўзигагина хос соддалик ҳамда камтарлик билан миннатдорчилик билдирди:
— Мени ардоқлаган халқимга, Президентимга раҳмат!
Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати