Буни ижтимоий хизмат кўрсатиш борасидаги янгиланишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгач, бу борадаги ишлар янги босқичга чиқди. Бугун ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходим фаолият юритмоқда. Улар уйма-уй юриб аҳолининг аҳволини ўрганяпти, заруратга қараб кўмак беряпти. Бу ўзгаришларни оддий одамлар ўз ҳаёти мисолида ҳис қиляпти. Юртдошларимиз ижтимоий ходим тимсолида давлатимизнинг одамларга меҳри, ишончи ва эътиборини кўраётгани ҳам айни ҳақиқат. Шу ўринда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган ижтимоий ходимлар, улар туфайли эртанги кунга ишончи мустаҳкамланаётган юртдошларимиз ҳақида ҳикоя қиламиз.
* * *
Амударё туманидаги “Тошёп” овул фуқаролар йиғинидаги ижтимоий ходим Мавлуда Қаландарова фаолият бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, у хизмат вазифасини бажаришда самимийлиги, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиши, муаммоларни ҳал этишдаги фидойилиги туфайли ҳурмат-эътибор қозониб улгурди.
У илк иш куниданоқ тизимда белгиланганидай 104 хилдаги ижтимоий хизмат тури бўйича аҳолининг аризаларини қабул қилди. Ҳар бир мурожаат бўйича “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ўрганишлар олиб борди. Кейс-менежмент асосидаги ўрганишлар натижасида фуқароларда 34 турдаги ижтимоий хизматга эҳтиёж борлиги аниқланди.
— Мутахассислар иштирокида тиббий текширувлар ўтказиб, таълимдан узилиб қолган 5 боладан 1 нафари кундузги парваришга олинди. Шунингдек, 2 бола “Имкон” ўқув маркази, қолганлари эса “Нурли макон” ўқув маркази кўмагида таълимга қамраб олинди, — дейди Мавлуда Қаландарова. — 2025 йил бошидан бери ногиронлиги бўлган 8 фуқаро ўзига муносиб иш билан таъминланди. Ногиронлиги бўлган яна 8 шахс адаптив спорт гуруҳларига йўналтирилди ва 6 нафари тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясининг хулосаси асосида параспортга жалб этилди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 16 кишига куз-қиш мавсуми учун кийим-кечак олиб берилди.
Мавлуда Қаландарованинг фаолиятида бу каби хайрли ишлар талайгина. У васийлик ва ҳомийликка олинган болалар бўйича мониторинг юритиб, ёлғиз яшайдиган фуқароларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиб келяпти. Улар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этишда ҳам фаол. Умуман олганда, имкониятлардан самарали фойдаланиб, уйма-уй юриб одамларга кўмакчи бўлиб келяпти.
— 2025 йил бошидан бери ўзгалар парваришига муҳтож 4 фуқарога қараб туриш учун ассистентлар бириктирилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган 8 кишига стационар шароитда даволаниши учун кўмак берилди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган 15 аёл-қизга зарур психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, 171 фуқарога коммунал тўлови учун бир марталик моддий ёрдам ажратилди, — дейди Мавлуда Қаландарова.
Амударё туманидаги Намуна маҳалласида турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. У ерда комплекс хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходим ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида хатлов ўтказилди. Уйма-уй юриб аҳолининг ҳаёт тарзи кейс-менежмент усулида ўрганилди. Натижада 12 тоифадаги фуқаролар 100 турдан ортиқ ижтимоий хизматга муҳтож экани аён бўлди.
— Ўтган даврда ногиронлиги бўлган 8 нафар шахсга протез-ортопедия мосламалари, реабилитация техник воситалари олиб берилди, — дейди Намуна маҳалласининг комплекс хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходими Наврўзбек Сафаров. — Ногиронлиги бўлган, лекин меҳнат қилишга имкони ва истаги бор яна 10 фуқаронинг имконияти ўрганилиб, барқарор даромадли ишга жалб этилди. Саломатлигини тиклаш ниятидаги 2 фуқарога даволаниши учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан амалий ёрдам кўрсатилди. Ногиронлиги бўлган бир бола психологик тиббий-педагогик комиссия назоратидан ўтказилиб, инклюзив таълим олиши учун шароит яратилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган 3 ёшнинг имконияти алоҳида ўрганилиб, улар адаптив спортга жалб этилди ва мунтазам шуғулланиши учун шароит яратилди.
Маҳаллада кам таъминланган 62 оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланди. 33 та оила камбағаллик реестрига киритилди. Ижтимоий ходимнинг саъй-ҳаракати билан 113 та оилага коммунал тўлов учун бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Кам таъминланган 8 оила фарзандлари боғчага имтиёзли жойлаштирилди.
— Иккинчи гуруҳ ногирониман. Турмуш ўртоғим менга қараб ўтиришга мажбур эди. Ижтимоий ходим ва “маҳалла еттилиги” оиламиз шароитини ўрганиб, бизни камбағаллик реестрига киритди, — дейди ушбу маҳаллада яшовчи Севара Жуманиёзова. — Турмуш ўртоғим мавсумий ишларга жалб этилиб, фарзандларимнинг муносиб таълим олиши учун шароит яратиб берилди. Менга эса уйда қараб туриш хизмати ёрдам беряпти. Бундан жуда миннатдорман.
Маҳаллалардаги Наврўзбек Сафаров каби ижтимоий ходимлар ҳар куни хонадонма-хонадон юриб, “Инсон қадри учун” тамойили асосида самарали фаолият юритяпти. Улар инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун экани борасида давлат сиёсатини олис қишлоқ ва овулларда яшаётган юртдошларимизга амалда намоён этмоқда.
* * *
Термиз шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази. Имконияти чекланган, оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизга индивидуал ёндашув асосида ёрдам кўрсатилаётган маскан. Бу ерда психолог хизмати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Мадина Мамарайимова бир йил аввал марказга келиб, мурожаат қилганида ҳаёти ўнгланиб кетишига ўзи ҳам унчалик ишонмаган эди.
Турмушидаги бетартибликлар, саломатлиги яхши эмаслиги, тушунарсиз психологик ҳолати унга ечими йўқ муаммодек туюларди. Бу ерга келиб мурожаат қилгач, психологлар унинг оғирини енгил қилди. Муаммоларини ҳал этишга киришди. Бир йил муқаддам оғир ҳаётий вазиятда яшаган Мадина бугун энг кучли аёлга айланди.
Назира Менглиева Ангор туманининг Гиламбоб маҳалласида яшайди. У ҳам ёлғиз она, ҳам 2-гуруҳ ногирони. Фарзанди Зарифжон Тожиев Янги турмуш маҳалласида ташкил этилган кундузги парвариш хизматига берилган. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази Назиранинг бандлигини таъминлади. Бугун у фарзандининг ёнида, шу парвариш хизматида тарбиячи ёрдамчиси бўлиб меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, аёлга 1 миллион сўмлик бир марталик моддий ёрдам тайинланди.
— Ангор тумани Гиламбоб маҳалласида фаолият юритаётган парвариш хизматида жисмоний имконияти чекланган 16 болани соғломлаштириш, ўқитиш ва қаров ишлари йўлга қўйилган, — дейди тарбиячи Барно Тоғаева. — Болаларимиз бу ерда соғлиғини тиклаш баробарида жамиятга қўшилиб, ижтимоий муҳитга ҳам мослашиб боряпти.
Туманнинг Улуғбек маҳалласида яшовчи Малоҳат Расулова 1-гуруҳ ногирони, яъни шу кунга қадар тўшакка михланган эди. Унга “Фаол ҳаётга қадам” дастури асосида тиббий-ижтимоий реабилитация ҳамда уй шароитида ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш бошланди. Натижада аёлнинг соғлиғи тикланиб, ҳаёт тарзи сезиларли даражада яхшиланди.
Бугун Ангор туманида 65 юртдошимиз “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасидаги хизматлардан фойдаланяпти. Уларга кундузги қатнов ва уй шароитида қаров, тиббий-ижтимоий реабилитация, ижтимоий-маиший хизматлар бекаму кўст кўрсатилмоқда.
Яна бир мисол: туманнинг Қорасув маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Зафар Тошмуродов ҳам энди иш жойига эга. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази кўмагида у туман ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлашди. Ўрганган билими асосида бош ҳисобчига ёрдамчи лавозимида фаолиятини давом эттиряпти.
— Зафар Тошмуродов ўз устида ишлагани, ахборот технологиялари соҳасидаги билими ва амалий кўникмаси туфайли жамият учун керакли шахсга айланди. У шу жиҳати билан бошқаларга ҳам намуна бўляпти, — дейди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари Ўғилшод Хонова. — Яратилган имконият сабаб бундай юртдошларимизга ўз вақтида керакли кўмак бера оляпмиз.
Ҳа, бугун мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими чин маънода инсонпарварлик ва меҳр-эътибор рамзига айланди. Буни “Фаол ҳаётга қадам” лойиҳаси асосида бажарилаётган кенг кўламли ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Термиз туманидаги Мангузар маҳалласида ҳам кундузги қараб туриш хизмати йўлга қўйилган. Бу ерда ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшовчи, ногиронлиги бўлган 17 юртдошимизга ижтимоий ёрдам кўрсатиляпти.
* * *
Фарғона шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳалласида яшаётган Мамлакатхон Тўраева бир неча йилдан буён хаста. Аввалига чап, кейин ўнг томонлама гемипарез бўлди. Боз устига қандли диабет, қон босимининг муттасил кўтарилиши уни анча толиқтирди. Аёл бир неча ой ўрнидан тура олмай, тўшакка михланиб ҳам қолди.
Бугун унинг ҳаётга муносабати мутлақо бошқача. Чунки яхшилар кўмаги, давлат қўллаб-қувватловини дилдан ҳис қилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси тасарруфидаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази шифокорлари Мамлакатхонга мунтазам реабилитация хизмати кўрсатиб келмоқда. Шифокор Маҳлиё Саидова ҳамда ёрдамчи мутахассис ҳафтада икки марта хонадонга келиб, эрготерапия, уқалаш, даволовчи гимнастика, тикланиш терапияси ва замонавий амплипульс аппарати орқали муолажалар ўтказди. Амалий саъй-ҳаракат, яхшиларнинг меҳри туфайли онахон оёққа турди. Ҳасса ёрдамида бўлса-да, мустақил ҳаракатланмоқда.
— Йиллар давомида дард билан курашиб келаман, — дейди Мамлакатхон ая. — Менга кўрсатилаётган амалий ёрдам учун чексиз миннатдорман. Бизга кўмакчи, суянчиқ бўлиб келаётган ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази шифокорлари, маҳалламизнинг ижтимоий ходимларига ҳурматим баланд. Улар билан тез-тез қўнғироқлашиб тураман. Чунки ҳаммасини фарзандимдек яхши кўраман.
Фарғона вилоятида реестрга киритилган ёлғиз кексалар сони — 2092 нафар. Улар йилда бир марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, 36 шахснинг яшаш шароити мослаштириб берилди. Бундан ташқари, реестрдаги 1546 ёлғиз кекса қонунчиликда назарда тутилган бепул дори-дармон билан таъминланяпти.
— Президентимизнинг 2025 йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туфайли кўплаб ўксик кўнгилларга қувонч улашилди. Уларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси шуъба мудири Фаррухбек Сайдалиев. — Мазкур қарор ижроси доирасида 2025 йил 1 июндан бошлаб “Фаол ҳаётга қадам” дастури йўлга қўйилди. Дастур нафақат ижтимоий хизматлар сонини кўпайтирди, балки инсонларнинг ҳаётга интилишини қайта уйғотди. Энди уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам, қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатновда хизмат кўрсатиш ва шахсий ёрдамчи каби 5 та қўшимча хизмат тури йўлга қўйилди. Уларнинг харажати “Оила ҳамкори” платформаси орқали тақдим этиладиган ваучерлар билан қисман қоплаб берилмоқда. Ушбу хизматлардан ҳозир 3465 киши фойдаланяпти.
Қийналган дамларда суянчиқ бўлиш, меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос фазилат. Бундай қадриятлар кейинги йилларда ҳар жиҳатдан ривожланиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Бу ижтимоий ҳимоя борасидаги ишлар мисолида яққол кўзга ташланади.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
Сарвар ТЎРАЕВ,
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбирлари