Ҳар йили табиат уйғониб, гул-чечаклар очилиб, атроф-жавониб яшил либосга бурканган бир паллада юртимиз бўйлаб ўзгача шукуҳ кезади. Тинчлик-омонлик ҳукм сураётган ватанимизнинг ҳар гўшасида шарқона Йилбоши – Наврўз кенг нишонланади: карнай-сурнай овозлари, шодон яллаю лапарлар, болажонларнинг шўх кулгуси... яқин-йироқлардан эшитилиб, кўнгилларга кўклам нашидасини юқтиради.
Давлатимиз раҳбарининг “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ушбу айёмнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган борлиқни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш, меҳр-оқибат, хайру саховат, бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик сингари юксак ғоялар бугунги кунда янада теран мазмун ва аҳамият касб этиб бораётгани алоҳида таъкидланган.
Халқимиз асрлар давомида эъзозлаб келаётган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарафидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўз – Йилбошини мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда юксак савияда ўтказишга ҳар қачонгидан ҳам ўзгача шукуҳда тайёргарлик бошланиб кетди.
Ҳаёти табиат билан чамбарчас боғлиқ кечган аждодларимиз Янги йил шодиёналарини кўкламда ўтказиши табиий ҳол эди. Бу бир томондан аёздан қутулиш шукронаси бўлса, иккинчи тарафдан янги меҳнат йилига ўзига хос тайёргарлик маросими бўлган. Бугунгидек махсус иситиш тизимига эга уйда эмас, ўтовда ҳаёт кечирган аҳоли учун қишдан чиқиб олиш ҳақиқий машаққат ҳисобланарди. Момоларимиз ҳали-ҳануз баҳор элчиси бойчечакни кўрганда “Омонлиқ-сомонлиқ, янаги шу кунларга ҳам етайлик”, дея тилак билдириши замирида шу ҳикмат яширин, назаримизда.
Тарих гувоҳ: қайси динга эътиқод қилиши, қанчадан-қанча ғайри маданиятлар таъсири остида қолишидан қатъи назар, халқимиз асрлар мобайнида Йилбоши – Наврўздан воз кечмаган. Бу баҳорий байрам ўзбекнинг ўзлигини, бағрикенлигу меҳмондўстлиги, қўйингки, барча инсоний фазилатларини мужассамлаштирган. Бизда нафақат янги йил 21 мартдан бошланади, балки деярли барча миллий анъаналаримиз: кўпкари, кураш, бахшичиликдан тортиб келинсаломгача Йилбоши сайли “чорраҳа”сида туташади. Таъбир жоиз бўлса, Наврўзни маданиятимиз дурдонаси, байрамларимиз онаси, дейиш мумкин.
Ҳар йили Йилбоши – Наврўз яқинлашган сайин оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда урчиб кетадиган турли даъвою иддаоларга қарата айтиш мумкинки, бу байрамни турлича ёндашувлар – диний, миллий, мафкуравий тазйиқлардан мутлақо холи ҳолида, табиатнинг янгиланиш, яшариш айёми, шоҳу гадо орасидаги тенглик ҳамда турфа эътиқод ва этносга мансуб кишилар орасидаги бағрикенглик тантанаси сифатида нишонлаш зарур. Зотан, асарлар мобайнида шундай бўлиб келган ҳам. Йилбоши – Наврўзга нисбатан азалий ва абадий айём таърифини бемалол ишлатиш мумкин. Негаки, ушбу байрам ўткинчи ғоялар билан эмас, олий ҳакам – Вақт билан чамбарчас боғлиқ. Ер Қуёш атрофида айланаверар экан, Йилбоши – Наврўз ҳам ҳар хил кўринишда бўлсада тантана қилинаверади.
Халқимиз асрий орзулари ва даврлар синовидан ўтган одамийлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат каби фазилатлари, шунингдек, бағрикенглик, аҳиллиқ, ўзаро ҳурмат сингари миллий қадриятларини Йилбоши – Наврўз сайлларига сингдириб юборган. Шу маънода, ўзбекнинг ичу таши, борлиғи ушбу баҳорий байрамда ўз тажассумини топиши табиий.
Фаррух ЖАББОРОВ,
Республика Маънавият ва маърифат марказининг масъул ходими