Тошкент Халқаро бизнес марказида ташкил этилган давра суҳбати ана шу каби мақсадлар ижросига қаратилди. “Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доиралари ўртасидаги саноат корпорацияси” мавзуидаги мулоқотда рус ҳукумати вакиллари мамлакатимизга инвестиция киритишнинг истиқболи ҳақидаги илиқ фикрларини баён этдилар.

— Бир нечта вазирлик ва идоралар раҳбарлари мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш, экспорт ҳамда савдо салоҳияти, халқимизнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик қобилияти ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига ташлаётган дадил қадамлари хусусида маълумот бердилар, — дейди Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов. — Шу билан бир қаторда қайси соҳа ёки тармоқларга инвестиция киритиш мумкинлиги борасидаги таклиф ва прогнозларини ҳам баён этишди. Бу учрашув инвесторларни жалб қилиш билан бир қаторда халқаро ҳамкорликнинг узвий давом этишига замин ҳам яратади. 

Ўзаро мулоқотдан сўнг, “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Россия Федерацияси саноат ва савдо вазирлиги ўртасида саноат, ташқи савдо ва нвестиция соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида” меморандум ҳамда “Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмасини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда “Лойиҳалар офиси” доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхатини тузиш бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланди.

Соҳиба МУЛЛАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири