Ўзбекистон миллий матбуот марказида ижодкор Жавоҳир Қудратов хотирасига бағишлаб нашр этилган “Мен мангу қоламан тушларда” номли китобнинг тақдимот маросими ўтказилди.

Ёш ва истеъдодли қаламкаш, моҳир журналист, ўз касбининг устаси Жавоҳир Қудратов чин инсоний фазилатга эга, одамохун, камтар, камсуқум йигит эди. У ҳаётининг айни чақноқ даврида бу дунёни ташлаб кетди. Бу яқинлари, дўстлари, ҳамкасблари қалбини чуқур қайғуга солди.

Тадбирда иштирок этган устозлари, ҳамкасблари, дўстлари ва шогирдлари Жавоҳир Қудратовни самимий, покдил инсон бўлганини, улкан айрилиққа ҳозирга қадар кўника олмаётганларини таъкидлашди.

Ажойиб ижодкор Жавоҳир Қудратов хотирасига бағишлаб нашр этилган китобдан унинг турли йилларда ёзган мақолалари, уни яқиндан билганларнинг хотиралари ўрин олган.