Шу боис, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига барча фуқароларимиз, шунингдек, ёшларимиз катта тараддуд кўрмоқда.

Айтиш жоизки, бу йилги Президентлик сайлови мамлакатимиз ва халқимиз ҳаёти учун ниҳоятда муҳим паллада бўлиб ўтмоқда. Бундай дейишимизга асослар кўп. Аввало, кейинги йилларда Ўзбекистон дунёга очилиб, янги ислоҳотлар тўлқини бошлади. Бу жараёнда халқимиз сиёсий-ижтимоий фаоллиги ҳам ошиб, ҳар бир ислоҳотга ўз ҳиссасини қўшиш анъана тусини олди.

Шу маънода, Ўзбекистон Президенти учун бўлажак сайловда фуқароларимиз фаол иштирок этиши кутилаётгани қизғин олқишланмоқда. Ўз навбатида, бу йил илк бор янги Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтадиган сайлов тамойиллари ҳам жиддий ўзгаришлар билан кечмоқда. Яъниким, фуқароларга бир қатор қулайликлар яратилган. Биргина сиёсий жараённинг октябрь ойининг учинчи якшанбасида, кузнинг тароватли, илиқ кунларига кўчирилиши ҳам сайловчиларнинг фаоллигига хизмат қилади. Шунингдек, сайланган Президентнинг келгуси йил режаларини тузиб олиши учун ҳам етарли вақт бўлади.

Алоҳида таъкидлашимиз мумкинки, бугун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети жамоаси, талаба-ёшларимиз ҳам мамлакат президентлиги учун ўтказилаётган сайлов кампаниясида фаол иштирок этиб, ўзлари муносиб, деб билган номзодга овоз бериш тараддудида.

Албатта, бугунги кунгача президентликка номзодлар сайловолди дастури билан батафсил танишиб чиқилди. Бу жараёнда ҳеч бир ҳамкасбимиз, талабаларимиз бефарқ бўлган йўқ. Шунинг ўзиёқ мамлакатда демократик тамойиллар фаоллашаётгани, сайловчи фуқароларимиз ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшаётганидан далолат.

Ўз навбатида, биз ҳам сайлов куни ўзимиз муносиб деб билган овоз берамиз ва келгуси ҳаётимиз, юртимиз тараққиёти учун ҳисса қўшамиз. Бунда ҳар бир овоз муҳим аҳамият касб этишини асло унутмаймиз.

Султанбек ДАВЛЕТМУРАТОВ,

ЎзДЖТСУ Қишки ва мураккаб-техник

спорт турлари факультети декани