У 2003 йилда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг магистратура босқичини тамомлади. Турли йилларда “Фидокор”, “XXI аср”, “Ҳуррият”, “Нуроний” газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматида, “Ўзбеккино” миллий агентлигида, Президент девонида, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Маҳалла” телеканалида масъул лавозимларда меҳнат қилди.

Тоҳир Шомуродов билан бирга фаолият олиб борган ҳамкасбларимизнинг таъкидлашларича, у ўзининг кўплаб олижаноб фазилатлари, қатъийлиги, садоқати ва фидойилиги билан ижодий жамоада кўпчиликка ўрнак бўлган. Таниқли ижодкор Хайриддин Султонов, Ғофур Шермуҳаммад, Ҳабибулла Олимжонов, Жуманазар Мелиқулов, Ўктам Мирзаёр каби элимизнинг таниқли ижодкорларини ўзи учун доим устоз деб билар эди. У мард, танти инсон, чинакам ватанпарвар, энг асосийси, самимий дўст эди. Ижодий фаолияти давомида кўплаб танқидий ва таҳлилий мақолалари билан ўқувчиларнинг меҳрини қозонди. Ҳар қандай муаммони қизиқарли ва асосли фактлар билан бойитиб, халқаро тажрибага суянган ҳолда аниқ ва фойдали таклифларни илгари сурган тарзда олиб чиқар эди.

Тоҳир Шомуродов доимо жамият аъзоларини ўйлантириб юрган, ўткир муаммоларни оғриқли дард ила қаламга олар эди. Халқаро мавзулар – глобаллашув, жаҳонда кучайиб бораётган тенгсизлик муҳити, урушлар ва зиддиятлар, осойишталикнинг бебаҳо қадри, шукроналик ҳисси, Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, сўнгги йиллардаги жадал ўзгаришлар ва ободончилик ишлари, кексаларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик ҳақида фаол қалам тебратди. У ҳаётнинг синчков кузатувчиси эди. Кичик ибратли ишдан ҳам катта фалсафий мақолалар чиқара олар эди.

“Отам бувам раҳматлини ерга қўяётиб ҳам бировга йиғлаган овозини эшиттирмаган эди, – дейди Тоҳир Шомуродов укаси Жамолиддин хотирасига бағишлаб ёзган “Рўмолча ҳиди”  деб номланган мақоласида. – Биров сезиб қолмаслиги учун аста қадам ташлаб, уйнинг хиёл очиқ қолган эшиги тирқишидан ичкари мўраладим. Отам уйнинг бир бурчагида ёш боладай пиқиллаб йиғлаб ўтирар, пешонасига боғлаб олган рўмолчаси билан гоҳ кўзидан тирқираб оқаётган ёшларни артар, гоҳ эса уни тўйиб-тўйиб йиғлар эди. Укамнинг дастрўмолимиди у, билмадим. Минг хил дори-дармон афзалмиди, шу рўмолча, билмадим...

Отамнинг гоҳида пешонасига дастрўмол боғлаб юришининг сабабини энди тушунгандек бўлдим. Тушундим-у, кўзимдан беихтиёр сизиб тушаётган ёшларни тўхтата олмадим. Менда дастрўмол йўқ эди, кўзимдан қалқиган ёш ёмғир томчилари ерга томарди...”

Жорий йилда “YANGI KITOB” нашриётида Тоҳир Шомуродовнинг ана шундай самимий қалб чизгиларига йўғрилган мақолалари ва шеърлари  жамланган “Мен ёнингдан йироқман” номли китоби чоп этилди. Уларда ўзгача шукуҳ, ҳароратни ҳис этасиз. Она юртга бўлган меҳр-муҳаббат, фахр-ифтихорни туясиз. Зеро, Тоҳир Шомуродов Ватанни севар, унинг равнақига ҳисса қўшишга баҳоли қудрат ҳаракат қиларди. Афсуски, бевақт ўлим уни орамиздан эрта олиб кетди. 

Сиз ушбу китобни мутолаа қилар экансиз, муаллифнинг дунёқараши, салоҳияти нечоғли юксак эканлигига гувоҳ бўласиз. Айниқса, бадиий ижод намуналари руҳиятингизга ўзгача таъсир қилади. Шеърий таржималари эса  эса Тоҳир Шомуродовнинг нозик диди ва ўзига хос маҳоратидан дарак беради.  

Бир гўзал китоб мутолаасидан кўнгил айвонингиз янада нурафшон бўлишига ишонамиз, азизлар!   

Мухтасар Тожимаматова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири