Аниқланишича, мурожаатчининг отаси Б.Ж. биринчи турмуш ўртоғи вафот этганидан кейин А.У. билан қонуний никоҳдан ўтади. Уларнинг биргаликдаги турмушидан фарзанди бўлмаган. 1995 йилда Б.Ж, 2010 йилда эса турмуш ўртоғи А.У. вафот этади.

Шундан сўнг З.Ж. отаси Б.Ж. ва ўгай онасидан қолган уй-жойни расмийлаштириб беришни сўраб мурожаат қилади. Фуқаронинг мурожаатига асосан Фориш тумани ҳокимлиги 2015 йил 3 мартда Фориш тумани Осмонсой ҚФЙ Ярашлов қишлоғидаги уй-жойни марҳума А.У. номига расмийлаштириш ҳақида қарор чиқарган.

Шундан сўнг фуқаро З.Ж.нинг мурожаатига кўп идоралар шунчаки “жавоб” бериш билан чекланган.

Фуқаронинг Омбудсманга мурожаатида отасидан қолган уй-жойдан ҳисса ажратилмагани натижасида фарзандлари ва набиралари рўйхатга олинмагани, шу сабабли ижтимоий ёрдам ва бошқа кўмаклардан маҳрум бўлаётгани ёзилган ва қонуний асосда ёрдам берилиши сўралган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Оила кодексига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулки биргаликдаги умумий мулк ҳисобланиши ҳамда Фуқаролик кодексида мол-мулкнинг васият қилинмаган қисми меросхўрлар ўртасида тақсимланиши назарда тутилган. Мурожаатчининг узоқ йиллар давомида қийналгани, ижтимоий шароити оғирлиги сабабли Омбудсман фуқаро манфаатида судга даъво ариза киритди.

Суд Омбудсманнинг фуқаро манфаатида киритилган даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириб, фуқаро З.Ж.ни Б.Ж.дан қолган мулкнинг биринчи навбатдаги вориси деб топди ва мерос мулкдан улушини белгилаб берди.

Фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари суд томонидан тиклангани унинг кўплаб идораларга сарсон-саргардон бўлишига чек қўйди, дейилади Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати хабарида.