Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, кимё саноат йўналишидаги республикамизнинг мутасадди вазирликлари ва олий таълим муассасалари олимлари, хорижий 10 дан ортиқ давлатларнинг академик-олимлари, “Ўзкимёсаноат” АЖ, Институтнинг академик-профессорлари, илмий ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Анжумандан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда органик ва металлорганик бирикмалар кимёси ривожининг асосий йўналишларини белгилашдан иборатдир.
Тадбирда сўзга чиққанлар, республикамиз табиий ресурслари асосида органик моддалар олишнинг инновацион ечимлари хусусида, органик ва ноорганик моддалар кимёси ва кимёвий технологиясини ривожлантириш, органик ва ноорганик юқоримолекуляр бирикмалар кимёвий технологиясини жадаллаштириш, энергия тежамкор ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг инновацион технологияларини ишлаб чиқишни янада такомиллаштириш, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалалари ҳамда маҳаллий хомашёлар асосида яшил кимё ва табиий маҳсулотларни ишлаб чиқишни янада ривожлантириш борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро анжуманнинг долзарб муаммолари ва унинг инновацион ечимлари, мамлакатимизда кимё саноати йўналишида илмий фаолият билан шуғулланаётган ҳамда илм-фаннинг замонавий ютуқларига ўз ҳиссасини қўшаётган ҳар бир фуқаро учун долзарб масалалар ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарининг «Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз» деган ғоят муҳим иборалари инновация йўналишида дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Файзулла НУРҚУЛОВ,
Тошкент кимё-технология
илмий тадқиқот институти
лаборатория мудири, т.ф.д.