Бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари Конституция ҳамда қонунларимизда қайд этилган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, илм-фан, маданият, ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилиб келяпти. Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Конституциямизда Ўзбекистон ўзининг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тили, урф-­одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиши, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши кафолатланган.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Мазкур қўмита ўз фаолияти доирасида жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатини изчил ҳамда самарали амалга ошириб, 150 та миллий маданий марказ билан ҳамкорлик қилмоқда.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини янада ошириш мақсадида 2019 йилнинг 15 ноябрида давлатимиз раҳбарининг “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат асосида Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиё­сати концепцияси тасдиқланди. Ушбу соҳада давлат сиёсати амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш мақсадида парламент ва жамоат назорати механизми ҳам йўлга қўйилди. Шунингдек, қўмита ҳузурида миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 декабрдаги қарорига мувофиқ жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунинг­дек, турли тиллардаги китобхонлар ўртасида, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган танловлар ўтказилиб келинмоқда.

Яна бир гап. Ўзбекистонда барча миллатларнинг ўз она тилида таълим олиш имкониятини таъминлаш даражасини ошириш мақсадида таълим қардош тилларда олиб борилаётган умумий ўрта таълим мактабларидаги ҳолат ўрганиб чиқилди. Натижада тайёрланган таълим 7 та қардош тилда олиб борилаётган умумий ўрта таълим мактабларини бадиий адабиётлар билан таъминлаш ва китобхонликни тарғиб қилиш тўғрисидаги таклифлар асосида ҳамижрочилар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари, консуллик муассасалари ва ўзбек миллий маданий марказларини ҳамда таълим қардош тилларда олиб борилаётган умумий ўрта таълим мактабларини бадиий адабиётлар билан таъминлаш ва китобхонликни тарғиб қилиш тўғрисида”ги фармойиши лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шу туфайли республикамизда фаолият юритаётган 38 та дўстлик жамияти “халқ дип­ломатияси” механизмидан фаол фойдаланган ҳолда, чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйган. Хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни ҳар томонлама ривож­лантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида ­тизимли асосда илмий, шу жумладан, ижти­моий тадқиқотлар, шунингдек, мазкур йўналишдаги жараёнлар ривожининг мониторинги олиб ­бориляпти.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлар­аро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан миллатлараро муносабатлар бўйича илмий-­амалий тадқиқотлар ўтказиш, илмий мақолалар, китоблар, илмий-тадқиқот материаллари, ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрлаш мақсадида соҳага оид қатор китоб ва илмий мақолалар нашр қилинганлиги ҳам таҳсинга сазовор.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармонида Илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривож­лантириш концеп­циясини ишлаб чиқиш белгиланган эди.

Шу муносабат билан 2020 йил 29 октябрда Президентимизнинг, “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур фармон иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Қўмитанинг таклифи асосида юртимизда ­фаолият юритаётган олий таълим муассасаларида бакалавриатнинг антропология ва этнология таълим йўналиши ва тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳозирда 2020-2021 ўқув йилида 80 нафарга яқин талаба, магистр ва таянч докто­рантурада таҳсил олмоқда.

Жамият тараққиётини илм-фан ривожисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки илм-фан ишлаб чиқариш, унинг моддий асосини яратиш, технологик ривожлантириш ва, энг асосийси, кадрлар билан таъминлаш вазифаларини ўз зиммасига олади. 2020 йил май ойида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида ­“Амалий этнология” лабораторияси ҳамда жорий йилда эса университетнинг тарих факультетида “Антропология ва этнология” кафедраси ташкил этилди.

Бу ҳаракатлар самараси ўлароқ, мамлакатимиздаги миллатлараро муносабатлар масалаларини таҳлил қилиш, этник низоларнинг олдини олиш ва уларнинг салбий оқибатларини камайтиришга эришиш вазифаларини бажаришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш учун қатор масалалар кўзда тутилган.

Қўмита миллатлараро муносабатлар соҳасидаги муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишда хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда Ўзбекис­тон шароитида ана шу тажрибадан фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, етакчи маҳаллий ва хорижий олимлар, экспертлар ҳамда мутахассислар иштирокида соҳада илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, анжуманлар, семинарлар, давра суҳбатлари, маърузалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда ҳам жонбозлик кўрсатяпти.

Айни пайтда кўплаб хориждаги ватандошларимиз иқтисодиётимиз, ижтимоий соҳа, илм-фан, маданият, спорт ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани — Ўзбекистоннинг обрўсини ошириш ҳамда унинг ташқи дунё билан муносабатларини янада ­мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Президентимиз томонидан имзоланган “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистонда 30 июль — Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланди. Мамлакатда миллатлараро тотувлик ва ягона катта оила муҳити туйғусини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш соҳасидаги обрўсини кенг тарғиб қилиш ва дунё ҳамжамияти олдидаги ижобий имижини ошириш мақсадида юртимизда ушбу санага бағишлаб “Дўстлик” ҳафталиги ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ташкил этиш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июндаги “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантиришнинг муҳим асосидир.

Бу борада ҳам қўмита ўзининг саъй-ҳаракатлари билан жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Мазкур қарорга кўра, ушбу кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъект­лари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланади.

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ҳудудларда маданият, санъат, таълим йўналишларини такомиллаштиришга оид кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот ишлари олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ташкил этилган эди. Бугун бу жамғарма фаолиятидан барча мамнун.

Яқинда мазкур жамғарма томонидан чоп этилган “Дўстлик хамсаси” китоби — Марказий Осиё халқлари, жумладан, ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз ва тожик халқларининг буюк мутафаккирлари — Алишер Навоий, Абай Қўнонбоев, Чингиз Айтматов, Абдураҳмон Жомий, Махтумқулининг таржимаи ҳоли ва ижод йўли ҳақида маълумотлар, халқ мақоллари, ҳикматли сўзлар биринчи марта икки тилда — аслиятда ва ўзбек тилида нашр этилди.

Ушбу мажмуанинг “Дўстлик хамсаси” деб номланишида чуқур маъно бор. У Марказий Осиё халқларининг умумий илдизга эга хамсачилик анъаналарининг давомийлиги намунаси. Ҳозирги даврда халқлар, миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Марказий Осиёда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”.

Ишончимиз комилки, мана шундай ғояларни ўзида мужассамлаштирган ушбу китоб Марказий Осиё халқларининг азалий ва абадий дўстлиги, маънавий-руҳий яқинлиги ва муштараклигининг рамзи сифатида минтақада аҳиллик ва ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Мамлакатдаги ёшларни аниқ фанлар, рақамли технологиялар ҳамда робототехника соҳасидаги интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга йўналтирилган тадбирлар ташкил этиш иннова­цион ва илмий фаолиятни шакллантириш чоралари кўрилмоқда.

Давлатни инновацион асосда ривожлантириш, бу соҳага масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компаниялар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳам энг зарур йўналишлардан ҳисобланади. Айниқса, туризмни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамлиги ҳам халқларни янада яқинлаштиришини таъкидлаш жоиз.

Ҳозирги кунда мамлакатда турли миллатга мансуб фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг миллий ўзлигини англаши ҳамда этник қадриятларини сақлаб қолишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Шунингдек, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, энг аввало, бой тарихий-маънавий мерос, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналар асосида миллий ўзлигини англаган, миллий ғурур-ифтихори юксалган, умуминсоний қадриятлар, замонавий технологиялар, илм-фан ютуқлари асосида дунёқараши шаклланган баркамол авлодни тарбиялашни кўзда тутади.

Жамиятда миллатлараро тотувликни кучайтириш бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш гарови эканлигини яна бир карра исботлайди. Ўзбекис­тонда кейинги йилларда миллатлараро муносабатлар масаласига катта эътибор қаратилаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Қолаверса, бугунги кунда хорижий экспертлар Ўзбекистонда кучли давлат тизими шаклланганини мамнуният билан таъкидламоқда.

Оқил САЛИМОВ,

Республика истеъдодли

ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси,

техника фанлари доктори,

академик