Маълумотларга кўра, ер юзидаги икки юз элликдан ортиқ давлатда 7 миллиард 700 миллион кишини ташкил этадиган, 7000 тил ва лаҳжада гаплашадиган аҳоли истиқомат қилмоқда. Жаҳоннинг этник харитасига эътибор берсак, бугунги кунда дунёда миқдоран бир неча юзтадан тортиб бир неча юз миллионни ташкил этадиган 2000 га яқин ҳар хил миллат ва элатлар яшаётганининг гувоҳи бўламиз. Шундай экан, миллатлараро бағрикенглик, улар орасида ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларни ўрнатиш орқалигина дунёда барқарорлик, осойишталикни таъминлашнинг асосий омили бўлиб қолаверади. Толерантлик тўғрисидаги замонавий концепция яқиндагина пайдо бўлиб, бу тушунчани шакллантиришда ЮНЕСКО кўп куч-қувват сарфлади. Жумладан, 1995 йилда ушбу ташкилот томонидан қабул қилинган “Толерантлик тамойиллари декларацияси”да толерантлик фуқаролик жамиятининг қадрияти ва ижтимоий нормаси, дея таърифланди.
Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққиётини белгилашда мамлакатда истиқомат қиладиган 136 дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлиги, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларининг ўрни беқиёс.
Бу борада бугунги кунга қадар бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган. Хусусан, Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташкил этилиши миллатлараро тотувлик сиёсатида янги даврни бошлаб берди. Бағрикенглик бу — ўзаро ҳурмат, бир-бирини англаш, тушуниш ва қабул қилиш демакдир. Ер юзидаги турли маданиятларга ҳурмат билан ёндашиш, тушунишга бағрикенглик таърифи берилади. У билим, самимият, виждон ва эътиқод натижасида юзага келади. Бағрикенглик фақат маънавий бурч бўлиб қолмай, сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж саналади. Энг асосийси, бағрикенглик натижасида тинчлик таъминланади, турли низолар, у бор бўлса, урушларнинг келиб чиқишига тўсқинлик қилади.
БМТ Бош ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу санани Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган.
2019 йилдан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур сана Ўзбекистонда ҳафталик тарзида кенг нишонланиб келинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни кўз қорачиғидек асраб авайлаш бугунги глобаллушув ва ахборот хуружи авж олган бир пайтда долзарб масала ҳисобланади.
Тарихга назар ташласак, эл-юртимиз ўзининг қадимий ўтмиши давомида шонли воқеаларни, турли синов ва қийинчиликларни, зафарли даврлар билан бирга, фожиали кунларни ҳам бошидан кечирган.
Тарихнинг турли таҳликали даврларида юртимиз бошига мусибатли кунлар тушди. Йигирманчи асрда мустабид тузумнинг 37-йил қатағони ва Иккинчи жаҳон уруши даврида ўз юртидан мажбуран кўчирилган, бадарға қилинган элат ва миллат вакилларига халқимиз бағрини очди. Меҳр кўрсатди. Энг оғир дамда уларга ёрдам қўлини чўзиб, бир бурда нонини баҳам кўрди. Корейслар, немислар, турклар, поляклар, греклар, қрим-татарлар бу бағрикенг заминда ўзининг иккинчи ватанини топди.
Мамлакатимизда миллий ўзликни сақлаб қолиш, этник қадриятларни ривожлантириш билан боғлиқ жараёнларга, яқин ўтмишдагидан фарқли равишда миллатчиликнинг ўсиши деб эмас, балки табиий-тарихий жараён сифатида қаралмоқда ва тегишли институционал асослар яратилмоқда. Хусусан, этномаданий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш, миллий урф-одатлар ва анъаналар ривожланишига ҳар томонлама шарт-шароит яратиш мақсадида Республикадаги турли миллатларга мансуб миллий-маданий марказлар фаолиятига кенг йўл очиб берилганини қайд этиш лозим.
Юртимизда мавжуд 10 мингдан зиёд мактабнинг 2 минга яқинида қардош тилларда таълим-тарбия олиб борилиши, ўзбек тили билан қўшиб ҳисоблаганда 7 тил(ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, тожик, туркман тиллари)да дарс ўтилиши қонуний таъминлангани ва мана шу етти тилда давлат томонидан дарсликлар, ўқув қўлланмалари ҳам мунтазам равишда чоп этиб борилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, ўрта ва олий таълим 7 та тилда ташкил этилгани, миллий тилларда боғчалар, мактаблар тизимини ривожлантириш, педагогик кадрлар ва зарур дарсликлар билан таъминлаш борасидаги ишлар тизимли олиб борилаётганини таъкидлаш зарур. Олий таълим тизимида эса ўқиш миллий тилларда олиб бориладиган махсус факультет ва бўлимлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 30 фоиздан ортиғи мустақиллик йилларида ташкил этилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Телекўрсатувлар 11, радиоэшиттиришлар 11 тилда олиб борилаётган бўлса, 8 тилда журналлар, 8 тилда газеталар чоп этилмоқда. Бу каби мисоллар этник қадриятларини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган сиёсатимизнинг амалий нишонасидир. Тенглик ва ўзаро ҳамкорлик ҳаётий-амалий характер касб этган тақдирдагина миллий мансублигидан қатъи назар, фуқароларда Ватан тақдирига дахлдорлик, унинг бугуни ва истиқболи йўлида ҳамжиҳат ҳаракат қилиш туйғуси камол топади.
Мухтасар қилиб Президентимиз таъбири билан айтганда, “Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир”.
Ғулом Мирзаев,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти