Шу боис, ўзбек лотин алифбосини такомиллаштириш масаласи нафақат тилшунослар, балки таълим, нашриёт, давлат бошқаруви, ахборот технологиялари ва кенг жамоатчилик учун ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Бугунги кунда компьютер орқали лотин ёзувига асосланган амалдаги алифбода матн яратишда oʻ, gʻ ҳарфларини ёзиш учун анчагина меҳнат ва диққат, вақт сарф этилади. Хусусан, toʻgʻri сўзини ёзиш учун клавиатура тугмаларини ўн беш марта босиш керак (ҳолбуки, сўз беш ҳарфдан иборат). Бу каби қийинчиликни фақат oʻ, gʻ ҳарфларини хато ёзиш орқалигина “четлаб ўтиш” мумкин. Тан олиш керакки, кўпчилик айни шу қийинчиликларни енгиш учун ҳам “хато қилиш”га мажбур бўларди. Зеро, киши муайян ишни имкон қадар тез ва осон битиришга интилади. Бироқ лотин ёзувига асосланган амалдаги алифбода қўлланилган oʻ ва gʻ ҳарфлари, шунингдек, sh ва ch ҳарф бирикмалари айни шу жиҳатдан вақт ва диққат ўғирлашга сабабчи бўлиб қолаётган эди. Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун айни шу муаммо ечими сифатида ҳаётимиздаги муҳим воқеалардан бири бўлди.
Мазкур қонун амалдаги Oʻ oʻ, Gʻ gʻ, Sh sh ва Ch ch шаклларини тегишлича Ö ö, Ğ ğ, Ş ş ва Ç ç ҳарфлари билан алмаштиришни назарда тутади. Ушбу таклифнинг асосий моҳияти ҳозирги ёзувда айрим товушларни ифодалаш учун қўлланаётган икки белгили, апострофли бирикмалар ўрнига яхлит ҳарфларни ёзув амалиётига жорий этиш ва шу орқали иш унумдорлигини ошириш ва миллий ёзувимизнинг рақамли технологиялар билан интеграциялашувига эришишдир. Бу ислоҳот натижасида ёзув ихчамлашади, ҳарфларнинг график яхлитлиги таъминланади ва ўзбек лотин алифбосининг амалий имкониятлари кенгаяди.
Лотин ёзувига асосланган амалдаги ёзувда қайд этилган матн бошқа ёзув тизимига (масалан, кирилл ёзувига) ўгирилганда Oʻ oʻ, Gʻ gʻ, Sh sh ва Ch ch каби ҳарфлар компьютер томонидан икки белги сифатида “ўқилади” ва шунга мос тарзда қайта ишланади. Чунончи, лотин ёзувига асосланган амалдаги ёзувда яратилган матн кирилл алифбосига ўтказилганда oʻ ҳарфи оъ тарзида, ғ ҳарфи гъ тарзида, sh, ch ҳарф бирикмаларини сҳ тарзида ўгирилади. Бу каби ҳолатлар ҳам лотин ёзувига асосланган амалдаги ёзув асосида яратилган матнларни компьютер дастурлари орқали қайта ишлашда анча-мунча муаммоли вазиятларни юзага келтирарди.
Амалдаги ёзувда sh ва ch бирикмалари ўзбек тилидаги муайян ундош фонемаларни ифодалайди. Ҳар бир товушни алоҳида ва яхлит ҳарф билан ифодалаш ёзувнинг график тузилишини соддалаштиради. Бунда товуш, фонема ва ҳарф тушунчаларининг ўзаро муносабатини ҳам ҳисобга олиш муҳим. Товуш нутқда талаффуз қилинади, фонема тил бирликларининг маъноларини фарқлашга хизмат қилади, ҳарф эса ёзувда тегишли фонемаларни ифодалайди. Шу жиҳатдан ислоҳот ўзбек тилидаги муайян фонемаларни ёзувда яхлит график бирликлар орқали ифодалашга, алифбонинг ички изчиллигини ва қулайлигини оширишга хизмат қилади.
Ёзувни такомиллаштиришга доир муҳокамаларда жорий даврга қадар яратилган манбалар билан ворисий боғлиқлик масаласи алоҳида ўрин тутади. Лотин ёзувига асосланган амалдаги алифбода яратилган китоблар, газета ва журналлар, илмий нашрлар, адабий асарлар ҳамда луғатлар халқимизнинг бой маънавий ва интеллектуал меросини ташкил этади. Янги график шакллар жорий этилиши бу меросдан фойдаланиш имкониятларини чекламаслиги, аксинча, мавжуд манбаларни сақлаш ва улардан фойдаланиш имкониятини бера олиши керак. Қонун орқали белгиланган янги шакллар бу борадаги талабларга жавоб беради. Хусусан, oʻ ва gʻ ҳарфларининг ö ва ğ шаклларига ўтказилиши шу жиҳатдан муҳим. Таклиф этилган янги белгилар аввалги ҳарфларнинг асосий график шаклини сақлайди: Ö ҳарфида О, Ğ ҳарфида эса G асос бўлиб қолади. Уларнинг фарқи қўшимча диакритик белгилар орқали ифодаланади. Шу сабабли бу ўзгаришлар мутлақо янги график тизимга ўтишни эмас, мавжуд ёзувнинг айрим унсурларини такомиллаштиришни англатади. Ҳарфларнинг шаклий яқинлиги аввалги ёзувда битилган матнларни таниш ва ўқишда катта қулайлик яратади. Шунингдек, sh ва ch бирикмаларини алоҳида ҳарфлар билан ифодалаш эски ёзувдаги матнлар мазмунини ўзгартирмайди. Бундан ташқари, кўпчиликнинг ушбу ҳарфларни яхши таниши, энди савод чиқарадиган ёшларнинг эса хорижий тилларни ўрганиш жараёнида sh ва ch ҳарф бирикмалари билан танишиши уларнинг аввалги ўзбек лотин ёзувида яратилган матнларни ўқишида қўл келади. Демак, янги график шакллар жорий этилиши ўзбек лотин ёзувига асосланган амалдаги ёзувда шу пайтгача яратилган адабиётлардан фойдаланиш имкониятини йўққа чиқармайди.
Шу билан бирга, oʻ ва gʻ ҳарфларини ёзишда апострофга ўхшаш белгилардан фойдаланиш билан боғлиқ техник муаммоларни бартараф этиш имконияти пайдо бўлади. Амалдаги ёзувда апостроф (’) ва ташқи кўриниши унга ўхшаш бошқа белгиларнинг турлича қўлланиши натижасида бир сўзнинг бир неча техник шакли юзага келарди. Масалан, ўрта сўзини ёзишда о дан кейин Unicode тизимида ‘ (U+2018), ʼ (U+2019), ʼ (U+0027), ʼ (U+0060), ´ (U+00B4), ˋ (U+02CB),
ˊ (U+02CA) каби бир қанча белгилардан исталганини фойдаланиш ҳисобига техник жиҳатдан турли “ҳарф”лар шакллантириларди. Бундай техник тафовутлар электрон қидирув, матнларни таққослаш, имло назорати, матнларни автоматик қайта ишлаш ҳамда электрон тил корпусларини шакллантириш жараёнларида муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради. Oʻ ва gʻ ҳарфларини мос равишда ö ва ğ шаклида ёзиш бу ҳарфлар таркибида апострофга ўхшаш белги ишлатиш заруратини бартараф этиб, ёзувнинг техник бир хиллигини таъминлашга ёрдам беради.
Oʻ ва Gʻ ўрнига Ö ва Ğ ҳарфлари қўлланиши мазкур муаммонинг ечими сифатида ҳар бир товуш алоҳида, ягона ва яхлит белги (ҳарф) билан ифодаланишига имкон беради. Бунда апострофга ўхшаш белгилар турлича қўлланилиши билан боғлиқ чалкашликлар йўқолади. Натижада ёзувнинг техник бир хиллиги, матн (сўз) қидириш ва қайта ишлаш қулайлиги ошади.
Бугунги кунда ёзув самарадорлиги унинг қоғозда қандай кўринишигина эмас, балки электрон муҳитда қай даражада мослашиши билан ҳам белгиланади. Қидирув тизимлари, электрон луғатлар, матн корпуслари, автоматик таржима, нутқни таниш ва сунъий интеллектга асосланган дастурлар стандартлаштирилган ёзувга эҳтиёж сезади. Бир товушни ифодаловчи икки ҳарфли бирикма ўрнига битта ҳарф қўлланиши матнларни транслитерация қилиш, сўзларнинг график тузилишини аниқлаш ва баҳолаш имкониятларини кенгайтиради.
Алифбони такомиллаштиришнинг яна бир муҳим жиҳати унинг қардош туркий тиллар ёзувлари билан муштараклигини таъминлашидир. Туркий дунё умумий алифбо комиссиясининг 2024 йил 11 сентябрда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган учинчи йиғилишида Умумтуркий алифбо (Common Turkic Alphabet) қардош туркий халқлар томонидан маъқулланган эди. Миллий алифбомизда ислоҳ этилаётган тўрт ҳарф ҳам мазкур алифбодаги тегишли шакллар билан бир хил. Бу эса Ö, Ğ, Ş ва Ç каби ҳарфлар туркий тилларнинг муштарак ёзувларидаги матнларни қиёслаш, умумий электрон ресурслар яратиш, тилшунослик тадқиқотларини баҳамжиҳат олиб бориш ва ахборот алмашинуви имкониятларини кенгайтиришга ҳам ёрдам беради.
Ёзувни такомиллаштиришнинг иқтисодий самараси эътиборга лойиқ. Ҳарф бирикмаларининг алоҳида график белгилар билан алмаштирилиши яратилажак матнлар ҳажми қисқароқ бўлишига имкон беради. Масалан, ўзбек лотин ёзувига асосланган амалдаги ёзув тизимидаги 14 шрифт ўлчамли 100 саҳифалик матнда sh, ch, oʻ ва gʻ шаклларини тегишлича ş, ç, ö ва ğ ҳарфлари билан алмаштириш натижасида матн ҳажми беш саҳифага қисқариши мумкин. Нашриёт-матбаа ишларида матн ҳажми қисқариши қоғоз ва бўёқ сарфини камайтиришга, шу асосда харажатларни тежашга хизмат қилади. Тежамкор технологиялар тобора муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда бу каби жиҳатлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Таклиф этилаётган ислоҳотнинг афзаллиги шундаки, у ёзув тизимининг барча унсурларини янгидан шакллантиришни эмас, балки жорий алифбодаги тўртта ҳарфнинг график ифодасини такомиллаштиришни назарда тутади. Шу боис, бу ўзгариш мавжуд ёзув тизимидан бутунлай воз кечиш дегани эмас. Аксинча, алифбонинг умумий график асосини сақлаган ҳолда айрим ҳарфларнинг ифодаланиш усулини қулайлаштиришга қаратилган. Бундай ёндашув аввалги даврда яратилган ёзма манбалар ва адабиётлардан фойдаланишни давом эттириш, шу билан бирга, янги ёзув шаклларини амалиётга жорий этишга йўналтирилган.
Хулоса қилиб айтганда, Oʻ oʻ, Gʻ gʻ, Sh sh ва Ch ch шаклларини Ö ö, Ğ ğ, Ş ş ва Ç ç ҳарфлари билан алмаштиришни назарда тутувчи қонун ўзбек лотин ёзувининг график ихчамлигини ошириш, апостроф билан боғлиқ техник ноқулайликларга барҳам бериш, электрон матнлар яратиш ва уларни қайта ишлашни енгиллаштириш, нашриёт жараёнларида ресурсларни тежаш ва қардош туркий тиллар билан ёзув муштараклигини кучайтириш каби қатор имкониятлар реаллашишига йўл очади.
Миллий ёзувни такомиллаштириш тилимизнинг бугунги эҳтиёжларига жавоб бериш билан бирга унинг келажакдаги тараққиёти учун мустаҳкам асос яратиш демакдир. Шундай экан, ўзбек лотин алифбосини такомиллаштириш масаласига тарихий мерос, миллий манфаатлар ва замонавий технологиялар уйғунлиги нуқтаи назаридан қараш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва ёзувимизни янада қулай, изчил ҳамда рақамли муҳитга мос тизимга айлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланиши лозим.
Абдуманнон ҲАСАНОВ,
ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти
директори ўринбосари,
филология фанлари доктори