“Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда: тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўлмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда. Ҳолбуки, собиқ мустабид тузум даврида “тепа”дан буйруқ бўлмаса, бир қадам босишга ҳам ҳаққимиз йўқ эди. Аҳвол шу даражага етиб борган эдики, уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади. Мактаб болаларини ҳам пахтага ҳайдадик. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ўз даврида чуқур дард ва изтироб билан “Миллион эгатларга сочилган ўзбек”, деб ёзганидек, юз йил эгилиб пахта тердик.
Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Мана, уч йилдан буён улар бу машаққатдан қутулди...”
Президент Шавкат МИРЗИЁЕВнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсидан (2021 йил 17 август. 165-сон).
Юқорида келтирилган иқтибоснинг давоми – кейинги хатбошидан ўқиймиз:
“Афсуски, мамлакатимизда тезлик билан ҳал этиш керак бўлган ўткир муаммолар бошқа соҳаларда ҳам йиғилиб қолган эди. Ҳаммаси жойида, деган кайфият билан уларни билиб-билмаганга, кўриб-кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юравериш ҳам мумкин эди. Лекин бу ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат бўларди.
Очиқ айтмоқчиман: менинг табиатим бундай сохта ҳаётни мутлақо қабул қилолмайди. Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир. Мен миллионлаб инсонларнинг тақдири учун масъулиятни зиммамга олган эканман, ислоҳотлар борасида бошқача йўл тутишим, ҳаммасини аввалгидек қолдиришим асло мумкин эмас”.
Ҳурматли ўқувчидан шу ўринда озроқ “лирик чекиниш”га изн беришини хоҳлардим.
Президент ҳар доим қатъий тарзда ўз маърузалари, суҳбат ва мулоқотларида, муҳаддис боболаримиз, улуғ алломаларимизу жадидлар ва шоирларимиздан муттасил иқтибослар келтириши кексаю ёш элдошларимизга ҳамиша марғуб ва маъқул келганки, бу нозик ҳикматпешалик давлат раҳбарининг юксак маърифатию халқпарварлигидан далолат беради. Мазкур суҳбатда ҳам ҳазрат Алишер Навоий, Соҳибқирон Амир Темур, Имом Бухорий бобомиз, устозларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлардан тамсиллар келтирилган. Ва бу иқтибослар ўз жойида, мавриди ва нуқтасига келганда донишмандона ишлатилганлиги билан ғоят қадрлидир.
Шу ўринда Алишер Навоий бободан узр сўраган ҳолда айтмоқчиманки, суҳбатнинг устозларимизнинг номлари ва сатрлари тилга олинган бандларига келганда, рости гап, хаёлларим алғов-далғов бўлиб, шундай азиз сиймоларнинг бу кунларни кўролмай армонда кетганини ўйладим. Ҳолбуки, унча кўп вақт эмас – нари-бериси билан бор-йўғи беш йил аввал бу устозларимиз тирик эдилар. Кечагидек ёдимда: Эркин ака боқий дунёга сафар этган, Абдулла ака тоби йўқ, Америкага муолажага отланаётган паллалар, самолёт кечқурун учадиган кун, биз “Адабиёт ва санъат” газетасини чиқараётган тиғиз бир пайтда Абдулла ака телефон қилиб қолди. Салом-аликдан сўнг, газетага буюрган мақола тайёр бўлганини билдиргач, сал-пал ҳансираган ҳолатда, бўғиқ товушда шундай деди: “Мен энди бугун учиб кетаман... Тирик қайтаманми йўқми буни Худо билади. Энди замон мутлақо янги замон бўлади. Шуни билингларки, эски давр бошқа қайтиб келмайди. Янги давр, янги замон бўлади. Шу янги замоннинг қадрига етинглар, ҳушёр бўлинглар. Шу замоннинг минбарини эҳтиёт қилинглар, пок сақланглар...”
Тамом-вассалом! Бор гап шу. Бир ой-бир ярим ой ўтар-ўтмас, Америкадан дилларни ларзага солган нохуш хабар келди... У пайтлар, ҳозиргидек шарт-шароитлар йўқ, лекин мамлакат Раҳбари сифатида Шавкат Миромонович шахсан ўзлари назоратга олиб, бор халқаро расм-русумлар, қонун-қоидаларни енгиллаштириш ва тезлаштириш чораларининг қисқа муддатда амалга ошириш ишларидан тортиб то устознинг жасадини Ўзбекистонга олиб келгунга қадар, дафн маросимию барча ташкилий ишларга бош-қош бўлгани – кечагидек кўз олдимизда турибди. “Америка – сеҳрли диёр, Ухлар эди Колумб ҳам ҳали, Денгиз ортин ёритди илк бор, Берунийнинг ақл машъали”, дея куйлаган миллатнинг улуғ шоири ана шундай “сеҳрли диёр”да мангу уйқуга кетиб, мангу уйқуга чўмганча уммонлар, океанлар оша ўз она Ватанига қайтиб келди.
Орадан ўтган салкам беш йиллик муддатдан кейин ҳозирги кенг ва қулай имкониятлар даврига кўникиб қолганимиз боис юқорида келтирилган дардли-аламли манзараларга “Наҳотки шундай бўлган бўлса?” дея ишонгингиз ҳам келмайди. Лекин... Абдулла ака Миллат шоири эди, Ўзбекистон Қаҳрамони, Давлат мадҳиясининг муаллифи эди. Ва шундай шоирни давлат Раҳбари сифатида ҳам, шу халқнинг фарзанди сифатида ҳам Президент юксак қадрлар ва ҳурмат қиларди. Шу юксак эҳтиромга яраша мамлакатда биринчилардан бўлиб устоз номидаги Ижод мактабининг очилишию, Адиблар хиёбонида ҳайкали ўрнатилишигача – барча эҳтиромлар бажо келтирилди. Бундай амалий ишлар устоз Эркин Воҳидов ва бошқа марҳум шоир-ёзувчиларимиз хотираси учун ҳам бекаму кўст ўз вақтида адо этилдики, азим пойтахтнинг қоқ марказида Алишер Навоий бобомизнинг қиблага қаратиб ўрнатилган муаззам ёдгорлик мажмуаси мутаносиблигида ўхшаши йўқ яхлит Адиблар хиёбони вужудга келди.
Салкам бир аср бошпанасиз, катта идораларнинг қош-қовоғига қараб, ижарама ижара хору зор, Ватан ичра беватан “номи улуғ – супраси қуруқ” бўлиб келган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг оқ чиннидай ярқираб турган кўркам биноси ҳам исми жисмига лойиқ ва муносиб ушбу Адабиёт бўстони ичра барқарор ватанли бўлди.
Ёки, яна бир ҳаётий мисолга мурожаат қиладиган бўлсак, Президент, бир пайтлар вилоятнинг биринчи раҳбари сифатида ўзлари ташаббускор бўлиб ташкил этган, юзлаб, минглаб ёш истеъдодларнинг орзу-умидларига айланиб қолган, қалбларига сурур ва ғурур бағишлаган Республика ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинар кенгашининг ўз мавқеи ва мақомига қайтарилиши – мамлакат ижтимоий-адабий ҳаётида, айниқса мамлакатнинг кўп сонли ёш ижодкорлари – азиз ука-сингилларимиз юрагида кенг акс садо берди.
Бу – масаланинг амалий томони. Унинг маърифий-тарбиявий жиҳатлари, айниқса, беқиёс. Оқ кабутарлар мисол, вижир-вижир қалдирғочлар янглиғ қатор-қатор ёш истеъдодларнинг қувончу севинчларини, Ўриклисой жилғаларидай мавж урган тошқин ва шошқин бир дунё орзу-ҳавасларини кўриб сизнинг ҳам ҳавасингиз келмай иложи йўқ. Адабиёт боғининг бу навниҳоллари, эҳ-ҳе, ҳали улғайиб, одам бўлади, юрт сўрайди. Президент катта умид ва ишонч билан қайта-қайта таъкидлагандай, адабиётимизнинг яқин келажагидаги Ойбеклари, Ҳамид Олимжону Зулфиялари, Ибройим Юсуповлар, Тўлепберген Қаипбергенов билан Эркин Воҳидову Абдулла Орифлари, насиб этса, мана шу ёш истеъдодларнинг тўзмас ва мустаҳкам қаторида камол топаётганига шак-шубҳа йўқ. Бу эътибор ва эъзозлар илк ҳосилини дастлабки меваларини бераётгани адабий жамоатчиликка ҳам, кўпчилик адабиёт мухлисларига ҳам яхши маълум.
Президент мисол келтирган, устозимизнинг бир сатр шеъри атрофида мен нима учун бунча узоқ тўхталдиму, нима сабабдан тафсилотларга бу қадар кўп ва кенг ўрин бердим, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Бир замонлар алам ва армон билан “Мулки Ҳинду Марвдин келсам топардим эътибор. Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонаман...” дея изтироб чеккан Мавлоно Муқимийнинг ва ё Фурқат бобонинг дарду ҳасратлари билан бу жабрдийда зотлардан юз йил кейин яшаган, XXI асрни ҳам кўрган, мустабид тузумнинг ҳам, истиқлол даврининг ҳам дастлабки йигирма-йигирма беш йиллик бор дарду аламларини юрак-юрагидан ўткизган, “Чекибдур Бобуру Фурқат Ватан ҳажрида афғонлар, Мен эрсам, ваҳ, не ғурбатким, Ватанда беватан бўлдим” дея оҳу нола қилган устоз Эркин Воҳидов ва ёки “Халқим, мозий ўтди, толе кўрмадинг, Пиширдинг ўзингга бенасиб таом, Кийгиздинг бировга, ўзинг киймадинг, Юлдузни кашф этиб ном олдинг – авом!” дебон фиғони фалакка етган устоз Абдулла Ориповнинг ўтли-армонли сатрлари ўртасида ёки бошқа-бошқа асрлар ва сиёсий тузумларда яшаган бу шоирларнинг тирикликдаги аччиқ қисматлари ўртасида бирор-бир фарқ ё ўзга мазмун йўқ деб ўйлайман. Бу нолакор шеърлар аро буюк бир халқнинг, миллатнинг асрлар бўйи таҳқирланган, хўрланган тақдири тутаб, чинқириб ётибди. Ушбу дарду аламлар силсиласига Ойбек домланинг “...йиғлар юрагимда Ватаним...” ёки Миртемир домланинг “Армонли куйчиман...”, “Ўзбекистон тонгларини бедор кутган кўзларим”, “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени, Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим”, ёхуд бир замонлар “Оқ олмалар” китобчаси билан “Онагинам, дориломон кунлар келди, шафақлари ол” дея оқ-оппоқ орзу ниятлари билан шеъриятимизга бир олам баҳорий нафасларни олиб кирган ўтнафас шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг “Йиқилган байроқдек кўтариламан...” сингари сатрларини қўшиб кўрсангиз, давлат раҳбари ўз суҳбатида тилга олган “собиқ мустабид тузум” манзаралари беш панжадай аён бўлади қолади...
Алам қиладигани, истибдод замонида, ўша миллион-миллион элатлар ичра эгилган миллион-миллион халқ фарзандлари орасида буюк миллатнинг не-не бўлажак Алишерларию Бобурлари безгакка чалиниб умри хору зорликда ўтди. Дунёга икки Буюк Уйғониш даврини берган улуғ ва маърифатли бир элнинг не-не Бухорийлару Термизийлари, қанча-қанча Хоразмийларию Самарқандийлари, не-не жаҳон чемпионларию фазогиру оламгир фарзандлари рўшнолик кўрмай, умри-ҳаёти сил бўлган ғўзабарглардай ўша ғариб ва нурсиз пайкалларда тақдир-насибалари поймол бўлди.
Болалик манзараларидан бир шеърий иқтибос:
Ў, пахтазор! Кундалигим ҳали сендадир,
Саводимнинг таржимаи ҳоли сендадир.
Кеч кузгача доскаларда қолиб кетган сентябр,
Сентябр, сентябр, сен гапир!
Ўн икки минг эгатларда мени ахтариб
Қолиб кетди ёзилмаган мурғак байтларим.
Пахта! Пахта! Бутун фикру хаёллар – пахта,
Лабимизда қотиб қолган саволлар – пахта.
Муаллимлар пахта дерди, шофёрлар – пахта!
Пахта дерди йўллардаги шиорлар – пахта...
Шунда эди келажак ҳам, ёзмиш ҳам шунда,
Тақдир деб сўнг бир умрга нолиш ҳам шунда.
Диёримнинг даҳолари, чемпионлари,
Зукко, оқил арбоблари, билимдонлари.
Шунда эди Худолари она тилимнинг,
Шунда эди паноҳлари куйган элимнинг.
Эҳ қанчаси қолиб кетди пахтазорларда,
Хазон бўлди, сўлиб кетди пахтазорларда.
Устозларимиз “Шоирман, бўйнимда шеърнинг гуноҳи” деганларидай, юқоридаги эзгин лавҳаларни мисол келтиришимизнинг боиси – бу бизнинг болалигимиз, миллион-миллион ўзбекларнинг болалиги. Президент қачонки шу мавзуни ёдга олиб, “эгилиб чигит экдик, эгилиб пахта тердик, лекин косамиз оқармади”, дер эканлар, бизнинг қатори авлод кўз ўнгида шу мунглуғ манзаралар гавдаланиб, жонланиб келаверади, келаверади...
Президентнинг интервьюси ҳали газетада чоп этилмасдан уч-тўрт кун аввал, августнинг ўн учинчи кунида Токио олимпиадасида иштирок этган спортчилар ва уларнинг мураббийлари билан бўлган учрашуви, мазкур олиймақом анжуманнинг музаффар ва тантанавор руҳи, давлат раҳбарининг нечоғли ғурур ва ифтихор билан ўғил қизларимизни муборакбод этиб, қутлаганлари, ушбу маросимдаги ғолибона ва ғурурбахш манзараларнинг юксак тарбиявий аҳамияти шунчалар беқиёс ва кенг қамровли бўлдики, бу таассуротларни ҳаяжонланмасдан, кўзларга ёш қалқимасдан шунчаки ифодалаш қийин.
Ўша оқшом миллион-миллион ўзбек хонадонларида ота-оналар, фарзандлару дилбандлар, азиз ўғил-қизларимизнинг қалбида, кўнгилларида не-не орзу-умидлар уйғонмади дейсиз? Не-не юраклардаги ниятлар, насиб этса, камол топиб, халқимизнинг шаъну шавкатини олам аро бунданам кенгроқ ёйишларига ишонч ва қатъият янада мустаҳкамланди десам, муболаға қилмаган бўламан. Бу энди бошқа манзаралар. Бошқа болалик, бошқа – мутлақо янги замон фарзандларининг болалигию, юқорида айтганимиз, Янги замоннинг асал-қанд мевалари – фарзандларимиз, дилбандларимиз. Уларга, уларнинг кўркам қадду қоматларию ғайрат-шижоатига фақат ҳавас қилиш мумкин. Шукроналик билан ҳавас, ҳавас, ва яна ҳавас қилиш мумкин. Сурхон воҳасидан бахтиёр бахшимиз кўкси оҳанг ва наволарга тўлиб келаркан “Омон, омон, қандингни ур Янги замон...” дея дўмбирасига кун бермайин чертаркан, бу терманинг кейинги сатрида келадиган уйқаш-қофиядош сўзларни ўзингиз илғаб оласиз деб ўйлайман...
Суҳбат-интервьюнинг муқаддима қисмида ҳазра Алишер Навоий бобомиздан келтирилган иқтибос, ундаги “Наврўз” – яъни янги, янги кун зиммасига юклатилган умуммиллий – умумбашарий юкнинг қанчалар залворли ва оғирлигини, айни пайтда бедор ва беором қалб, бир миллат Раҳнамосининг орзу-мақсадлари эканини, айни пайтда шу Буюк Бедорликнинг бутун миллатга – салкам ўттиз беш миллионлик Ўзбекистон халқига дахлдорлигию ҳар биримизнинг ҳаёт-мамот, ёинки, ҳаёт-нажот ишимизга айланмоғи бўйича дастурий даъватнома, шоирона ташбеҳ билан айтганда эса дастурий давлатномадир.
“Такрор айтаман, – дейдилар Президент, – олдимизда турган ишларнинг барчасини ўзимиз, ўз кучимиз билан қилишимиз керак, ҳеч ким четдан келиб, биз учун биронта муаммони ҳал қилиб бермайди.”.
Алишер Навоий бобомизнинг “Ўз вужудингға тафаккур айлагил, Ҳар не истарсен ўзингдин истагил” байтларига қиёсан фикрлайдиган бўлсак, Президент зиммасидаги Бурч ва Масъулият залворини ҳар биримиз ўзимизнинг, – Ватанимиз, ота-онамиз, ука-синглимиз, туғишган оиламиз, ўғил-қизимизнинг олдидаги Бурч ва Масъулият сифатида қабул қилмоғимиз, қалбимиз, жисму жонимиз, жону жаҳонимиз ила бир умр, бутун умр шу эътиқодга бахшида бўлиб яшамоғимиз талаб этилаётир...
“Бу ҳаётда нимага, қандай ютуқларга эришган бўлсак, уларнинг барчаси мунис ва меҳрибон оналаримиз туфайлидир. Шунинг учун биз хотин-қизларимиз олдида доимо қарздорлик ҳисси билан яшаймиз. Уларга ҳар қанча меҳр ва эътибор кўрсатсак, арзийди.”
Президент алоҳида меҳр билан тилга олган аёлларимиз, айниқса оналаримиз олдидаги қарздорлик туйғуси бугун ижтимоий ҳаётимиз, давру замон олдидаги, Ватанимиз, мамлакатимиз миқёсидаги – оддий маҳалладан бошланиб, янги-янги шаҳру қишлоқларимиз, йўллар ва кўприклар, янги-янги иншоот ва мактаблар, билим даргоҳлари тимсолидаги Янги Ўзбекистонимизнинг мазмун ва моҳияти ила бир мужассамликда намоён бўлмоқда.
Бундан бир юзу ўн беш йил аввал ўтган, зулму ситам, дарду аламни ҳам обдон бошдан ўткарган маҳзун шоирамиз, Қўқон адабий муҳитининг нозиктаъб намояндаси бу ёруғ дунёда бор-йўғи ўттиз олти йил умр кўрган биби Анбар Отин шундай башоратли сатрларни ёзиб қолдирган экан:
Келиб хушнуд авлодим,
маним мулким қилур обод,
Бу вайрон диёримда
шаҳарлар айлагай бунёд.
Мулкимизни обод айлаб, шаҳарлар бунёд этаётган мана шундай хушнуд ва шижоатли авлодлар даври – Янги Ўзбекистон замони барча замондошларимизга муборак бўлсин деймиз.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири