Мазкур ҳолат миллий ҳисоблар кўрсаткичларини халқаро услубиётларга мувофиқлаштиришнинг долзарб масала эканлигини кўрсатади.

Миллий ҳисоблар тизими (МҲТ) иқтисодий фаолият натижаларини ифодаловчи ҳисоблар ва жадвалларнинг муайян тўплами шаклида тузилган, ўзаро боғлиқ статистик кўрсаткичларни ўзида акс эттирадиган халқаро услубият бўлиб, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларини ўрганишга хизмат қилади.

МҲТнинг назарий асослари вужудга келиши ҳамда ривожланиши кўп йиллик тарихга эга. Унинг халқаро миқёсда тан олинган биринчи стандарти “МҲТ–1953” ҳисобланади. Ушбу қўлланма 1968, 1993 ва 2008 йилларда янгиланиб, такомиллаштирилди. “МҲТ-2008” халқаро стандарти 2009 йилда БМТ Статистика комиссиясининг 40-сессиясида қабул қилиниб, ушбу қўлланмада бир қатор муҳим иқтисодий жараёнларнинг статистик кўрсаткичларда ифодалаш услубияти такомиллаштирилган.

Дунёда МҲТнинг жорий этилиши

Бугунги кунда ривожланган давлатларнинг аксарияти миллий ҳисоблар кўрсаткичларини БМТ ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг
“МҲТ-2008” халқаро стандарти қоидаларига мослаштирмоқда. ХВЖ маълумотларига кўра, унга аъзо бўлган 193 мамлакатдан биттаси “МҲТ–1968”, 56 таси “МҲТ–1993”, 136 таси “МҲТ–2008” халқаро стандарти қоидалари асосида миллий ҳисоблар кўрсаткичларини шакллантириб келмоқда.

МДҲ давлатларнинг эса 5 таси “МҲТ–1993”, 6 таси “МҲТ–2008” халқаро стандарти қоидалари асосида миллий ҳисоблар кўрсаткичларини юритади.

Ўзбекистонда жараён қандай кечмоқда?

Ўзбекистон миллий статистика амалиётига МҲТ халқаро услубиятини жорий қилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йилдаги 433-сонли қарорига асосан бошланган бўлиб, Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони, 2019 йил 9 апрелдаги “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 3 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари МҲТни статистика амалиётига кенг жорий қилишни янада жадаллаштиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

2017–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси) томонидан миллий ҳисоблар кўрсаткичларини ҳисоблаш услубиятлари “МҲТ–2008” халқаро стандарти қоидаларига мувофиқлаштирилди ҳамда улар асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

МҲТ, давлат молияси статистикаси ва тўлов баланси кўрсаткичлари ўзаро мувофиқлаштирилди. Бунда ЯИМ ҳисоб-китобларини давлат молияси статистикаси ва тўлов баланси маълумотларига мувофиқ равишда амалга ошириш ва қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш йўлга қўйилди. Ушбу ҳисоб-китоблар асосида ЯИМ ва у билан боғлиқ макроиқтисодий кўрсаткичларнинг 2010 йилдан йиллик ва 2017 йилдан чораклик динамик қаторлари шакллантирилди ва эълон қилинди.

ЯИМни дискрет асосида ҳисоблаш тажрибасини жорий этиш орқали чораклик миллий ҳисоблар жорий этилди. Бу орқали уч ойлик миллий ҳисобларни олиб боришнинг махсус тартиб жорий этилди.

“Ресурслар ва ишлатилиш” жадвалларини тузиш тажрибаси такомиллаштирилди. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркибини ўрганиш мақсадида 23 турдаги саволномалар тузилди ҳамда 2020 йилнинг май-август ойларида республиканинг барча ҳудудларида жами 31 минг 961 та хўжалик юритувчи субъектлар (номолиявий корхоналар, банклар ва суғурта ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари)ни қамраб олган ҳолда танланма кузатувлар ўтказилди.

Кузатув натижаларига кўра, аниқланган “Харажатлар – ишлаб чиқариш”нинг янгиланган коэффициентлари асосида 2019–2020 йиллар учун “Ресурслар ва ишлатилиш” жадваллари шакллантирилиб, фойдаланувчиларга тақдим этилди.

2020–2021 йиллар давомида ХВЖ ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг миллий ҳисоблар статистикаси бўйича техник кўмак миссиялари доирасида “Ресурслар ва ишлатилиш” жадвалларини тузиш тажрибаси такомиллаштирилди. Натижада амалдаги 81 та тармоқ ва 81 хил  маҳсулот кўрсаткичлари 143 та тармоқ ва 143 хил маҳсулотлар кесимига етказилди.

Халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда “Ресурслар ва ишлатилиш” жадвалларини тузиш амалиётини такомиллаштириш мақсадида “Товарлар
ва хизматлар ресурслари ва ишлатилиши жадвалларини тузиш бўйича услубий низом” ишлаб чиқилди.

Статистик кўрсаткичлар ҳисоб-китобларига халқаро таснифлагичлар жорий этилди. ЯИМни якуний истеъмол усулида ҳисоблашда давлат бошқаруви органларининг истеъмол харажатлари “Давлат бошқаруви органлари функцияларининг таснифи” бўйича шакллантирилди.

Якуний истеъмол усулида ҳисобланадиган ЯИМ таркибида уй хўжаликларининг истеъмол харажатлари кўрсаткичини “Мақсадлар бўйича индивидуал истеъмол таснифи” асосида юритиш йўлга қўйилди.

Капитал билан операциялар ҳисоби “Асосий фондлар таснифлагичи”ни жорий қилиш орқали такомиллаштирилди. Активларнинг турлари бўйича таснифлаш амалга оширилди.

Уй-жой эгалари томонидан ўз истеъмоли учун ишлаб чиқарилган яшаш хизматларини баҳолаш “МҲТ-2008” халқаро услубиятига мослаштирилди ва бу йўналишда услубий низом тайёрланди. Ўз уйида яшаш бўйича шартли хизматларни қўшган ҳолда, ЯИМ ва у билан боғлиқ макроиқтисодий кўрсаткичлар йиллик даврийликда 2010 йилдан ва чораклик даврийликда 2016 йилдан қайта ҳисобланди.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётнинг ривожланишини баҳоловчи статистик кўрсаткичлар тизими ишлаб чиқилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги)нинг “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиёт статистикасини юритиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ахборот иқтисодиёти ва электрон тижорат йиғма кўрсаткичлар тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қўшма қарори имзоланди. Ушбу қарор билан “Ахборот иқтисодиёти ва электрон тижорат” йиғма кўрсаткичи ҳамда унинг таркибига кирувчи фаолият турлари рўйхати тасдиқланди.

“Ахборот иқтисодиёти ва электрон тижорат соҳаси бўйича ялпи қўшилган қиймат ҳажмини ҳисоблаш тартиби” ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.

Мазкур жараёнларнинг якуний босқичи сифатида молиявий воситачилик хизматлари ҳисоб-китоблари “МҲТ–2008” халқаро услубияти талаблари асосида ХВЖ ва ОТБ экспертлари тавсиясига мувофиқ, соҳада  “Билвосита ўлчанадиган молиявий воситачилик хизматлари ишлаб чиқаришини ҳисоблаш бўйича услубий низом” асосида 2017–2022 йилларда амалга оширилди.

Мазкур хизматлар ҳажми “МҲТ–1993” услубияти бўйича молиявий воситачилар томонидан олинган ва тўланган фоизлар ўртасидаги фарқ сифатида ҳисобланган ҳамда шартли тармоқнинг оралиқ истеъмоли сифатида бошқа хизматларга қўшган ҳолда акс эттирилган.

“МҲТ–2008” услубияти бўйича эса молиявий воситачилик хизматлари ҳажми кредит (депозит)ларнинг фоиз ставкалари ва базис ставкаси (кредитлар ва депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси) ўртасидаги фарқни ҳисобот давридаги кредит (депозит)ларнинг ўртача қолдиғига кўпайтириш орқали институционал секторлар кесимида ҳисобланди.

Мазкур услубият бўйича молиявий воситачилик хизматлари ҳажми иқтисодий фаолият турларининг оралиқ истеъмоли ҳамда уй хўжаликларининг якуний истеъмолига тақсимланди.

Ушбу услубиятнинг жорий этилиши натижасида 2021 йил учун номинал ЯИМ ҳажми 734,9 триллион сўмдан 738,4 триллион сўмга (0,5 фоизга) ошди ва ЯИМнинг реал ўсиш суръати ўзгармади (7,4 фоиз сақланиб қолди).

Олдинда турган асосий  вазифалар

Ўзбекистон статистика соҳасида МҲТни такомиллаштириш бўйича келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар қуйидагилардан иборат:

– ЯИМни доимий нархларда ҳисоблаш услубиятини янада такомиллаштириш (базис йилининг ўртача нархларида ҳисоблаш ва икки ёқлама дефляция қилиш усулини жорий қилиш);

– “харажатлар ва ишлаб чиқариш” жадвалларини доимий нархларда баҳолаш амалиётини жорий этиш;

– халқаро таққослаш дастурининг навбатдаги глобал босқичида иштирок этиш;

– кузатилмайдиган иқтисодиётни баҳолаш амалиётини халқаро тавсиялар асосида такомиллаштириш;

– МҲТ соҳасида кадрлар салоҳиятини янада ошириб бориш.

Қайд этилган асосий йўналишлар бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, қўйилган вазифаларни тўлиқ бажариш натижасида МҲТ кўрсаткичлари сифати ва шаффофлиги яхшиланишига эришилади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз миллий иқтисодиётини янада кенгроқ тавсифлаш, макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисоб-китобларини халқаро услубиятга мувофиқлаштириш орқали статистик кўрсаткичларнинг таққослаш даражасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётини акс эттирувчи кўрсаткичларнинг хорижий инвесторларга янада тушунарли бўлиши ҳамда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ва халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш каби ижобий натижаларга эришиш имконини беради.

Баҳодир БЕГАЛОВ,
 Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

 Статистика агентлиги директори,

 иқтисод фанлари доктори,  профессор