Президент тақдим этган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат бўлиб, у 5 йил аввал қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасида амалга оширилган муваффақиятли ислоҳотларнинг узвий давоми эканлиги билан аҳамиятлидир.
Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг учинчи йўналиши – миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш йўналиши бўйича белгиланган устувор вазифаларни Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари доирасида бошланган ислоҳотларнинг давоми сифатида баҳолаш мумкин. Ўз ўрнида шуни ҳам айтиш жоизки, самарали амалга оширилган ислоҳотлар навбатдаги муваффақият дебочасига гаровдир.
Асосий мақсад – аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини ошириш
2022–2026 йиллардаги устувор вазифа сифатида, айнан иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш орқали аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини ошириш кўзда тутилганлигида ҳам ўзига хос маъно бор.
Ўтган 5 йил, яъни 2017–2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида саноатнинг етакчи тармоқлари (тўқимачилик, электротехника, автомобил саноати, қурилиш материаллари саноати, кимё ва нефт-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, энергетика каби тармоқлар)ни ривожлантириш стратегиялари қабул қилинди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш, хусусан пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмасини бекор қилиш орқали ишлаб чиқаришда иқтисодий самарадорлик ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар манфаатдорлиги оширилди.
Ўз навбатида, ҳудудларнинг иқтисодий потенциалини ошириш мақсадида эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди, мазкур зоналарга хорижий инвесторларни жалб қилиш учун тегишли имтиёз ва преференциялар тақдим этилди.
Етакчи тармоқларга ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилиб, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур инфратузилмалар барпо этилди. Йирик ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган инновацион технопарклар ташкил этилиб, уларда замонавий илм-фан ютуқлари орқали яратилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда туризм соҳасини тубдан ислоҳ қилиш орқали сайёҳлик инфратузилмаси ривожлантирилди, сайёҳлик хизматлари таркибининг (зиёрат туризми, тиббий туризм, кино туризми ва ҳ.к.лар) яна ҳам кенгайтирилиши натижасида мамлакатнинг сайёҳлик потенциали йилдан йилга ошиб бормоқда.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига мувофиқ, 2022–2026 йилларда юқорида таъкидлаб ўтилган йўналишларда амалга оширилган ислоҳотларни самарали давом эттириш, мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада ошириш, 2030 йилга бориб эса, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш мақсад қилинган.
Бунга эса, ўз навбатида, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантириш орқали эришиш кўзда тутилган.
Ўз ўрнида айтиш лозимки, иқтисодиётдаги етакчи тармоқларнинг самарали ва жадал ривожланиши мамлакатдаги ЯИМ ҳажмининг ортиши ва шу орқали аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмининг ошишига ҳам олиб келади.
Инфляция даражасини пасайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш
Қайд этиш муҳимки, 2017 йилда бошланган иқтисодиётни либераллаштириш ва бозор механизмлари ролини оширишга қаратилган энг муҳим иқтисодий ислоҳотлардан бири, бу миллий валюта алмашув курсининг бозор механизмлари асосида шаклланиш тамойилларини жорий этиш орқали ички валюта бозорини босқичма-босқич либераллаштирилиши билан боғлиқ амалий қадамлар бўлди.
Шу билан бирга, пул-кредит (монетар) сиёсати соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан тўлов тизимлари ривожлантирилди, чет эл валютасини чекловсиз сотиб олиш имкони яратилди, нақд пул муаммоси ҳал этилди, узлуксиз ишловчи автоматлаштирилган банкоматлар фаолияти йўлга қўйилди. Ташқи савдонинг либераллаштирилиши натижасида ташқи савдо ҳажми ҳам жадал ошиб бормоқда.
Валюта ва ташқи савдонинг либераллаштирилиши, иқтисодиётга бозор механизмлари тамойилларининг жорий этилиши, нархларнинг эркинлаштирилиши ва шу билан боғлиқ бошқа ислоҳотлар ортидан мамлакатда ички нархлар барқарорлигини таъминлаш, инфляцияни паст даражада ва барқарор ушлаб туриш устувор вазифа сифатида олдинга чиқди.
Шу боис, Тараққиёт стратегиясида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш навбатдаги вазифа сифатида белгиланди. Зеро, мамлакатда ички нархлар барқарорлигининг таъминланиши макроиқтисодий ва ижтимоий барқарорликнинг кафолати ҳисобланиб, бу эса, ўз навбатида, иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда ривожлантириш дастурларини муваффақиятли амалга оширишда зарур мезон саналади.
Алоҳида эътироф этиш жоизки, инфляциянинг паст ва барқарор кўрсаткичлари, иқтисодий ўсишдаги мувозанатни таъминлаш, ишлаб чиқариш рақобатбардошлиги ва аҳоли яшаш даражасини оширишда муҳим омил саналади. Шу нуқтаи назардан, нархлар ўсиш суръатларининг пасайиши ва барқарорлашиши давлат иқтисодий сиёсатининг асосий мақсадларидан бири бўлиши лозим.
Фискал барқарорликни таъминлаш
Ўтган 5 йил ичида Ўзбекистоннинг фискал соҳадаги сиёсати тубдан ўзгарди, хусусан бюджетнинг шаффофлиги ва очиқлиги таъминланди, солиққа тортишни соддалаштириш ва такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш юзасидан бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шунингдек, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш тизими такомиллаштирилди, бунда Олий Мажлиснинг бюджет жараёнидаги роли ва ўрни оширилди, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ваколатлари кенгайтирилди, «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси ишга туширилди.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикасининг суверен халқаро облигациялари чиқарилиб, ундан тушган маблағлар мамлакат фаровонлиги йўлида стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилди.
Тараққиёт стратегиясига мувофиқ, 2022–2026 йилларда Ўзбекистонда бюджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш вазифасига устуворлик берилмоқда. Сабаби, мамлакатда фискал дефицитнинг ортиб бориши ва ташқи қарзларнинг халқаро даражада белгиланган меъёрлардан ошиб кетиши, албатта миллий иқтисодиётга хавф туғдириши мумкин.
Шунингдек, мазкур стратегияда бюджет маблағларининг самарали сарфланишини таъминлаш мақсадида маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган.
Фискал соҳада белгиланаётган мазкур устувор вазифалар аввалги ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланиб, бу бир томондан бюджет даромадларини оқилона шакллантиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, бюджет харажатларининг самарали сарфланишига сабаб бўлади, пировард натижада эса, мамлакатда иқтисодий фаоллик ортиб макроиқтисодий барқарорлик таъминланади.
Хулоса ўрнида
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида келгуси беш йилликда мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантириш борасида бир қатор стратегик вазифалар белгиланган. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, бизнес муҳити ва зарур инфратузилмаларни яратиш бўйича ислоҳотларни давом эттириш, камбағалликни икки баробар қисқартириш, ҳудудларни ривожлантириш ва аграр соҳани ривожлантиришга оид вазифаларга алоҳида аҳамият берилган.
Мазкур вазифалар Ҳаракатлар стратегияси доирасида самарали амалга оширилган ислоҳотларнинг узвий давоми ёки бошқача айтганда, янги муваффақиятнинг бошланиши бўлиб, у мамлакатнинг иқтисодий фаровонлигини ва бошланган ислоҳотлар самарасини янада оширишга хизмат қилади.
Фурқат Юнусов,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи.