Бугунги глобаллашув шароитида турли геосиёсий зиддиятлар, қуролли тўқнашувлар, давлатлараро низолар кўпайиши баробарида, ахборот хуружлари ҳам кенг тус оляпти. У, ўз навбатида, борган сари замонамизнинг том маънодаги қудратли қуролига айланмоқда. Таъбир жоиз бўлса, уни ҳатто ядро қуролидан ҳам хатарли, деб ҳисоблаш мумкин. Чунки инсон онги ва қалбини забт этиш, унга ўз ҳукмини ўтказиш, маънавиятидан, миллий урф-одат ва қадриятларидан жудо этишга йўналтириладиган ахборот хуружлари кўринмаслик хусусиятига эгадир. Шундай экан, унга қарши миллий ахборот иммунитетини шакллантириш, ахборот майдонида рақобатбардош миллий контент яратиш масаласи долзарб бўлиб бормоқда.
Президентимиз ўтган йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида ва жорий йил 12 январдаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, замонавий таҳдидларга қарши муносиб кураш олиб бориш учун, аввало, ахборот маконида миллий контент яратиш зарурати, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатлар нуқтаи назаридан баҳо бериш лозимлиги, акс ҳолда, ташқаридан турли ахборот хуружлари кириб келишига имкон яратиб қўйилиши, янгилик ва ахборотга эҳтиёжларнинг бошқалар томонидан тўлдирилишига сабаб бўладиган нохуш оқибатлардан огоҳ бўлишга даъват этди.
Дарҳақиқат, бу ҳозирги даврнинг устувор талаби ва шартидир. Шу боис, бу мавзу миллий медиа маконимизда кўп муҳокама қилинмоқда, турфа фикрлар билдирилмоқда.
Биз ҳам олимлар, экспертлар, сиёсатшунослар ва маънавият соҳаси вакилларининг шу хусусдаги фикрлари билан қизиқдик.
КРЕАТИВ ЁНДАШУВ керак
Нозима МУРАТОВА, филология фанлари доктори:
— Ҳозир дунёда ахборот хуружи, гибрид урушлар шиддат билан кечмоқда. Бу жараёнда инсон эътибори, диққатини жалб этиш бош мақсадга айланган. Ана шундай кураш майдонида ҳар бир давлат, ҳар бир халқ ўзлигини сақлаб қолиши, ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиши учун жамиятда сиёсий, маънавий-маърифий билим ва тафаккур даражаси ниҳоятда юқори бўлиши лозим. Акс ҳолда, ёт ва нохолис ахборотлар демократик жараёнларни издан чиқариши, инсониятни боши берк кўчага етаклаши ҳеч гап эмас. Халқимизни, айниқса, ёшларни бундай салбий ахборотлар таъсиридан асраш учун ўз миллий ахборот маконимиз бўлиши ва ушбу манбалар миллий контент билан тўлдирилиши лозим.
Шу ўринда миллий контент ўзи нима эканига тўхталиб ўтсак. Контент ўз-ўзини ифода этиш, тарқатиш, маркетинг ва ёки нашр этиш учун нутқ, ёзув ёки ҳар хил санъат турлари каби бирор-бир восита орқали ифодаланиши керак бўлган ахборот воситаси ҳисобланади. Бу борада бир неча жиҳатни фарқлай билишимиз лозим. Контент сиёсий, маънавий-маърифий, ижтимоий, таълимга оид ёки кўнгилочар мавзуларда бўлиши мумкин. Зеро, инсон онги ва дунёқарашига ёт ғоялар турли ахборотлар орқали сингдирилади ва бу жараёнда “юмшоқ куч”ни ифода этувчи юқорида санаб ўтилган ҳар бир йўналишнинг ўз ўрни бор. Дейлик, хорижий оммавий ахборот воситасида кўнгилочар мавзуларда берилган ёт ғояларга оид материалларга худди шундай йўналишдаги миллий асарлар билан бойитиш таъсирлироқ бўлади. Ёки ахборот хуружига шу жанрдаги материаллар билан, таълим йўналишидаги контентга шунга мос воситалар асосида жавоб қайтарилса, мақсадга мувофиқдир. Ва айни шу жиҳат, аниқроқ айтганда, чет оммавий ахборот воситалари орқали берилаётган тажовузкор ғояларга худди шундай йўналишдаги миллий асарлар билан жавоб қайтариш миллий контент яратиш бўлади.
Шуниси қувонарлики, бу борада мамлакатимизда катта салоҳият мавжуд. Яъни турли соҳаларга ихтисослашган газета, теле ва радиоканаллар, маҳаллий нашрлар ва ҳатто кўплаб нодавлат ОАВлар фаолият юритяпти. Интернет журналистикаси ҳам йил сайин ривожланмоқда. Эндиги асосий вазифа — уларни бугунги кун талаби ва халқимиз эҳтиёжига мос миллий контент билан тўлдириш. Фикримча, бу вазифаларни тўлақонли бажариш учун кўп йиллик иш тажрибасига эга, малакали журналистлар қатори ёш ижодкорларни ҳам кашф этиш ва жараёнга кенгроқ жалб этиш лозим. Зеро, ёшлар “тенгдош — тенгдошга” тамойили асосида ўз сўзини ёшларбоп усулда, тенгдошларининг онги ва шуурига етиб борадиган тилда етказиб беради. Шунинг учун ҳам бу жараёнда иккита ўзига хос салоҳият — малакали журналистларнинг тажрибаси ва ёшларнинг ғайрат-шижоати бирлаштирилса, натижа ҳам яхши бўлади.
Ҳозир ёшларимиз билим, ҳунар эгаллаш қаторида тил ўрганишга ҳам чанқоқ. Шу боис, теле ва интернет каналларда тил ўрганишга мослашган манбалар кўпайиб боряпти. Уларнинг фаолиятини кузата туриб, баъзи мулоҳазалар туғилади. Масалан, ўрганувчилар учун мулоқот матнлари тузилаётганда ёки мисоллар келтирилаётганда она тилимиздаги адабиётларга мурожаат қилинишини таъминлаш лозим. Бу ҳам миллий контентнинг ажралмас қисми. Бу жиҳатларга таълимга оид барча кўрсатув, эшиттириш, мақола ёки бошқа манбаларда ҳам риоя қилиниши зарур.
Сиёсий мавзулардаги контентларга тўхталадиган бўлсак, юртимизда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнлар, қонунчилик ва бошқа соҳадаги ўзгаришларни халқимизга ва хориждаги ахборот истеъмолчиларига тезкор, холис, очиқ ва тушунарли тилда етказиш журналистлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Бу борада кўзланган мақсадларга эришишда интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлар имкониятидан ҳам самарали фойдаланиш лозим. Зеро, бугун дунё аҳлининг 60 фоиздан кўпроғи шу манбалардан фойдаланади. Демак, инсоният қайси ахборот маконида яшаётган бўлса, ахборотни одамларга етказишда ўша воситалардан унумли фойдаланиш муҳим. Кейинги йилларда юртимизда бу борада ҳам сезиларли натижаларга эришиляпти. Галдаги вазифа ана шу жараёнларни давом эттириш ва дунё ахборот маконида ўз миллий манфаат ва мақсадларимизни дадил олға суришдир. Бунинг учун журналистларимиз нафақат ўз соҳаси, балки замонавий ахборот технологиялари бўйича ҳам етарли билим ва малакага эга бўлиши асосий талаблардан бири бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, хорижий тилларни ҳам чуқур билиш, ихтисослашув яхши самара беради.
Яна бир йўналиш — тарихий фильм ва сериаллар яратиш ва намойиш этиш масаласига ҳам тўхталиб ўтсак. Шуниси аҳамиятлики, юртимизда бу борада, яъни бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича катта салоҳият мавжуд. Ҳозир бу мактаблардан етишиб чиққан кўплаб ёш киноижодкорларимиз самарали ижод қиляпти. Улар яратган асарлар юртимиз ва хорижда алоҳида эътирофга сазовор бўляпти. Энди бу йўналишдаги ижодий мактаблар фаолиятини ҳам янада ривожлантириш, янгича йўналишларда ёш кадрларни тайёрлаш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида санъат ва маданият йўналишида ёшларбоп манбаларни кўпайтириш давр талаби.
Яна бир таклифим шуки, ОАВларни миллий контент билан тўлдиришда журналистлар билан бир қаторда, режиссёр, рассом, турли креатив соҳалар мутахассислари, адабиёт, санъат ва маданият намояндаларидан иборат ижодий жамоалар шакллантирилса ва улар ҳамкорликда ишлаши учун имконият яратилса, бугунги кун ўқувчиси, тингловчиси, томошабини кутаётган серқирра йўналишдаги асарлар кўпайишига эришган бўлар эдик.
ХОРИЖДА МИЛЛИЙ АХБОРОТ БРЕНДИ ТАЪСИС ЭТИЛСА...
Суҳроб БЎРОНОВ, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори:
— Бугунги ахборот маконида қандай муаммолар бор, ўзбек миллий контенти яратилишида хориж тажрибасининг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш лозим, хорижий интернет саҳифаларида ўзбек миллий контентини қандай акс эттириш мумкин? Бу сингари саволлар, айниқса, медиа оламига янги иштирокчилар кириб келаётгани, ички ва ташқи ахборот ўртасида вужудга келаётган турли зиддиятлар, ахборот хуружларига қарши превентив ва оператив чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари миллий контент яратилишига тизимли ва кўп томонлама ёндашиш масъулиятини талаб этади. Бизнингча, қуйидаги фикр-мулоҳаза ва таклифларимиз миллий контент ривожига маълум маънода ҳисса қўшиши мумкин.
Таълим ва ўзбек тили миллий контенти. Миллий контент, энг аввало, таълим жараёнида ўз аксини топиши лозим. “Дунё” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 миллиондан ошади. Ҳозир хорижий давлатлардаги 50 дан ортиқ ўқув юртида ўзбек тили ўргатилмоқда. Аммо бу ўзбек тилининг миллий ва халқаро нуфузини ошириш учун етарли эмас. Шу боис, олий таълим муассасаларида “Ўзбек тили стипендияси”ни таъсис этиш талаба-ёшларнинг она тилига бўлган ҳурмат-эҳтироми ва эътиборини жонлантиришга муайян даражада хизмат қилса, стратегик ва яқин ҳамкор давлатларнинг олий таълим муассасаларида ўзбекология факультетларини очиш хорижликлар кўз ўнгида ўзбек тили, маданияти ва тарихи ҳақида ёрқин тасаввур пайдо бўлишига ёрдам беради.
Ўз навбатида, хорижнинг энг нуфузли интернет ёки ахборот нашрлари электрон сайтларидаги тиллар гуруҳида ўзбек тили учун ажратилган алоҳида бўлим деярли учрамайди. Миллий ўзбек тили контентини нуфузли хорижий сайтлар саҳифасида акс эттириш ишлари тегишли ташкилотлар томонидан ўзаро келишилган ҳолда босқичма-босқич ижро этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўзбек тилини ўрганаётган хорижликлар учун Халқаро ўзбек тили нотиқлик танловини ўтказиш, шунингдек, ўзбек тили ва адабиётининг дурдона асарларини инглиз ва бошқа хорижий тилларга таржима қиладиган “Ватан” нашриётини таъсис этиш ҳам ўзбек тилининг халқаро ахборот майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Миллий медиа контент. Ойнаи жаҳонда муттасил тақдим этиб бориладиган, лекин миллий анъана ва қадриятларга ёт ғояларни тарғиб этаётган миллий ҳамда хорижий кинолар, сериаллар, дастурлар фаолиятини тақиқлаш вақти келди. Бунинг ўрнига ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, буюк аждодларнинг бой илмий ва маданий меросини тараннум этадиган кўрсатувларни эфирларда кенгроқ ва кўпроқ кўрсатиш айни муддао бўларди.
Ўзбекистоннинг хориждаги миллий ахборот брендини таъсис этиш лозим. Масалан, Uzbek News Network — UzNN. Унда хорижий давлатларда аккредитациядан ўтган ўзбек мухбирлари халқаро майдонда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеаларни шарҳлаб бориш ва бошқа нуфузли контентлар билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади. Бу эса истиқболда миллий контент бўйича профессионал кадрлар малакасини оширишда муҳим роль ўйнайди.
Миллий ақлий марказлар. АҚШ Федерал алоқа комиссиясининг собиқ раиси Нютон Меноу бундай деган эди: “Ғояларни амалга ошириш учун сарфланган 1 доллар маблағ бомбалар ишлаб чиқариш учун кетган 100 доллар қийматига тенг”. Сир эмас, Ўзбекистонда миллий контент фаолиятини ривожлантириш ёки жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганишга ихтисослашган ақлий марказлар сони кутилган даражада етарли эмас. Айнан шу мақсадда дастлаб “Миллий контент” ахборот-таҳлилий марказини ташкил этиш, кейинчалик шунга ўхшаш ақлий марказлар сонини кўпайтириш янги ғоялар пайдо бўлишига, соҳа олимларининг таклиф ва ташаббусларидан унумли фойдаланишга замин яратади.
Умуман, кундалик ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб бораётган интернет ва ундан келаётган зарарли маълумотлар миллий ўзлигимизга рахна солишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бугунги ахборот майдонида миллий контентнинг йўқлиги миллий ўзликнинг йўқотилиши сифатида баҳоланиши шарт ва лозим. Шу боис, ахборот хуружи кенг авж олаётган майдонда нафақат рақобатбардош миллий контентни яратиш ва у орқали ахборот хавфсизлигини таъминлаш зарур, балки уни хорижий ахборот ресурсларида ҳам доимий акс эттириш вазифаси давримизнинг кечиктириб бўлмайдиган талаби ҳисобланади.
МАТБУОТ – МИЛЛИЙ РУҲ ТАРҒИБОТЧИСИ
Зуҳриддин ҲАСАНОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси:
— Тобора ривожланиб бораётган ахборот технологиялари ахборот тарқатиш ва медиа соҳаси ишларини осонлаштирди. Замонавий дунёда ахборотни ёруғлик тезлигида дунёнинг у нуқтасидан бу нуқтасига юбориш мумкин. Ҳатто шу ахборотга ишлов бериш, унга зарар етказиш жараёни ҳам нейротармоқлар ва сунъий интеллект технологияси сабабли сонияларда амалга оширилмоқда.
Ахборот хуружлари (кибер хуружлар) ортидан баъзида миллиардлаб моддий зарар кўрилади. Аммо ахборот хуружининг номоддий таъсир жараёни узоқ ва чегара билмас, бирон-бир ғояни сингдиришга асосланган турлари ҳам борки, унга қарши курашиш жамиятнинг ҳар бир аъзосидан чуқур билим, ғоят катта сабр-тоқат талаб қилади.
Давлатимиз раҳбари илгари сураётган ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида медиа маконда олиб борилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ишларни кучайтириш вазифаси ижроси ўлароқ, барча маънавият фидойилари “Маънавият барча соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак” шиори остида меҳнатини шу эзгу даъват йўлида сарфлаши зарур.
Бугун интернет ва ижтимоий тармоқларни яхши ўзлаштирган, илмий-техник ютуқларни тез эксплуатация қила оладиган янги авлод шаклланмоқда. Илмий-техник ютуқлар ва ахборотнинг ҳаётимизга таъсири ортиб бораётганини инобатга олсак, баъзида унинг ғоявий таъсир этиш воситаси сифатида хавфли қуролга айланиб қолиши ҳам ҳеч кимга сир эмаслиги кишини ўйлантиради.
Ижтимоий тармоқлар сегментининг катта қатлами ёшлар. Тармоқларда жойлаштирилаётган материаллар замирида ўта саёз, ҳаётнинг фақат енгил-елпи жиҳатларини тарғиб қиладиган ғоялар ётгани ғоят ачинарли. Ёшларнинг медиамаҳсулотларга нисбатан талаби ва истеъмолчилик даражаси паст савияга тушиб бораётгани бачканалик ва шоуменлик урфга киришига замин яратмоқда. Бу муаммонинг кўринган тарафи, холос. Ахборотнинг бу шаклдаги мақсадсиз кўринишининг олдини олиш бугунги кунда олимлар, экспертлар қаторида матбуот соҳаси вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Бугунги кунда бу борада кўзланган мақсадларга эришиш ва миллий журналистикамизни ривожлантириш учун барча шароит мавжуд. Конституциямизда белгиланганидек, ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Қонунчилигимизда ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда конституциявий тузум, аҳолининг соғлиғи, ижтимоий ахлоқ, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, хусусан, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади. Ушбу тамойил асосида ҳар ким ўз фикрини эркин баён этган ҳолда, расмий журналистик ёки шахсий блогерлик фаолиятини олиб бориши мумкин.
Албатта, бу ҳуқуқий имкониятлар миллий журналистикамиз ривожида муҳим омил бўлаётир. Ҳозирги кунда юртимизда қарийб 2150 та оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради. Анъанавий нашрлар билан бирга интернет нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 700 дан ошгани ва ўқувчилар оммасини тобора кўпроқ ўзига жалб этаётгани эътиборлидир.
Айни пайтда бугунги мураккаб давр маънавий-маърифий соҳалар қаторида матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятида ўзига хос ютуқлар билан бирга муаммоларни ҳам намоён этмоқда. Яъни жаҳонда рўй берадиган сиёсий жараёнларни аҳолининг онги ва шуурига мос равишда тўғри шарҳлаш, сиёсий ахборотни миллий манфаатларга мослаштиришда ахборот соҳаси вакиллари, зиёлилар ва сиёсат соҳаси билимдонларининг овози баъзида сезилмай қолаётгани ҳам бор гап. Яна бир масала, юртимиз ахборот маконида ягона ахборот муҳитининг етишмаётганидир.
Зеро, бугун ахборот маконининг мазмун ва моҳияти трансформацияга учраётган бир даврда миллий руҳда тарбияланган журналист, блогер ва сиёсатчилар энг илғорлар сафида миллатни ягона мустақил умуммиллий ғоя — янги Ўзбекистон ғояси ортидан эргаштириб, халқимизнинг орзу ва мақсадига айланган Учинчи Ренессанс сари бошлаши айни муддаодир.
Бунга эришиш учун ҳуқуқий, ташкилий ва интеллектуал салоҳиятимиз етарли, албатта. Ишончимиз комилки, замонавий илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук мутахассислар бу эзгу мақсад йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, бугунги мураккаб замон синовларига ўз сўзини дадил айтибгина қолмай, тинчлик ва фаровонлик йўлидаги эзгу мақсадларимизга эришишда ҳам интилишдан асло тўхтамайди.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Баҳор ХИДИРОВА ёзиб олди.