Умумий хусусиятларга эга қатъий ўзгаришлар ҳозирги давр учун хосдир. Бундай ўзгаришлар иқтисодиёт, сиёсат, ҳуқуқ, таълим, маданият, дин ва ҳоқазо соҳаларга тааллуқли. Ушбу ўзгаришлар намоён бўлмаган бирорта соҳа, ижтимоий воқеликнинг бирорта жабҳаси қолмади ва натижада ижтимоий тизимнинг сифати изчил юксалиб бормоқда.

Мамлакатимизни ривожлантириш стратегияси ҳақида сўз борганда, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони, 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”, ҳамда «2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонлари имзоланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистонни 2030 йилгача инновацион ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари ўрин олган мазкур фармонда маданият, санъат ва дизайнерлик соҳалари ривожи, миллий қадриятларимизнинг жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллаши учун амалга оширилиши режалаштирилган ишлар алоҳида таъкидлаб ўтилган.

 “Бугун биз улуғ ниятлар билан пойдевор қўяётган янги Уйғониш даври мамлакатимизда мана шундай улкан бойлик яратишга, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилишга ва келгуси авлодларга ўзимиздан муносиб мерос қолдиришга хизмат қилади” деб, улкан маданий меросга бой юртимизнинг равнақи, ҳар томонлама ривожи йўлида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг кўламда ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда дизайн бадиий ижоднинг кенг оммалашган турларидан бирига айланди. Бунга бозор муносабатларининг риволаниши, кичик ва ўрта бизнеснинг юксалиши, халқлараро алоқаларнинг жадаллашуви, жамиятнинг ахборотлашуви каби омиллар сабаб бўлди. Ўзбекистон ҳукуматининг дизайн соҳасига оид қарорлари чиқарилди. Тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандлиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятини хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, халқаро ижодий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўламда кўргазмалар ўтказиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, конференция, биеннале ва бошқа анжуманлар ўтказишга алоҳида урғу берилган. 

Республиканинг муҳим стратегик соҳаси сифатида халқаро бозор шароитига мос равишда замонавий дизайн ва миллийлик билан ажралиб турадиган сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш бугунги кун вазифасидир. Либос дизайнини ривожланиши, аввало, янги матоларни пайдо бўлишига боғлиқ, улар туфайли янги конструкциядаги тўпламларни яратиш имконияти туғилади.

Мамлакатда тез суратлар билан ривожланиб бораётган либос дизайни санъатини чуқурроқ ўрганиб, кенгроқ ёритиш, дизайнерларнинг тарихга айланиб бораётган ижодларини кенг оммага тарғиб қилиш замон талабига айланди. Сермаҳсул ижод қилаётган дизайнерлар кўп, лекин уларнинг дунёқараши, миллий анъаналарга, замонавий санъатга бўлган нигоҳи турлича. Ҳар бир ижодкор ўз ички кечинмалари ва билимига таянган ҳолда ижод маҳсулини яратади.

Таъкидлаш жойизки, XXI аср ўзбек санъатида умуминсоний қадриятларни излаш миллий ўзига хосликни сақлаб қолиш, ўзбек халқининг ноёб тарихий-маданий анъаналарини, ўзига хос бадиий оламини ва Шарқ фалсафаси, поэтикасини англаш билан уйғунлашиб кетади. Бу ҳолат Ғарб санъатида нафақат услуб ва йўналиш ҳисобланган, балки оламнинг барча бурчакларида тушунарли бўлиб қолаётган замонавий санъат бадиий ифодасинпинг умуммиллий шакли даражасигача ўсиб борган авангард, модернизм, постмодернизм каби оқимлар ёрдамида талқин этилмоқда. Турли рамзлар ва мавзуларга мурожаат қилиш бадиий тилнинг хилма-хил хусусиятларини излаш жараёнига айланмоқда.

Иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг самарали ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш Ўзбекистон Бадиий акакдемияси фаолиятидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Бадиий акакдемияси томонидан ташкил этилаётган фестивал ва танловлар иқтидорли ёшларни излаб топишга имкон берди. Ўзбекистонда ҳам республика даражасида, ҳам хорижий мутахассислар иштирокида дизайн соҳасида илмий семинарлар, имий-амалий конференциялар, мастер-класслар, тренинглар ўтказилмоқда. Либос дизайни бўйича фестиваллар, танловлар ўтказилиши натижасида нафақат юртимиз бозори учун ишлаётган, балки ўз ижодий ишларини хориждаги подиумларда ҳам намойиш этаётган бир қатор иқтидорли модельерлар етишиб чиқди.

 Анъанавий мода ҳафталиги, “Атлас байрами”, “Болажонлар-ширинтойлар” фестиваллари ҳама турли халқаро кўргазма, биеннале ва бошқа лойиҳаларнинг ташкил қилиниши, шунингдек, дизайнерларимизнинг хорижий давлатлардаги мода ҳафталикларидаги иштироки, жаҳон мода экспертлари томонидан юқори баҳоланиши либос дизайни ривожи ижобий самарасини бераётганининг далилидир. Бунда албатта юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ўрни катта. Умуман Ўзбекистондаги дизайн амалиёти унинг турли кўринишлари ривожланаётганидан далолат беради. Ҳозирги пайтда республикамиз дизайн амалиётида хорижий мамлакатлар тажрибасини эгаллаш, жаҳон дизайни билан танишиш жараёни кетмоқда, ўз йўлини топиш, ўз услубини яратиш кузатилмоқда.

Ўзбекистонда либос дизайни йўналишида мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда ва бу борада маълум натижаларга эришилмоқда. Ўзбек дизайнерлари жаҳон мода тенденцияларига амал қилган ҳолда, миллийлиги билан ажралиб турадиган замонавий либослар яратишмоқда. Дизайнерлар замонавий либос яратишда ўзбек анъанавий санъати ва ҳунармандчилигининг бой мероси, миллий либос увнсурларидан сакмарали фойдаланишмоқда. Айниқса ҳунарманд-усталар томонидан яратилаётган миллий матолардан кенг фойдаланиб, ноёб муаллифлик либосларни намойиш этмоқдалар.

Ҳозирда бутун дунёда дизайнга, айниқса, либос дизайнига қизиқиш ортиб бормоқда. Турли мамлакатлар амалиёти шуни кўрсатадики, глобаллашув жараёни санъатнинг либос дизайни соҳасига ҳам таъсир қилди. Шу маънода бу соҳада миллий анъаналарни сақлаб қолиш муаммоси долзарб бўлиб қолади. Турли мода ҳафталиклари, фестиваллар, биеннале ва танловларнинг ўтказилиши ёшларнинг эстетик диди ўсишига, шунингдек, миллий анъаналарни сақлаб қолиш ва либос дизайни соҳасида жаҳон тажрибасини ўзлаштиришга хизмат қилади ҳамда ижодий изланиш йўналишини белгилаб беради.

Мамлакатимизда дизайн соҳаси давр билан ҳамқадам бориб, сезиларли муваффақиятларга эришмоқда. Замондошларимизнинг, ҳар қандай қиз ва аёлнинг гардеробида миллий либос унсурлари билан безатилган либослар борлигининг ўзи дизайнерларимизнинг муайян ютуқларга эришганлигининг ёрқин мисолидир. Дизайнерларимиз Италия, АҚШ, Англия мода ҳафталигида, Европа, Корея, Хитой ва бошқа мамлакатларда ўтказилаётган кўплаб модалар кўргазмаларида иштирок этаётганлиги ўзбек модаси Ўзбекистондан узоқ-узоқларда танилаётганини кўрсатади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жойизки, бугунги кунда қобилиятли дизайнер бўлиш билангина кийим-кечак ишлаб чиқаришда муваффақиятга эришиш мумкин эмас. Эндиликда янги типдаги профессионал дизайнер турли кўринишдаги дизайнерлик лойиҳаларини осонлик билан ўзлаштириб оладиган, ишлаб чиқаришни замон талабига мослаштира биладиган, кенг кўламдаги билимга эга мутахассис бўлиши керак. У менежер, стилист, маркетолог бўлиши, келгусида мода қандай бўлишини олдиндан кўра олиши, либосларнинг янгича шаклларини топа билиши зарур. Бунинг учун эса модельер дизайнерлик ишлаб-чиқариши билан бевосита алоқадор ўқув муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши лозим.

Ҳудудимиз табиий шароити ва иқлимига мос либос ва пойафзал яратиш, анъанавий шаклларни қайта тиклаш, материаллардан иккиламчи фойдаланиш, узоқ муддат фойдаланганда ҳам сифатини йўқотмайдиган, чидамли, юқори сифатли маҳсулот тайёрлаш дизайнерлар олдида турган муҳим вазифадир. Мамлакатимизда маҳаллий дизайндаги либослар тобора кенг оммалашаётгани юртдошларимизнинг ижтимоий, маданий ва этник жиҳатдан ўзини англаётганидан далолат беради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, миллий либос дизайни худди унинг яратувчилари каби ёш бўлишига қарамасдан, тобора такомиллашиб бормоқда. У эндиликда анъанавий этник маданият қатламларига чуқур кириб, бошқа маданиятлар эришган ютуқларни ижодий ўзлаштирмоқда. Ҳамда ҳар бир дизайнер томонидан ишлаб чиқилаётган либос бир томондан, ўз морфологиясига, муайян ташкилотига эга бўлган ишлаб чиқариш билан шаклланган «табиий жисм» сифатида, иккинчи томондан — ижтимоий ва инсоний (утилитар, маданий, эстетик) фойдалилик, аҳамият, қадрият сифатида ҳаракат қилмоқда. Замонавий дизайн маданиятни моддийлаштириш билан бевосита боғлиқ бўлиб, у ўзида жамиятда юз бераётган турли алмашинишларнинг теран жараёнларини, миллий, ижтимоий, илмий, бадиий сингари турфа хил олам кўринишларининг ўзгаришларини акс эттирмоқда.

Эътибор МИРЗАНАЗАРОВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги

Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси,
с.ф.ф. доктори (
PhD)