Жамоат саломатлиги касалликларнинг олдини олишнинг илмий ва амалий асосларини яратиш ва ривожлантиришни, мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан умрни узайтириш ва соғлиқни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Ушбу йўналишнинг долзарблигини бугун ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

Public Health Leaders грант дастури ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган ва унга иқтисод фанлари доктори, профессор Санджар Джалалов хотирасига бағишлаб Миллий палата томонидан асос солинган. У 2018 йилда ўзининг THETA Collaborative (Торонто) даги муваффақиятли карьерасидан фойдаланиб Ватанида ССТБ (Соғлиқни сақлаш технологияларини баҳолаш) услубини жорий этишга кўмаклашиш учун Канададан Ўзбекистонга қайтиб келди. Санджар Джалалов ТХВУда Жамоат саломатлиги соҳасида магистратура очишнинг муҳимлиги ғоясини илгари сурганлардан бири эди.

Магистратуранинг дастлабки талабалари 2021 йил 25 январдан ўқишни бошлайди. Магистратурани тугатган битирувчилар Жамоат Саломатлиги фани соҳасида магистр илмий унвонига эга бўладилар.

MSc Public Health Science магистратурасининг ушбу дастури Лондондаги Вестминстер университетида муваффақиятли ўзлаштириляпти. Уни Ўзбекистонда ўтайдиган магистрантлар University of Westminister (London, UK) дан ҳам диплом оладилар. У диплом бутун дунёда, жумладан, Европа, АҚШ ва бошқа мамлакатларда тан олинади.

Лондондаги Вестминстер университети тажрибасидан маълум бўлганидек, мазкур курс магистрантлари амалиётдаги шифокор, даволовчи ходим, академия соҳасида ўқитувчи, жамоат саломатлиги секторида менежер бўладими, жамоат саломатлиги соҳасида керакли мутахассислар саналади.

Миллий палата бир қатор мезонлар бўйича танлаб олинган истиқболли талабаларнинг бирини қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Ажратилган грант унинг магистратурада ўқиш харажатларини қоплайди.

Магистратурани ўташ учун ҳар хил тоифадаги тингловчиларга, жумладан, амалиётдаги шифокорларга имкониятлар яратиш мақсадида ўқишни кундузги шаклда (1 йил) ҳамда қисман банд бўлган ҳолда давом эттириш шароити яратилган, деб хабар беради Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати.