"Умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарори асосида ташкил этилади. Мазкур қарорда миллий сертификат имтиҳонларида фақатгина абитуриентлар иштирок этиши мумкин, деган чеклов мавжуд эмас. Яъни ушбу имтиҳонни барча топшириши мумкин", деб ёзмоқда Давлат тест маркази.
Бошқача қилиб айтганда, чет тили имтиҳонларида бўлгани каби ўз билимини синаб кўриш истагини билдирган исталган шахс умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонида иштирок этиши ва тегишли сертификатни қўлга киритиши мумкин.
Мазкур имтиҳон бўйича берилаётган энг кўп саволлардан бири миллий сертификатга эга ўқитувчиларга устама берилиши билан боғлиқ.
Ўқитувчилар турли тизимларда фаолият юритишидан келиб чиққан ҳолда Давлат тест маркази ўқитувчиларга устама тўланиши билан боғлиқ ҳолатга ўзи ишлайдиган ташкилотдан аниқлик киритишни тавсия этади.