Кейинги йилларда мамлакатимиз ёшлари учун мисли кўрилмаган имтиёзлар, имкониятлар яратиляпти. Санъат соҳасида ютуқларга эришишда ҳам бу ўз самарасини бермоқда. Айниқса, дунёга донғи кетган миллий мақом санъатимиз усталарининг муносиб издошларини тарбиялаш масъулияти бу борадаги эзгу ишларни янада жонлантирди.

Ана шундай хайрли саъй-ҳаракатлар маҳаллаларда ёшлар етакчиларининг фаолиятида ҳам намоён бўлаётир.  Улар ўзларига бириктирилган маҳаллаларда соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш баробарида маданият ва санъатни ҳам кенг тарғиб қилаётгани санъатимизнинг жойлардаги умидли вакилларини кашф этишда айни муддаодир. Зеро, “Санъат ғунчалари” кўрик-танлови, мақом, бахшичилик ва эстрада бўйича “Ёшлар овози”, “Ёш мусаввирлар” танловлари ҳамда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёт фестивали каби тадбирларнинг ёшлар ҳаётидаги аҳамияти беқиёс.

Энди ҳар икки йилда бир марта ёш мақом ижрочиларининг республика кўрик-танлови ўтказилади. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг мумтоз санъатимизга муҳаббатини ошириш, мусиқанинг ушбу мураккаб йўналиши бўйича ижод қилаётган ўғил-қизларнинг фаолиятини ўрганиш, таҳлил этиш, истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат.

Мақом санъатига умид билан кириб келган ёшлар вакили сифатида шуни айтмоқчиманки, фаолиятимизнинг авж палласи бу мақомга эътибор юксалган пайтларга тўғри келди. Бу ҳақда устозларимиз ҳам кўп гапиради. Тошкент шаҳридаги “Ёш мақомчилар” ансамблига раҳбарлик қилиб келаётганимга кўп бўлмади. Қисқа вақтда иқтидорли, истеъдодли ёш санъаткорлардан таркиб топган жамоамиз билан қатор натижаларга эришдик, ютуқларни қўлга киритдик. Буларнинг барчаси юртимизда санъатга, ёшларга берилаётган юксак эътибор туфайлидир.

Бежиз давлатимиз раҳбари мақомни, бахшичиликни мукаммал ўргатиш учун алоҳида ўқув муассасалари ташкил этмади. Зеро, мақом санъатимизда миллийлигимиз, қадриятларимиз яшаркан, улар ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди.

“Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланишим менга ички бир куч бағишлаб, янги-янги ғояларга интилиш, хусусан, мақомчилик санъатини янада ривожлантириш, унга жило беришда фидойилик ҳиссини кучайтирди. Президентимизнинг ёшлар билан бугунги самимий мулоқотидан сўнг ана шу ғояларни амалга оширишга тезроқ киришишим кераклигини ҳис қилдим.

Бундан тўрт йил аввал давлатимиз раҳбари Шаҳрисабздаги халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимида “Агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак. Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак. Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур”, деган эди.

Яқин келажакда бундан-да юқори салоҳияти билан бутун дунёга ўзбек мақомчилик санъатининг ўзига хослигини намоён этамиз.

Ислом УМРЗОҚОВ,

Тошкент шаҳридаги “Ёш мақомчилар”

ансамбли бадиий раҳбари,

“Келажак бунёдкори” медали соҳиби.