Таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётган бундай сессиялар ҳокимларнинг халққа Мурожаатномаси шаклида ўтказилмоқда. Сабаби, бу йилда бажарилмай қолган ишлар, вазифалар, шунингдек, келгуси йилда ҳар бир соҳани ривожлантириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилаётир.

Қайд этилганидек, бугун ҳар биримизнинг амалга ошираётган ишларимиз ва ҳаракатларимиз давлатимиз қудрати ва салоҳиятини янада ошириш, янги Ўзбекистонни дунё ҳамжамиятидаги нуфузини юксалтириш, асосийси шу юртда яшаётган халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган. 

Давлат ва жамият иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан ривожланиб борган сари инсон манфаати, халқ турмуш даражаси ҳам ривожланади. Республикамизнинг чекка туманлардан бири бўлган Мингбулоқ туманида ҳам бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра Мингбулоқ тумани "қониқарсиз ҳудуд" деб баҳоланган эди. Ушбу кўрсаткични яхшилаш учун ҳудудий солиқ тўловчилар томонидан жорий йилнинг 11 ойида 66,9 миллиард сўмлик бюджетга тушум тушиши таъминланди. Жумладан, 9 миллиард 500 миллион сўм ортиқча тушум туширилишига эришилди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида туманнинг асосий кўрсаткичларида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ҳажми 418,3 миллиард сўмни ташкил қилган.

Бундан ташқари, умумий қиймати 64,4 миллиард сўмга тенг бўлган 74 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Бунинг ҳисобига 387 та янги иш ўринлари яратилди. Йил бошидан буён 321 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди ва 240 та кичик бизнес субъектларининг фаолияти қайта тикланиб, 1 минг 178 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Тижорат банклари томонидан ҳунармандчилик йўналишидаги 161 та лойиҳа учун 3,7 миллиард сўмлик кредит ажратилиб, ушбу йўналишда жами 263 та иш ўрни яратилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жами 35,1 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган. 

Маълумки, пандемия даврида аҳолининг аксарият қисми ўз даромадини йўқотди. Давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари асосида яратилган имтиёз ва енгилликлар ҳисобига туман ҳудудидаги 13 та тадбиркорлик субъектларининг 18 миллиард 21 миллион сўм кредит маблағлари муддатлари узайтириб берилди. Аҳоли тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган дастурлар доирасида 3 минг 492 нафар фуқароларга 180 миллиард имтиёзли кредит маблағ ажратилди.

Экспортбоп қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажмининг кўпайиши ҳисобига 2020 йил учун режалаштирилган 13 миллион 400 минг АҚШ долларилик экспорт прогноз режаси 11 ойда 14 миллион 89 минг долларга бажарилди. Ёки 20 минг тоннадан ортиқ мева-савзавот маҳсулотлари турли ҳорижий давлатларга экспорт қилинди.

Инвестиция дастури асосида 5 та ижтимоий соҳа объектларини қурилиш-таъмирлаш ишларига 13 миллиард 43 миллион сўм маблағлар йўналтирилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан 2 та 48 хонадонли кўп қаватли турар-жой бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди, 3 та кўп қаватли турар-жой бинолари жорий ҳамда мукаммал таъмирланди.

Бугунги пандемия шароитида аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ташкил этилиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Жумладан, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож 2 минг 353 та оила рўйхати шакллантирилиб, “Темир дафтар”га киритилди. Ўтган давр мобайнида ушбу оилалардаги 3 минг 243 нафар меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, 2 минг 135 та оила “Темир дафтар”дан чиқарилди.

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Мингбулоқ туман ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан 1 минг 167 та мурожаат келиб тушган. Бу рақамни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирадиган бўлсак, 312 тага кўпайганлигини кўришимиз мумкин. Келиб тушган мурожаатларнинг 504 таси қаноатлантирилган. Энг кўп мурожаат ер ажратиш масалада эканлигини кўриш мумкин.

Сессияда кейинги йилда амалга оширилиши белгиланган янги лойиҳалар хусусида ҳам маълумот берилди. 

Сессия доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда туман ҳокими Н. Худойбердиев туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ечими бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.