Наманган вилояти, Мингбулоқ туманида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўлами йилдан-йилга янги босқичга кўтарилмоқда. Тинимсиз саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, туман тиббиёт бирлашмаси тарихида янги саҳифа очилди. Мамлакатимизнинг таниқли олим шифокорлари билан биргаликда янги турдаги юқори технологик жарроҳлик амалиёти кўнгилдагидек ўтказилди.

Гигант пахта пунктида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан Назлифа Бектемирова пандемия даврида ўзига коронавирусни юқтирганди. Оғир хасталик асоратлари бошқа касалликларда ўзини намоён эта бошлади. Охирги йилларда таянч ҳаракат аъзоларида кузатилаётган муаммо секин-аста катталашиб, уни қийин аҳволга солиб қўйди.

Кузда пойтахтимиздаги Республика ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида тотал эндопротезлаш жарроҳлик амалиётидан сўнг ўнг оёғида дард аригандек бўлди. Аммо кейинроқ чап оёғига ҳам қаттиқ оғриқ кирди. Опанинг туман тиббиёт бирлашмасига мурожаати тезкор равишда ижобий ечим топди. ТТБ бошлиғи Обиджон Қўлдошевнинг ташаббуси билан Тошкентда олиб борилган жарроҳлик амалиётининг давоми Жомашўйда бажариладиган бўлди.

Республика ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази протезлаш бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, моҳир ортопед-травматолог Умарали Ханапияев шогирди Икромиддин Бозоров билан Мингбулоққа келди. Тажрибали шифокорлар бемор ҳолатини чуқур ўрганиб, Назлифа опанинг чап оёғида ҳам дарҳол эндопротезлаш амалиётини ўтказиш зарур, деган фикрда тўхташди.

Тиббиёт фанлари доктори раҳбарлигида нозик ва мураккаб жарроҳлик жараёнини кузатдик. Умарали Баротовичга туман тиббиёт бирлашмаси режали жарроҳлик бўлими мудири Азимжон Раҳимов, шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Мухторжон Тожибоев ва анестезиолог Маҳмуджон Қодировлар ёрдамлашиб туришди ва амалиётчи олимдан “маҳорат сабоғи”ни ўзлаштиришди.

- Онам коронавирус пандемияси пайтида азоб чекканлар. Ўшанда оқ халатли фидойиларнинг беминнат хизматлари туфайли ҳаёти сақлаб қолинди. Бугун яна даволаниш учун шифохонадалар. Давлатимиз томонидан яратилган беқиёс имкониятлар боис, жонкуяр халоскорларнинг чин кўмаги билан саломатликларини қайта тиклаш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозир юртимизда кенг қулоч ёзган “Инсон қадри учун!” тамойили асосидаги хайрли юмушларнинг амалдаги исботига оиламиз мисолида, шахсан гувоҳига айландик. Қўли енгил мададкорларга минг раҳмат, барчангиздан бир умр миннатдормиз ва дуодамиз, - дейди онахоннинг қизи Шаҳноза Бектемирова.

66 ёшли аёлнинг чап чаноқ сон бўғимида Ўзбекистоннинг номдор докторлари ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида тотал эндопротезлаш юқори технологик жарроҳлик вазифаси муваффақиятли уддаланди ва ижроси сифатли якунланди. Энди Назлифа аянинг тез орада соғайиб, шаҳдам қадам ташлашига шубҳа йўқ.

Абдулла ҒОЗИЕВ,

журналист

Мазкур мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 10 июнь,

114-сонида “Инсон қадри учун” рукни остида чоп этилди.