Ушбу мавзу бўйича махсус дастур ёрдамида ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, бир киши телефонини кунига ўртача 110 марта қулфдан чиқаради. Бу соатига тахминан 10 мартага тўғри келади.
Сиз телефонингизни қанчалик тез-тез дезинфекция қиласиз ёки ҳеч бўлмаганда нам мато билан тозалайсиз?
Квинсленддаги (Aвстралия) Бонд университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, мобил телефонлар хавфли патогенлар — бактерия ва вируслар билан тез-тез зарарланади, деб хабар бермоқда Daily Mail. Шу боис, инфекцияни олдини олиш учун телефонларни ҳам худди қўллар каби дезинфекция қилиб туриш керак.
Aвстралиялик тадқиқотчиларнинг фикрича, мобил телефонлар келажакда янги пандемиянинг пайдо бўлишига катта таъсир кўрсатиши мумкин.
Тадқиқот доирасида университет молекуляр биология кафедраси доценти Лотти Тажури 165 нафар тиббиёт ходимининг мобил қурилмасини синовдан ўтказди. “Биз текширган уяли телефонлар бактерия, вирус, замбуруғ ва ҳатто паразитлар билан зарарланганди”, — дейди доктор Тажури.
Ишчилар ўртасида ўтказилган сўров натижасига кўра, респондентларнинг 98 фоизи мобил телефонлар инфекция юқтиришига ишонишган. Шунингдек, тадқиқот давомида олим 52 фоиз фойдаланувчи мобил телефонини ҳатто ҳаммомда ҳам ишлатишини, 57 фоизи эса гаджетларини ҳеч қачон ювмаганини аниқлади.
Олимнинг фикрича, мобил телефонларга “учинчи шахс” сифатида қаралиши ва уларни мунтазам равишда дезинфекция қилиш ёки ювиш зарур.
Тажури соғлиқни сақлаш расмийларидан янги эпидемия бошланишидан олдин университет тадқиқотларига эътибор беришни сўради.