Чунки Ўзбекистон ва Мўғулистон географик жиҳатдан бир-биридан узоқ жойлашган. Қолаверса, савдо-иқтисодий, маданий алоқалар етарлича эмасди. Янги Ўзбекистонда қарашлар, фикрлар, имкониятлар ўзгарди. Биз дунёга очилдик, дунё бизга бағрини очди.

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 24-25 июнь кунлари Мўғулистонга амалий ташрифи икки мамлакат ўртасида транспорт, маданият ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқди, географик ўлчамларни тенг ҳуқуқий асосга эга дипломатик дўстлик ўзгартирди, яқинлаштирди. Мўғулистонликлар ҳақидаги тасаввурларимизни бойитди, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш имкониятини берди.

Жумладан, серқуёш Ўзбекистон заминида етиштирилган сархил мевалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, фармацевтика, совитиш ва музлатиш ускуналари, юк машиналари экспорти сезиларли даражада кўпайди. Мўғулистондан қўй ва қўй гўшти етказиб беришга киришилди. Бу бежиз эмас, албатта.

Йирик ва майда шохли чорва ҳайвонларини боқиш, кўпайтириш, гўшт, жун, тери маҳсулотлари ишлаб чиқаришда бу ўлка дунёдаги етакчи мамлакатлар сирасига киради. Энди юртимизда ҳам Мўғулистон тажрибаси асосида чорвачиликни янада ривожлантиришга аҳамият бериляпти. Қўйнинг янги зотларини кўпайтириш йўналишида ҳаётбахш лойиҳаларга старт берилди. Истиқболли лойиҳалар дастурига кўра, мамлакатимизга Мўғулистондан 100 минг бош зотдор қўй етказиб берилиши кўзда тутилган.

— Мўғулистондан олиб келинган майда шохли моллар асосида маҳаллий наслчилик ва селекция ишлари йўлга қўйилди. Шу орқали уларнинг сонини босқичма-босқич кўпайтириб борамиз, — дейди Андижон ви-лояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Дилмурод Қаюмов. — Лойиҳанинг дастлабки босқичида вилоятимизга баяд зотли минг бош қўй олиб келинди. Бу шу зотдаги қўйларни маҳаллий шароитга мослаштириб, кўпайтириш учун жуда катта имконият. Ҳозир Ўзбекистон иқлимига мослаштириш, эҳтимолий касалликларнинг олдини олиш учун қўйлар ветеринария ходимлари назорати остида вақтинча карантинда сақланмоқда. Айни пайтда барча имкониятлар, хусусан, сифатли озуқага ҳам жиддий эътибор берилаётгани боис, қўйларнинг ҳолати, ривожланиши жуда яхши. Соҳа ривожида озуқа базасининг ўрни жуда муҳимлигини ҳисобга олиб, истиқболли режалар ишлаб чиқилган. Хусусан, бу йўналишда иш бошлаган ташаббускор фермерлар учун Хонобод қир-адирларида Андижон давлат ўрмон хўжалигига қарашли ерлардан ижара асосида яйлов ажратиб бериш чоралари кўриляпти.

Балиқчи туманидаги “Улкан чинор баракаси” чорвачилик фермер хўжалиги майда шохли ҳайвон боқишда ўз тажрибасига эга. Дастлаб 50 бош қўй-қўзи боқишдан иш бошлаган фермернинг қўрасида бугун 300 бош қўй бор. Айни кунда хўжалик фермасига баяд зотли 250 бош қўй олиб келинди.

— Улар ўзимизнинг қўйлардан гўшти кўп ва ёғи камлиги билан фарқ қилади, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Санжарбек Аскаров. — Масалан, маҳаллий қўй ўрта ҳисобда 25-30 килограмм гўшт қилса, унинг 30-35 фоизини ёғ ташкил қилади. Мўғулистон қўйларида бу миқдор 7-8 фоизга ҳам бормайди. Яъни ёғи кам, парҳезбоп гўшт беради. Қўй олиб келиш олдидан Мўғулистонда бўлиб, чорвадорлар иш тажрибаси, наслчилик, қайта ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишдик, ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бу йўналишда ишлаш истагида бўлган фермерларга қўй олиб келиш билан боғлиқ транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилди. Битта қўйнинг фермер хўжалигимизга етиб келиш харажати 2 миллион 400 минг сўмга тўғри келди. Ўн бир гектар майдонда майда шохли ҳайвон учун озуқа экинлари етиштирамиз. Бундан ташқари, Андижон давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги яйловлардан фойдаланиш борасида яратиб берилган имкониятлар соҳа ривожида катта аҳамиятга эга.

Қўй ва эчки экспорт қилишда давлат божи 18 доллардан 7 долларга туширилди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддати фоизлар ҳисобланмасдан тўлов таъминотисиз кечиктирилади ва кейинчалик бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Халқаро молия институтларининг кредит маблағлари йиллик 10 фоиз ставкада 5 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан ажратилди. Буларнинг барчаси лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, маҳаллий чорвачилик со-ҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

— Янги зотли қўйлар нафақат гўшт ва наслчилик, балки сифатли жун етказиб беришда ҳам ўзига хос имкониятдир, — дейди Улуғнор туманидаги “Ирода савдо транс” МЖЧ раҳбари Шавкатжон Қўшақов. — Бу қўйларнинг жуни майин ва узун, оқ рангда бўлиб, хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда ортиқча харажат ва оворагарчиликларга чек қўяди, маҳсулот сифатини яхшилаш ва таннархи тушишида устуворликлар беради.

Бу ерда янги зотли 400 бош қўй парваришланяпти. Яхши боқилган битта қўй бир йилда ўрта ҳисобда икки марта болалайди. Натижада отарлар сафи уч ҳисса кўпаяди. Истиқболли лойиҳалар дастурига кўра, баяд зотли яна 380 бош қўй олиб келиш, наслчиликни йўлга қўйиш устида иш олиб бориляпти.

— Мазкур йўналишда тадбиркорлик қилмоқчи бўлаётган ташаббускорлар сафи кенгайиб бормоқда, — дейди Улуғнор тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Зулхумор Ҳалимова. — Кейинги йилларда чорвачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик туманимизнинг драйвер соҳаларига айланди. Чунки Улуғнор Марказий Фарғона ерлари ўртасида жойлашгани боис, майда ва йирик шохли ҳайвонларни боқиш, кўпайтиришда ўзига хос қулайликларга эга. Айни кунда 24 та маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, зотдор қўйлар олиб келиш, боқиш, кўпайтириш борасида берилган имтиёз ва имкониятларни тарғибот-ташвиқот қиляпмиз, ташаббускорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаяпмиз.

Сирасини айтганда, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида йўлга қўйилган иқтисодий- ижтимоий ҳамкорлик алоқалари ҳар жабҳада бўй кўрсатмоқда. Мўғулистондан олиб келинган йирик ва майда шохли чорва ҳайвонларини парваришлаш, кўпайтириш, гўшт, жун, тери маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида бошланган лойиҳалар чорва наслчилиги ва селекция ишларини янги босқичга олиб чиқиш имкониятини бераётгани билан аҳамиятли.

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири