Иқтисодиётни инвестиция ресурслари билан таъминлаш корхоналарни соғлом рақобат тамойиллари асосида молиялашни тақозо этади. Капитал бозори ва банк тизими барқарорлиги эса мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширишнинг муҳим омилларидандир. Шу мақсадда капитални жалб қилиш ҳамда корхоналар, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин маблағларини жойлаштиришнинг муқобил манбаи сифатида молия бозорини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш талаб этилади.
ҲУҚУҚИЙ АСОС ВА АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР
Миллий иқтисодиётимизни шакллантириш шароитида банк-молия ва саноат соҳаси тараққиётига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунда иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатлар сингари Ўзбекистонда ҳам тижорат банклари ресурсларини фаол тарзда турли саноат корхоналарининг капиталлашув даражаси ва молиявий барқарорлигини таъминлашга жалб қилиш муҳим ўрин тутади.
Банк тизимининг ривожланиши ва барқарорлигини оширишнинг муҳим шартларидан бири банкларнинг ўз маблағлари ҳажмини ошириш ва кредит ташкилотлари томонидан олинган хатарларни ўз капитали билан етарли даражада қопланганида намоён бўлади.
Бу борада кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ижобий амалий натижаларга эришишга асос бўлмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тижорат банкларини янги инфратузилмалар билан таъминлаш, рақамли технологияларга асосланган хизмат турларидан фойдаланишга кенг йўл очди.
Мамлакатимизда миллий тўловлар тизими, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар инфратузилмасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга кўра, 2019 йил 1 ноябрда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ортидан юртимизда тўловларни узлуксиз амалга ошириш ва замонавий технологияларни кенг жорий қилиш, шу билан бирга, тизимнинг самарали, ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлашга имконият яратилди.
2019 йил 5 ноябрда кучга кирган “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун Жаҳон банки кўмагида илғор хорижий тажриба, умумэътироф этилган нормалар ва стандартлар асосида ишлаб чиқилди. Охирги беш йилда пул-кредит сиёсати соҳасида ислоҳотлар натижасида истеъмол товарлари ҳажми сезиларли ошиб, ўзаро мувофиқлашган макроиқтисодий сиёсат ҳамда тариф ва нотариф борасида салмоқли ишлар қилинди. Инфляцион таргетлашга босқичма-босқич ўтишга таянган ҳолда Марказий банк томонидан инфляцияни пасайтиришга қаратилган қатъий пулкредит сиёсати юритилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиз банк тизимида давлат улушини босқичма-босқич камайтириш, молия бозорида тенг рақобат шароитларини яратиш, кредитлашни фақат бозор шартлари асосида амалга ошириш, банкларнинг давлат ресурсларига қарамлигини пасайтириш, хизмат кўрсатишни модернизация қилиш, соҳада самарали инфратузилма яратиш ва автоматлаштириш, шунингдек, улар фаолиятига хос бўлмаган функцияларни бекор қилиш орқали самарадорликни ошириш вазифалари белгилаб берилди.
Ушбу фармонга мувофиқ, “Ипотекабанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асакабанк”, “Алоқабанк”, “Қишлоққурилишбанк” ва “Туронбанк”ни хусусийлаштириш бўйича қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, 2020 йилда “Ўзсаноатқурилишбанк” ва ЕТТБ ўртасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, экспортёрлар, кичик ва ўртабизнесни молиялаштириш учун 40 миллион доллар миқдорида кредит линиясини жалб қилиш юзасидан кредит шартномаси имзоланди. Банк андеррайтинг жорий этди ва бу кредитлаш операцияларини ходимлар иштирокисиз амалга оширишга ўтди.
Мамлакатимизда 2016 йилгача ички валюта бозори ва нақд пул муомаласида мавжуд муаммолар йиллар давомида инфляциянинг юқори даражада шаклланишига йўл очиши билан бирга тадбиркорликни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатиб келарди. Бу муаммоларнинг бартараф этилиши пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш ва инфляция даражасини пасайтириш учун замин яратяпти. 2017 йилга келиб, пул-кредит сиёсатини ривожлантиришда инфляцион таргетлаш режимини жорий қилишга киришилди. Мамлакатимизда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2020 йилдан инфляцияни таргетлашнинг фаол босқичига ўтилиб, 2021 йилда инфляция даражасини 10 фоиз, 2023 йилда эса 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион таргетгача пасайтириш вазифаси қўйилди. Бунинг натижасида инфляция даражасини 2017 йил якунидаги йиллик 18,8 фоиздан 2020 йил охирида 11,1 фоизгача пасайтиришга эришилди.
Шунингдек, аҳолининг банкоматлардан нақд пул ечиб олиш ҳажми 2017 йилда 98 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб, 90 триллион сўмга етди. Муомаладаги нақд пулнинг банкларга келиб тушиш кўрсаткичи 2017 йилдаги 27 фоиздан 2020 йилда 65 фоизгача кўпайди. Аҳолининг нақд пул ечиш имкониятини кенгайтириш мақсадида банкомат ва инфокиосклар сони 4,9 мингтадан қарийб 12,7 мингтага етказилди. Ҳудудлардаги чакана савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш шохобчалари ҳамда банк инфратузилмаларига ўрнатилган тўлов терминаллари сони 2017 йилдагига нисбатан 2 баробар кўпайиб, 2021 йил октябрь ҳолатига умумий сони 435 мингтадан ошиб кетди. Тижорат банклари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун банк карталарининг умумий сони 2017 йилдагига нисбатан 1,3 баробар ортиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига қарийб 25,2 миллион донани ташкил этди.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун валюта сотиб олиши ва сотиши учун тўлиқ имкониятлар эшиги очилди, товарлар (иш, хизматлар) экспортидан тушган валюта тушумини мажбурий сотиш тартиби мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча экспортчи ташкилотлар учун бутунлай бекор қилинди. Бунинг натижасида юридик шахслар томонидан ички валюта бозорида сотиб олинган хорижий валюта ҳажми 2020 йилда 2017 йилдагига нисбатан 2,1 баробар ортиб, 20 миллиард АҚШ долларидан ошди. Жисмоний шахслар томонидан айирбошлаш шохобчалари орқали хорижий валютани сотиш ҳажми 2020 йилда 2017 йилдагига нисбатан 5,3 баробар ошиб, 4,6 миллиард АҚШ долларига ҳамда хорижий валютани сотиб олиш ҳажми 22 баробардан зиёд кўпайиб, 4,1 миллиард АҚШ долларига етди. Мамлакатимизнинг олтин- валюта захиралари ҳажми 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига 35,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 2017 йилдагига нисбатан 1,3 баробар кўп бўлди.
Иқтисодиётимизга ажратилган кредит қўйилмалари ҳажми 2017 йилдагига нисбатан 6 баробар ошиб, 2021 йил якуни бўйича 332 триллион сўмга ҳамда унинг ЯИМдаги улуши 20 фоиздан қарийб 50 фоизга етиши кутиляпти. Аҳолини уйжой билан таъминлашнинг бозор тамойилларига асосланган янги тартиби жорий этилди ва ипотека кредитлари ажратиш тартиби соддалаштирилди. Тижорат банклари томонидан 2017-2020 йилларда жами 262,1 минг фуқарога умумий қиймати 32,1 триллион сўм ипотека кредитлари ажратилди. Кўчмас мулк бозорида ипотека кредитлари асосида сотилган уй-жойлар сонининг жами кўчмас мулк олди-сотдисидаги улуши 2017 йилдаги 22 фоиздан 2020 йилда 34 фоизгача ошди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тижорат банклари томонидан аҳолининг даромад топишга қаратилган фаолият билан шуғулланиши ҳамда кичик тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун имтиёзли шартларда кредитлар ажратишнинг аниқ тизими жорий этилди. Сўнгги 4 йил давомида қарийб 934 мингдан ортиқ оилага 23 триллион сўм миқдорда шундай кредит ажратилди.
Кредитларнинг реал ўсиши йилига ўртача 38,6 фоизни ташкил этди. 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, иқтисодиётга ажратилган кредитлар миқдори 277 триллион сўмни ташкил этиб, унинг умумий ҳажми 2017 йилдагига нисбатан 150 фоиз ошди.
ХИЗМАТДА — “РАҚАМЛИ БАНК”
Аҳоли сони йилдан-йилга ўсиб бораётгани хизмат кўрсатувчи тўлов терминаллари, банкомат ва инфокиосклар сонини оширишни тақозо этади. Шу боис, сўнгги йилларда инновацияларга асосланган хизмат турларини кенгайтириш ва мавжудларини такомиллаштиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Шулардан бири “рақамли банк” бўлиб, ундан фойдаланувчилар ўзларига қулай ва ҳамёнбоп бўлган масофавий хизмат турини танлаш имкониятига эга.
Таҳлилларга кўра, ривожланган мамлакатларда банк инфратузилмаси йилдан-йилга замонавийлашиб боряпти. “Рақамли банк”лар анъанавийларини конфиденциаллик, хавфсизлик, муаммоларни ҳал этиш ва тўловларни амалга оширишнинг реал вақт режимида кечиши сингари асосий мезонлар бўйича ҳам ортда қолдирди. Янги тизим жараёнларнинг юқори даражада автоматлашуви, хизматларнинг веб-сайтларга асосланиши, институтлараро банк маҳсулотлари етказиб беришни таъминловчи дастурий интерфейс иловаларидан (API) фойдаланиш, мижозларга молиявий ахборотга компьютер, мобиль телефон ва банкоматлар орқали боғланиш имконияти мавжудлиги билан ажралиб туради.
АҚШ, Япония, Буюк Британия, Жанубий Корея, Германияда ушбу хизмат тури анъанавий банк хизматига айланиб бўлган. Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Беларусда ундан фойдаланувчилар сони бошқа хизмат турларидагига нисбатан юқори. Бу эса банкларга бориб мурожаат этиш, ҳужжатларни тўлдириш ва ортиқча вақтни сарфлагандан кўра, исталган ердан арзон, қулай ва сифатли тарзда фойдаланиш афзал эканини кўрсатмоқда.
2019 йилда Жаҳон банки молиявий инклюзивлик бўйича “The Little Data Book on Financial Inclusion 2018” таҳлилини чоп этди. Унга кўра, аҳоли орасида рақамли тўловлардан фойдаланувчилар Буюк Британия, Германия, Японияда 95,5 фоизни, Италия, Жанубий Кореяда 89 фоизни ташкил этмоқда. Онлайн харидларни амалга ошириш Германияда 97,8, Буюк Британияда 89 фоизни ташкил этмоқда.
Мамлакатимиз банк секторида масофадан банк хизматларини кўрсатишда интернет банкинг ва “Банк-мижоз” дастури, SMS-банкинг ва мобиль банкинг кабилардан фойдаланилади. Масофадан банк хизматлари таркибида 2011 йилда SMS-банкинг ва мобиль банкингдан фойдаланувчилар улуши 42 фоиз, интернетбанкинг ва “Банк-мижоз” туридан фойдаланувчилар улуши эса 58 фоизга тенг бўлган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткичлар мос равишда 95 фоиздан ошди. Ушбу ҳолат юртимизда сўнгги йилларда масофадан банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг кўпайиши, асосан, SMS-банкинг ва мобиль банкинг хизматларидан фойдаланишнинг кенгайиши ҳисобига рўй бераётгани билан изоҳланади.
ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ
Мамлакатимизда фонд бозорининг инвестицион салоҳиятини ошириш борасидаги ислоҳотлар давом этмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида қимматли қоғозлар бозорининг миллий иқтисодиётдаги мавқеини ҳамда инвестицияларни жалб этишдаги ролини ошириш орқали биржа савдоларига кенг жамоатчиликни жалб қилиш вазифаси қўйилган эди.
Бугунги кунда корхоналарни самарали, адолатли бозор нархларида баҳолаш алоҳида аҳамият касб этади. Бунда акциялар одатда номинал қийматидан юқори баҳода сотилади, ҳосил бўладиган фарқ эса қўшилган капиталга айлантирилади. Бу эса, ўз навбатида, корхонанинг соф қийматини оширади.
Мамлакатимизда айни пайтда фонд бозори фаолиятининг асосини акциядорлик шаклидаги йирик корхоналар ташкил этади. Амалиётда акциядорлик жамиятларининг умумий сони камайиб бориш жараёни кузатилаётган бўлсада, уларнинг умумий устав капиталлари жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Бундай ҳолатни банк мисолида, яъни акциядорлик тижорат банкларида капиталлашув даражаси ортиб бориши билан ҳам изоҳлаш мумкин. Сўнгги йилларда қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари сони бироз камайганига қарамай, мамлакатимизда унинг институционал инфратузилмаси асосан шаклланиб бўлди.
Охирги 5 йилда республикамиз қимматли қоғозлар бозорида 46 та институционал инвестор фаолият юритиб келаётган бўлса, улардан 28 таси банк соҳаси, 9 таси суғурта фаолияти, қолгани инвестиция фондларига тегишлидир. Банклар томонидан муомалага чиқарилган акциялар 16877,82 миллиард сўм бўлиб, институционал инвесторлар таркибидаги улуши 98,54 фоизга етган. Суғурта компанияларининг умумий улушдаги ҳиссаси 1,44 фоизга тенг. Инвестиция фондлари томонидан атиги 2,32 миллиард сўмлик акциялар чиқарилган. Уларнинг институционал инвесторлар таркибидаги ҳиссаси 0,02 фоизга яқин.
Муомалага чиқарилган акциялари сони бўйича суғурта компанияларининг институционал инвесторлар таркибидаги улуши 62,6 фоиз бўлса, кейинги ўринда банклар 37,3 фоиз, инвестиция фондлари эса 0,0003 фоизга эга. Бу уларнинг қимматли қоғозларининг номинал қиймати бошқа институционал инвесторлар акциясига қараганда паст қийматда эканидан далолат беради.
Давлат банкларини трансформация қилиш, фаолиятини бозор тамойиллари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта ташкил қилиш ҳамда банк тизимида хусусий капитал иштирокини кенгайтириш ва соғлом рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тасдиқланган. Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда PWC, KPМG, Deloitte ва McKinsey company каби халқаро консалтинг компаниялари банкларни трансформация қилиш жараёнларига жалб этилди.
2019 йил февраль ойида Ўзбекистон тарихида биринчи марта ҳукумат томонидан 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги суверен евробондлар муваффақиятли жойлаштирилгандан сўнг бир қатор тижорат банклари узоқ муддатли капитал жалб қилиш мақсадида халқаро капитал бозорига кирди. Хусусан, 2019 йил ноябрь ойида “Ўзсаноатқурилишбанк” Лондон фонд биржасига 300 миллион евробонд чиқариб, тижорат банклари орасида дастлабки қадамни ташлади. 2020 йил октябрь ойида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки мазкур халқаро молия муассасасидан 300 миллион доллар маблағ жалб қилди. Ноябрь ойида эса “Ипотекабанк” ҳам шунча миқдорда евробонд жойлаштирди ва халқаро капитал бозори иштирокчисига айланди.
Сўнгги йилларда молия секторининг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар хорижий инвесторларнинг банк соҳасига бўлган қизиқишини оширишга ёрдам бермоқда. Масалан, 2020 йилда Германиянинг молиявий ривожланиш институти (Deutsche Investitions-und Entwicklungsgesellschaft mbH, DEG) ва Triodos Investment Management “Ипак йўли” банкининг 25 миллион доллар миқдорида янги чиқарилган акцияларини сотиб олиш орқали банк устав капиталига сармоя киритди.
Тараққий этган хорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, молиявий секторнинг ривожланганлик даражаси билан иқтисодий ўсиш ўртасида юқори даражада боғлиқлик мавжуд. Тизимда хизматлар соҳасининг ривожлангани молиявий ресурсларни самарали тақсимлаш йўли билан мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Тижорат банклари, фонд бозори, суғурта ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган турли молиявий хизматлар янада кўпроқ миқдордаги жамғармаларни реал секторга юқори самарадорлик таъминланган ҳолда йўналтирилишига ва бунинг натижасида реал секторда ўсиш фаоллашишига хизмат қилади.
Муҳиддин КАЛОНОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректори,
Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг
илмий асослари ва муаммолари
илмий-тадқиқот маркази директори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор