Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 2022 йилнинг 1 чорагида тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари 42 миллион АҚШ доллар миқдорида қайта молиялаштирилади.

Компания томонидан халқаро молия ташкилотларидан қўшимча маблағлар жалб этилиши бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда ва 2022 йилнинг иккинчи ярим йиллигида ўзлаштирилиши бошланиши кутилмоқда, дейилади хабарда. Айни пайтда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Молия вазирлиги ресурлари жалб этилиши назарда тутилмоқда.

Компания томонидан тақдим этилган ресурслар ҳисобидан иккиламчи бозордан уй-жойлар сотиб олиш учун 2021 йилда 1,9 триллион сўм ипотека кредитлари ажратилган, 2022 йил давомида 2,0 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, жорий этилган янги тартиб доирасида Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига бирламчи бозордан квартиралар сотиб олиш учун мунтазам равишда ресурслар ажратиб келинмоқда.

Молия вазирлиги ресурслари ҳисобидан бирламчи бозордан квартиралар сотиб олиш учун 2021 йилда 5,0 триллион сўм ажратилган бўлса, 2022 йилда аҳолига кредитлар бериш учун тижорат банкларига 12,8 триллион сўм ресурслар ажратилиши назарда тутилган.

Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб Компания томонидан ипотека облигациялари чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, мазкур маблағлар ҳисобидан Компания фаолияти янада ривожланади.