Буюк мутафаккир аждодимиз, мутакаллим олим Имом Абу Мансур Мотуридий ҳамда у асос солган таълимотни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш мақсадида 2022 йил 26 май куни Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуидаги II халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ўтказилди.

Ўзбекистон қадимдан жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига ўз асарлари, яратган умрбоқий таълимотлари, инсоният тараққиёти учун хизмат қилувчи эзгу ғоялари ҳамда кашфиётлари билан бебаҳо ҳисса қўшган алломалар замини бўлиб келган. Улар қаторида калом ва ақида илмининг буюк намояндаси, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларининг қарийб ярми эътиқод қиладиган мотуридийлик таълимоти асосчиси ҳисобланган мутакаллим олим Абу Мансур Мотуридийнинг номи алоҳида аҳамиятга эга.

У яратган эътиқодий тизим ислом динига ёт бўлган турли оқимлар ғояларига нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар бериш орқали мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ўта муҳим ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда алломанинг илмий меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш долзарб вазифалардан бири саналади.

Мазкур вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ICESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотлар, Салжуқ универвитети Имом Мотуридий тадқиқотлари маркази, ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси каби хорижий илмий муассасалар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бошқа қатор муассасалар билан ҳамкорликда ушбу тадбир ташкил қилинди.

Халқаро онлайн илмий-амалий симпозиумда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъати аъзолари, маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар иштирок этдилар. Шунингдек, Миср Араб Республикаси, Иордания, Туркия, Германия, Россия, Малайзия, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатлардан мотуридийшунос ва исломшунос олимлар қатнашдилар.

– Бугун ушбу марказда ташкил этилган “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуидаги халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ҳозирги вақтда долзарб бўлиб турган ихтилофли ақидавий масалаларни ҳал қилишга хизмат қилишига ишонаман, – дейди Ал-Азҳар университети (Миср) Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий. – Ушбу симпозиум экстремизм, мутаассиблик, динсизлик, жаҳолат каби иллатларга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу симпозиумда Европа, Африка, Осиё мамлакатларидан кўплаб тадқиқотчилар иштирок этмоқдалар. Ўйлайманки, улар Имом Мотуридий ҳазратларининг илмий-маънавий меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшадилар. Мен симпозиум ташкилотчиларига алоҳида ташаккур изҳор қилган ҳолда Ўзбекистон ҳар доим бўлганидек дунёга Имом Мотуридий каби забардаст уламоларни етиштириб беришда бардавом бўлишини тилаб қоламан.

Симпозиум давомида  иштирокчилар томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти: мотуридийлик намояндалари ва асарлари, мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотлар, глобаллашув жараёнида мўътадил ислом таълимотининг аҳамияти, замонавий исломшунослик тадқиқотлари сингари муҳим илмий масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, симпозиумда олимлар мотуридийлик таълимотининг ўзига хос хусусиятлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази мотуридийлик таълимотини жаҳонга танитиш ҳамда ислом оламида мўътадил таълимотни халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилаётганини эътироф этдилар.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати