Велоспортчилар умумий узунлиги 40 км – бошланиш нуқтаси (старт) Термиз туманидаги Фаёзтепа ёдгорлиги ҳамда тугаш нуқтаси (финиш) Термиз шаҳридаги Мустақиллик майдонига қадар бўлган масофа оралиғида беллашди.

Марафонда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилояти кенгашининг нафақат спорт секциялари аъзолари, балки Ташкилотнинг автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида таҳсил олаётган “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар ҳам фаол иштирок этди.

Дўстона руҳда ўтган мусобақа якунида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва тадбир ташкилотчилари томонидан ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

“Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафонини ўтказишдан мақсад, юртимизда велоспортни оммалаштириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитларни яратиш, қолаверса, Оролбўйи минтақасида истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, кенг жамоатчилик эътиборини долзарб экологик муаммолар ечимини топишга қаратишдир.

Шу билан бирга, марафон доирасида жалб этилган ҳомийлик ва хайрия маблағлари Мўйноқ туманидаги Али-овул қишлоғини ободонлаштириш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик суви тармоғини тортиш, иш ўринлари яратиш сингари аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги эзгу ишлар учун йўналтирилади.