Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев сўзга чиқиб, жорий йилда бўлиб ўтажак сайловларга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнида гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида алоҳида тўхталди.

З.Низомхўжаевнинг таъкидлашича. МСК томонидан сайловнинг барча босқичларида хотин-қизларнинг муносиб иштирок этишини кузатувчи 11 та индикатор ишлаб чиқилди. Ушбу индикаторлар бу йилги сайлов кампаниясидан бошлаб амалиётга татбиқ қилинмоқда.

Ушбу индикаторлар бўйича айрим рақамлар:

Бугунги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларининг 1565 нафаридан 437 нафарини (32,6%) хотин-қизлар ташкил қилмоқда. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги сайловчиларнинг 17 октябрь ҳолатига 10 762 291 нафари (50,6%) аёллар ташкил этади.

Айни пайтда МСК Президент сайлови кампанияси жараёнларининг шаффофлиги ва инклюзивлигини таъминлаш, аёллар, ёшлар ва имконияти чекланган шахсларнинг сайловда фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бу борада МСК БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда 2019-2021 йилларда сайлов жараёнини қўллаб-қувватлаш» қўшма лойиҳаси доирасида «Сайлов ва гендер: сиёсат соҳасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ва миллий амалиёт» туркумидаги семинарларни ташкил этмоқда.

Ўқув семинарлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, аёлларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари хотин-қизларнинг сайлов жараёнидаги иштироки борасидаги касбий билим даражасини оширишга қаратилган бўлиб аёлларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида иштирок этиш имкониятларини янада оширади.

Шунингдек, ўқув семинари иштирокчилари учун «Сайлов ва гендер: сиёсат соҳасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ва миллий амалиёт» деб номланган услубий қўлланма яратилди. Ушбу қўлланманинг электрон версияси МСК (https://saylov.uz) ва БМТТД (https://www.uz.undp.org) расмий веб-сайтларига жойлаштирилди.

Баҳор ХИДИРОВА,

«Янги Ўзбекистон» мухбири