Тинч, осуда, фаровон ҳаёт ўз-ўзидан келмайди, албатта. Унинг барқарорлигини таъминлаш аслида осонгина ҳал этиладиган масала эмас. Шу боисдан ҳам оилага мамлакатимизнинг ички сиёсатидаги муҳим буғин сифатида қаралади. Олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятида асосий ўринга эга.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида 512 минг 21 та оила мавжуд. Улар орасида нотинчлари, ночорлари, никоҳи бузилганлари, ногирон фарзанди борлари, боқувчисини йўқотганлари учрайди. Айниқса, низоли оилалар сони ортиб бораётгани энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб, бу каби оилалар билан алоҳида иш олиб боришни талаб этмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида ҳудудлар кесимида нотинч оилаларнинг ҳар биридаги нотинчлик сабабларини ўрганиш, ушбу оилалардаги муҳитни соғломлаштириш бўйича мазилли дастурлар ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Хоразм вилоятидаги 4035 та оилалардаги нотинчлик ҳолатлари чуқур ўрганилганда, 33  тасида ишсизлик, 31 тасида моддий етишмовчилик, 172 тасида руҳий касалларнинг мавжудлиги, 577 тасидаги турли оилавий келишмовчиликлар, жумладан 12 тасида рашк, 133 тасида эса  мол-мулк талашиш, 19 тасида гиёҳвандлик ва 3058 тасидаги  ичкиликбозлик билан боғлиқ муаммолар турли низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётгани маълум бўлди. Ҳар бир шаҳар ва туманлар кесимида бу каби оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларни соғломлаштириш мақсадида давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат “Мақсадли гуруҳ”лар ташкил қилинди. Ушбу оилалар билан ишлаш учун маҳалла ҳудудида жойлашган таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган психологлар жалб этилмоқда. Жорий йилнинг 5 ойи давомида Хоразм вилоятда 983 та оилалардаги нотинчликлар бартараф қилинди.

Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш олдимиздаги долзарб вазифалардан саналади, — дейди Хоразм вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига сайланган депутат Гулсара Қурбанбаева. – Нотинч оилалар билан алоҳида суҳбатда бўлиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, кўзга ташланган муаммо ва камчиликларга ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Тегишли ташкилоятлар ҳам жалб этилган.  Оилалардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаатдага ўз вақтида жавоб қайтариб, уларни ижобий ҳал этиш чораларини кўришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражаги олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида янги тизимда ишлар олиб борилмоқда. Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда ишлаш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларни ижтимоий реабилитацияси борасида жорий йилда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида жиноятчиликка мойиллиги бўлган хотин-қизлар сони 185 нафарни ташкил қилади.  Шу йилнинг 5 ойи давомида вилоятда 56 нафар хотин-қизлар томонидан 67 та жиноят содир қилинган. Шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилинганда, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим ҳудудларда жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатлар ошганини кўрсатади.

Оғир руҳий ахволдаги хотин-қизлар билан доимий равишда якка тартибда профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Оилавий  аҳволи ўрганилиб, кам таъминланган аёлларнинг 4 нафарига ҳомийлар томонидан 50 тадан жўжа паррандачилик билан шуғулланишлари учун берилди ҳамда уларнинг бир йиллик мавсумий бандлиги таъминланди.

Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, халқимиз тинчлиги, осойишталигини таъминлаш, оилалар фаравонлигини ошириш борасида ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида оилалардаги ҳуқубузарликлар ўтган йилга нисбатан биргина Янгибозор ҳамда Ҳазорасп туманларининг ўзида 4 тага камайишига эришилди. Шунингдек, жиноят содир этган 56 нафар ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 13 нафар аёлларнинг маҳаллалардаги маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, шунингдек, маҳаллада яшовчи намунали хонадон аъзолари мураббий қилиб бириктирилди.

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан оилавий келишмовчиликларга буткул барҳам бериб бўлмаяпти. Оилавий муаммолар ҳақида сўз кетар экан, ҳаёлимизни кўплаб салбий фикрлар билан банд этиб бўлган. Афсуски, аслида ҳам шундай. Ушбу муносабатларда тўла муваффақиятга эришиш истаги оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Биз ана шу ҳолатга қарши курашни аниқланган вақтдан бошласак бирор натижага эришишимиз қийин бўлади. Одоб-ахлоқ, меҳр-муҳаббат, оқибат устунлиги оилада тотувликни таъминлашнинг энг биринчи зарурати. Демак, ана шу фазилатларни сифатларни олдиндан мустаҳкамлаб қуйишга интилишимиз керак. Тан олиш керак, ҳар бир оиланинг моддий, маънавий эҳтиёжлари бор. Муаммо ва низолар қарама-қаршиликдан келиб чиқади. Хўш, ечим қандай? Биз нима қилсак тинч-тотув яшаймиз. Бунинг сири ҳамжиҳатлик ва оғизбирчиликда. Ҳаётимизни эзгу ғояларга бўйсундирганимиз сари у янада гўзал, жозибали, бенуқсон бўлиб боради. Оила гуллаб-яшнайди. У жамиятнинг шунчаки тинчлик-тотувлик хукм сураётган бўғини бўлибгина қолмай, инсониятни улуғворликка, юксакликка элтадиган манбага айланади.

Гулноза УМИРОВА,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби.