2023 йил 6 март куни Анқара шаҳрида жойлашган ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти қароргоҳида бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар адабий ташкилотлари раҳбарлари йиғилишида ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги таъсис этилган эди. Бирликнинг илк йиғилишини Навоий шаҳрида ўтказиладиган «Мумтоз шеърият» халқаро фестивали доирасида ташкил этиш таклифи илгари сурилиб, барча иштирокчилар томонидан маъқулланган эди.

Ушбу нуфузли фестивалнинг улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий номи билан аталган шаҳарда ўтказилгани алоҳида рамзий маънога эга. Қадим тарихга эга бўлган Ўзбекистон заминида Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон каби шаҳарлар азалдан адабиёт, санъат маскани бўлган. Навоий ҳаёти ва ижоди нафақат, туркий халқлар, балки жаҳон адабиёт ихлосмандларини ҳам қизиқтириб келган. Шеъриятнинг ўн олти хил жанрида ижод қилган шоир туркий тилнинг луғати бетакрор ва гўзал сўзларга бой эканини асрлар давомида дунё халқлари ўқиб, ўрганиб келаётган асарлари орқали кўрсата олган.

Бугун сўнгги йилларда улкан бунёдкорлик майдонига айланиб, янада гўзал ва обод бўлган кўпмиллатли Навоий шаҳри ҳам ана шу шаҳарлар қаторида эл-юртимизнинг фахри бўлиб, азиз меҳмонларга қучоқ очди.

Албатта, туркий халқлар шеърияти кўп асрлик тарихга эга ва асрлар давомида миллий қадриятлар асосида такомиллашган, мумтоз шеърият намуналари оригинал шакл, ўзига хос тузилмага эга бўлган мукаммал тизим – аруз вазни асосида яратилган. Аруз вазни кўп асрлар мобайнида Шарқ шеъриятининг асосий тизими бўлиб келди ва бугунги кунда ҳам ўз яшовчанлигини, замон билан ҳамнафас бўла олишини намоён этмоқда. Туркий халқлар мумтоз шеърияти Шарқ фалсафаси, дунёқараши билан уйғунлашиб кетган ноёб ҳодиса сифатида жаҳон олимларини доимо қизиқтириб  келади.

Шубҳасиз, Ўзбекистон заминида тарихдан олиму уламолар, шоиру фузалолар етишиб чиққан ва Самарқанд, Бухоро дунё илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат ўчоғи саналган. Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Амир Темур каби буюк сиймоларимизнинг дунё тамаддунига, илм-фан ривожига ҳиссасини қўшган илмий асарларидан ҳали-ҳамон дунё олимлари қўлланма сифатида фойдаланишади. Навоий ва Бобур каби алломаларимиз асарларини жаҳон фан арбоблари ҳамон ўрганади. Туркий халқларни адабий муҳитда бирлаштирган ушбу халқаро нуфузли фестивал улар ёққан маънавият ва маърифат машъали ҳамон дунёга зиё таратиб турганидан нишонадир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июлдаги «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўтказилган мазкур халқаро шеърият фестивали туркий халқлар шоирлари ва таржимонлари, шунингдек, адабий ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қардош халқлар ижодкорлари ўртасида яқиндан мулоқотни йўлга қўйишга қаратилгани билан ҳам янада аҳамиятли бўлди.

Фестивал доирасида туркий мамлакатлардан ташриф буюрган адиблар барча туркий халқларнинг буюк шоири Алишер Навоий ҳайкали пойига эҳтиром рамзи сифатида гул қўйиб, аллома номи билан аталадиган боғда янги кўчатларни экдилар. «Туркий адабиёт дурдоналари» 100 жилдлиги ҳамда «Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги» китобининг 30 жилдлиги, Алишер Навоийнинг қозоқ тилида чоп этилган «Хамса» асари тақдимотлари туркий тилларда ижод қиладиган шоир-ёзувчиларда чуқур таассурот қолдирди.

Адабиёт, шеърият ва дусўтлик байрамида ўзининг ёрқин ва бетакрор истеъдоди, дунёга машҳур бадиий асарлари, серқирра ижодий ва ижтимоий фаолияти билан туркий халқлар, жумладан, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, навқирон ижодкорларни тарбиялаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик, тинчлик ваҳамжиҳатлик руҳида камол топтириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги фахрий раиси, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби Анар Расул ўғли Рзаев Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. 

1938 йилда Боку шаҳрида туғилган Анар Рзаев Озарбайжон халқининг ардоқли ёзувчиси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари, Марказий Осиё ва туркий тилли халқлар адабиётини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган адиб ва жамоат арбобидир. Анар Рзаев Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. У Боку шаҳрида Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатиш ғоясининг ташаббускорларидан биридир.

– Бугун  Ўзбекистон Президенти томонидан юксак мукофот билан тақдирланганимдан жуда бахтиёрман ва миннатдорман. Халқларимиз ўртасидаги қардошлик узоқ тарихга эга ва бугунги кунда ҳам узвий давом этмоқда. Буюк аллома номи билан аталадиган Навоий шаҳрида ташкил этилган халқаро фестивал туркий халқлар ижодкорларини бир давра жам қилгани билан жуда ҳам аҳамиятли бўлди. Бу анъана яна давом этади, – ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги фахрий раиси, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анар Рзаев.

Меҳмонлар фестивал доирасидаги тадбирлар давомида юртимизнинг баҳори бутун борлиққа гўзал сепини ёйган шу кунларда Маърифат боғида сумалак сайли ва фольклор-этнографик жамоаларнинг қўшиқ ва томошаларидан, «Фарҳод» маданият саройида ўтган «Ватан манзумаси» адабий-маърифий дастурдан баҳраманд бўлдилар.  Саҳнада намойиш этилган адабий-бадиий чиқишларда илдизи мустаҳкам туркий тилнинг бош негизи – Ўрхун Энасой тош битиклари, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Хожиб, туркий тилнинг бой луғати ва жозибасини дунёга танитган Навоий асарлари, ўзбек драматургиясига асос солган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмаси ва бошқа адабий хазинамиз дурдоналари ўз аксини топди.

– Агар турли милллатларнинг адабиёти, санъати ва маданиятлари  бирлашса, шу йўлда хизмат қилаётан зиёлилар фидойилар бир мақсад йўлидан боришса, элу юртлар бирлашади. Адабиёт деганда биз эзгу сўзни, аждодларимиз қолдирган бой сўз меросини тушунамиз. Бугунги анжуман қардош халқлар ижодкорларини эзгу йўлда учраштирди. Биринчи қадам қўйилди ва юз жилдли китоблар нашр этилди. Келгусида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида туркий халқларнинг эллик томдан иборат фольклор асарларини нашр этишни режалаштиряпмиз. Бизда «Алпомиш», «Гўрўғли», қозоқларда «Манас», бошқа миллатларда ҳам шу каби фольклор асарлар бор. Мана шу асарлар турли тилларга таржима қилинса, уларни ўргансак, маънавий дунёмиз янада кенгаяди, – дейди «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилиши, дунё миқёсида ғоят нуфузли мазкур халқаро адабий анжуманнинг юртимизда ўтказилиши ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта. Бунга мамлакатимизда кейинги йилларда барча тармоқларда бўлгани каби сўз санъати соҳасида ҳам чуқур ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилгани туфайли эришилди. 

Йиғилишда ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби Султон Райев ва фахрий раиси Aнар Рзайев, ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги ҳамда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, шу билан бирга, Евроосиё, Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Татаристон ва Бошқирдистон Ёзувчилар уюшмалари вакиллари қатнашди.

Албатта, бугун дунё жамоатчилигининг диққат марказида бўлган ушбу нуфузли халқаро тузилма туркий халқлар ўртасида адабий алоқаларни янада ривожлантириш, туркий халқлар мумтоз шеъриятини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилиш, адабиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, туркий тилли давлатларнинг маънавий қадриятлари ва тарихий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамма оммалаштириш  каби мақсад ва вазифаларга хизмат қилади.

Фестивал доирасида тадбир иштирокчилари Нурота туманидаги «Чашма» тарихий-меъморий мажмуасига ҳам саёҳат қилишди ва қадимий маскан тарихи ҳамда бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.

Албатта, халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик, оға-ини, қардош-қариндошчилик ришталари адабий ҳамкорликда янада мустаҳкамланади. Айнан шу мақсадда тузилган Турксой Ёзарлар бирлиги эса эндиликда туркий халқлари ижодини бирлаштириш, нафақат, асарлари, балки маданиятини ҳам авлодларга мерос қолдиришга хизмат қилади.