Қаёқда, столда ўтириб, хомиқиб қолган қаламкашлар 4–5 ғиштни кўчираман деб тоб ташлаб юбордик. Қўлларимиз қавариб, қонталаш бўлиб кетди.

— Бўлди, етар, — деди Музаффархон ака, — қолганини мардикор болаларга қўйиб берақолайлик. Ундан кўра, дадам беҳол, барчамиз бориб, у кишидан ҳол сўрасак, шу ҳам катта савоб.

 Озроқ бозорлик қилиб, домланинг хонадонига йўл олдик. Борсак, уйларида меҳмон — Қўқон ўлкашунослик музейи директори Ибодулла Раҳматуллаев бор экан. У киши ҳам домлани ажзи ниёз қилгани келган экан.

 — Булар ўғлимизнинг ўртоқлари, эски уйимизнинг ёғочларини кўчириб келишаяпти, ҳашар қилишган, — деди Чустий домла бизни таништириб.

 — Эҳ-ҳа, булар уйбузарлар денг ҳали, — деди меҳмон ғоят тагдор қилиб.

— Бизлар росмана “шағал тўкдик” (шарақлаб кулиб юбордик).

 — Энди шу пайровдан кетар эканмиз-да, — дедилар Чустий домла. — Ҳашарчиларнинг ҳам кўнгиллари ёзилади баҳонада.

 — Шу дейман, домла, Қўқондан туриб эшитиб қолдим: Чустий домланинг уйлари бузилиб, нима қилишни билмай ҳовлиқиб юрибдилар, деб.

 — Ҳовлиқилиш осон эмас экан, Ибодуллахон ука, материал танқис – тополмай, касал бўлиб қолдим, у ёғини сўрасангиз, то невропотолоккача (потолок – русча: шифт) чиқдим-да ўзиям. Райисполкомдагилар: “Борамиз, ёрдам берамиз”, — дейишганди, мана, ҳалигача ҳеч ким йўқ.

 — Ундай бўлса, юқоридагиларни пойлаб, эрталаб бўсағада роса ўтирган бўлсангиз керак?

 Чустий домла бир ёғи кексалик, бир ёғи бетоблик сабаб чарчаётгани анча билиниб қолганди. Буни вақтида англаган меҳмон бугунги гурунгга чек қўйиш учун аскияни қисқароқ қилди:

 — Чустий домла, ҳовлиқилишдан анча чиқиб қолибсиз, рангингизни қаранг — кўрганлар: “Бу чолдевор бўлиб қолибди”, дейди.

 Аскиянинг битта ўзгармас қонуни бор: “Гап келганда, отангни аяма”, деган. Бунда ҳам шундай бўлди. Чустий домла ўзларини йўқотиб, ранглари оқариб кетди. Меҳмон аста ишора қилиб, бизга рухсат берди”.

***

Юқоридаги аскияга уланиб кетган воқеани 2015 йил 9 март куни моҳир таржимон Амир Файзулла тилидан ёзиб олган эдим. Фольклор асарлари, жумладан, аскиянинг асрлар оша яшашининг сири унинг ижодкорлари ҳам, ижодошлари, яъни тингловчилар, томошабинлар ҳам қуймақулоқ — хотираси бир кўргани, бир эшитганини унутмайдиган даражада кучли одамлар эди. Амир Файзулла  бундан қарийб ярим аср аввал бадиҳа тарзида айтилган аскияни бу қадар аниқ такрорлаши ҳам шундан. Демакки, фольклор, унинг барча намуналари, жумладан, аския, қизиқчилик она тилининг туганмас бойликларини юзага чиқариш, тобора ривожлантириш, бойитиш, шунингдек, миллат, айниқса, ёш наслнинг зеҳниятини ўстириш, фаҳмини чархлаш йўлида бутун ижодий кучини сарфлайди.

Бежиз эмаски, давлатимиз раҳбари мамлакатимизда миллий қадриятларимизни, шу жумладан, миллий аския ва қизиқчилик санъатини асраб-авайлаш, кенг тарғиб этиш ва келгуси авлод учун номоддий мерос сифатида етказиш мақсадида алоҳида қарор қабул қилди. Эндиликда Марғилон шаҳрида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик марказининг ташкил этилиши юқоридаги мақсадларга хизмат қилажаги аниқ. Зеро, бу Марказ устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, маданият ва таълим муассасаларида аския ва қизиқчилик санъати тўгаракларини ташкил этиш, аския ва қизиқчилик санъатини сақлаш ва тарғиб этиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, айни йўналишдаги ижодий ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлайди. Аскиячилар ва қизиқчилар оммавий байрамлар ва маданий тадбирларда фаол иштирок этишини таъминлайди, уларнинг мамлакатимизда ва хорижий давлатларда гастроль фаолиятини амалга ошириш, фестиваль, кўрик-танлов, ижодий кечалар, аския ва қизиқчилик томошаларини ташкил этишга кўмаклашади. Аския ва қизиқчилик санъатининг пайров, қофия, баҳри-байт, афсона, радиф, айтишув, раббия каби ноёб шаклларини асраш ва тарғиб этиш, саҳнавий сюжетларини ривожлантириш ҳамда истеъдодли сўз усталарининг ижод фондини ва махсус адабиётларни яратиш жараёнида эса, бу санъатлар камолоти таъминланади.

Умуман олганда, эндиликда аския ва қизиқчилик санъати ҳам, унга бағишланган илмий тадқиқотлар ҳам юқори босқичга кўтарилади.

Филология фанлари доктори, профессор Комилжон Имомов кулгу сеҳрли куч-қудратга эга, деб англаш қадимги мифологик эътиқодлар ҳамда Наврўз билан боғлиқ ҳолда тўлиқ анъаналашгани, тадқиқотчилар маросимлар таркибидаги кулгу хурсандчилик ва шодлик ато этувчи сирли куч — сеҳрни ташиган, магик кулгу никоҳ, бола туғилиши ёки Наврўз кунларида юз берган ўйин-кулгуларда, кўнгилхушликларда амал қилганини, кишиларга ҳаёт бахш этувчи жодуга молик бўлганини алоҳида таъкидлашганини эслатади. У магик кулгу кейинчалик сеҳрли эртакларга кўчганини билдириб, мисоллар келтиради. Ушбу илмий ахборотдан ибрат олиб, аскияни магик кулгу кесимида ўрганиш унинг феноменини теран, ҳар тарафлама таҳлил ва талқин қилишга имкон яратади, деган тўхтамга келамиз. Зеро, одамзод серпуштлигини кулгу магияси паноҳида сақлаш, амалга ошириш аскиянинг юксак вазифасини (миссиясини) белгилаган. Аскиядаги, — улуғ адиб Абдулла Қаҳҳор иборасини қўллаб айтсак, шабада чиқариш усули инсоннинг никоҳ тузиб, оила қуриб, фарзанд кўриб, зот-зурриёт қолдиришдек энг олий бурчини улуғловчи мажоздир.

Аския жуда юксак ва мураккаб санъат. Аскиячилар мавриди топилганда, лақабларни ҳам “ўйнатадилар”. Аммо бу бадиий усулни илғай олмайдиганлар ҳам топилади. Ўзбек болалар фольклори бўйича ёзилган диссертациянинг дастлабки муҳокамасида қатнашганимда, гувоҳ бўлдимки, бир ўринда нима учундир лақаб замиридаги эстетик моҳиятдан тамомила узоқлашиб, текис ерда қоқилган муаллиф шундай деб ёзган — сабабини ҳеч тушуниб бўлмайди: “Катталар орасида азалдан бир-бирига лақаб қўйиб, лақаббоз қилиш одатий иллат (таъкид бизники – М.Қ.) даражасида сақланиб келаётир. Буни эса табиатига кучли тақлидчилик майли хос бўлган болалар ҳам ўзлаштириб олишган. Улар орасида лақаббозлик ўйин даражасига кўтарилган. Бунда бирор-бир камчилиги сабаб лақаб орттирган шахсни таҳқирлаш (таъкид бизники – М.Қ.) кўзда тутилади”. Жавобан, биз устоз Абдулла Қаҳҳор 1963 йилда ёзган шу сўзларни эслаб, ўқиб бердик: “кишиларга “лақаб қўйиш мумкин эмас” деган даъво жаҳолатдан ва демагогиядан бошқа нарса эмас. Аскияда лақаб кишини ҳақорат қилмайди, балки сўз мусобақасида бир восита бўлади, холос. Саҳнада ўғри, порахўр, айиқ, ит, эшак қиёфасида чиқадиган артистлар ҳақорат остида қолди, деган гап кимнинг хаёлига келиши мумкин”.

Бу каби доно ўгитларни унутмай, ижодий фойдаланишимиз хайрли бўлади.

Этнографлар томонидан тўпланган маълумотлар, далиллар кундалик турмушимиз, маросимларимиз, одатларимиз тубидаги тасаввурларнинг асосий қисми ҳосилдорлик, серфарзандлик мурод-мақсади сарчашмасидан бошланиб, асрлар, эралар оша яшаб келаётганини тасдиқлайди. Ўлиб тирилувчи табиат ҳақидаги тасаввурлар заминидан униб чиққан маросимларга пухта ҳозирлик кўрилиб, махсус безаклар тайёрланган. Маълумки, ўтган узоқ замонлардан то ҳозирги кунларгача ҳам Фарғона водийси қизлари кўкламда, толчовкон ортда қолиб, толкучуклар яйраб-яшнамоқнинг ҳадисини олиб, тол новдаларига сариқ гуллари ярашиб тизилишганда, уларнинг пўстини шохларидан устидаги гуллари билан биргаликда шилиб олиб, кокилларига толпопук қилиб тақадилар, қошларига ўсма тортиб, ясанадилар, ҳалинчак учадилар. Бу ўлиб тирилган табиатни эъзозлашдир. Эр-у хотин, ёш-у қари чаккасига гул, райҳон, лола тақиши ҳам шунинг далолати. Филология фанлари доктори Асқар Мусақулов ёзганидек, “Аждодларимиз нафақат бойчечак, балки барча чиройли ва хушбўй гуллар ҳосилнинг мўл бўлиши, инсоният авлодининг давомийлиги ва бахтига ижобий таъсир қилишига ишонганлар. Шу сабаб халқимизда эрта баҳорда бинафша, бойчечак, йил бўйи турли гулларни чаккага қистириб юриш одати кенг тарқалган:

 Чаманда гул очилибди-ё,

 Чаккангга тақ, чаккангга...

Сиртдан соддагина кўринган ушбу икки мисранинг сийрат маъноси – оила, фарзанд, бахтли турмуш орзусидир”.

Шу муаллифнинг ушбу фикрлари ҳам мавзумиз нуқтаи назаридан эътиборга молик: “Қадимги кишилар эрта кўкламда гуллар, дарахтлар ҳам ўзаро никоҳга киришишига, шу пайтдаги никоҳ — энг бахтли никоҳ бўлишига ишонганлар. Демак, Наврўз — табиатнинг биринчи катта тўйи бўлиб, у жамият билан уйғунлик рамзи ҳамдир”.

Юқорида таъкидланган ишонч ҳам аскиянинг туб мазмуни нима учун унутилмай, йўқотилмай — муҳофаза этилиб, ривожланиб келаётганининг сабабини очишга хизмат қилади.

***

Президентимизнинг “Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги муҳим тарихий қарори мамлакатимизда аския ва қизиқчиликни янада ривожлантириш билан биргаликда, халқимизнинг бу ноёб номоддий меросини ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган “Табассум” халқаро кулги фестивали саҳнасида жаҳон миқёсида тарғиб қилиш учун ҳам кенг йўл очди.

 Халқимизнинг лабидан кулгу аримасин!                                                     

Кулгу ижодкорлигимиз жаҳонда тинчликни, дўстликни, ҳосилдорликни, серфарзандликни, оилани, она тилимизни, гўзал Ватанимизни улуғлаб, бадбин оммавий маданиятни уятга қолдириб, одамийлик эъзозланишига беминнат камарбаста бўлаверсин!

Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ,

филология фанлари номзоди