Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев минтақа давлатлари раҳбарларига мурожаат қилиб, мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш борасида сув-энергетика, экологик, маданий-гуманитар соҳаларда қатор муҳим ташаббуслар билан чиқди.

Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев ташаббус кўрсатиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини умумий энергия маконини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақириб, яшил энергия ва энергия тежамкор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратди. Ушбу мақсадлар учун Марказий Осиё мамлакатлари Мувофиқлаштирувчи электр энергетика Кенгаши фаолиятини фаоллаштириш ва унинг мандатини кенгайтириш зарур.

Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари, тоза энергиянинг улкан салоҳиятига қарамай, қатор муаммоларни, жумладан, иқтисодий ва экологик муаммоларни бошдан кечирмоқда.

АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (U.S. EPA) ва Узоқ масофага трансчегаравий ҳаво ифлосланиши Конвенция котибияти (LRTAP) тўғрисидаги маълумотларига кўра (август 2020), Марказий Осиё шаҳарлари ҳаво сифати бўйича дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлар каторидан ўрин олган. Атмосферани карбонат ангидрид чиқиндилари билан ифлослаштириш бўйича энг оғир вазият Тошкент, Олма-ота, Душанбе ва Бишкек шаҳарларида кузатилмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бюроси (ЖССТ) маълумотларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларида атроф-муҳит ифлосланиши жиддий касалликларга сабаб бўлмоқда ва минтақадаги барча ўлимларнинг 15% ни ташкил этмоқда.

Айни пайтда, Марказий Осиёда қайта тикланадиган энергия манбаларини (ҚТЭ) жорий этиш учун барча имкониятлар мавжуд. Жумладан, Тожикистон ва Қирғизистон жахоннинг гидроенэргетика иқтисодий самарали салоҳиятининг 5,5% эга. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудида йилига ўртача 3000-3600 соат қуёш радиацияси жамланган бўлиб, Шарқий Қозоғистон факаткина  Жунгор дарвозасида шамол потенциали йилига 1,3 трлн. кВт соатни ташкил этади.

Бу салоҳиятга қарамай, йирик гидроэнэргетика (ўрнатилган қуввати 40 МВт ёки ундан ортиқ бўлган ГЭСлар) бундан мустасно, Марказий Осиё мамлакатларида ҚТЭ улуши 1% дан 3% гача халос.

Шу билан бирга, қайта тикланадиган энергияни Марказий Осиё минтақасида кенг тарқалилишига 2016 й. дунёда содир этган мухим бурилиш кулай шаройит яратади. Хусусан ўша йилда  қайта тикланадиган энергия электр ишлаб чикариш қиймати - ёқилғи энергия ишлаб чиқариш қийматига тенг бўлди.

Шу билан бирга, қуёш электр станцияларини ўрнатиш харажатлари эса, Халқаро қайта тикланадиган энергия агентлиги маълумотларига кўра, 2010 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда дунё бўйича ўртача 83% га камайган.

Бундай шароитда БМТ Иқтисодий комиссияси ҳисоботи, диққатга сазовордир. Унда келтирилишича Жанубий ва Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиёнинг 17 мамлакати қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича дунёдаги инвестицияларнинг атиги 0,2% – 0,4 млрд долларини ташкил этади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда шуни ишонч билан қайд этиш мумкинки, Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари умумий энергия маконини шакллантириш ва 2003 й.да ташкил этилган Мувофиқлаштирувчи электр энергияси Кенгаши фаолиятини қайта жонлантириш ва қўшимча ваколатларни бериш борасидаги ташаббуси долзарб бўлиб минтака давлатлари муносабаатлари ва ўзаро боғлиқлигини ва қайта тикланадиган энергияни жорий этишга, ёқилғи ва гидроэнергетика ресурсларидан комплекс, оқилона фойдаланишга ёрдам беради, ўрта ва узоқ муддатли  ўзаро манфаатли дастурларни амалга оширишга хизмат килади.

Яна бир мухим фактлардан бири шундан иборатки, Европа Иттифоқи яшил технологияларни жорий килиш ташаббусларни пешкадами сифатида декарбонизацияга эришишни глобал мақсадга айлантириб атмосферага СО2 газлари эмиссиясини нол даражага эришишга интилмоқда. Шунингдек, 2026 й.га боскичма боскич углерод йиғими ёки бошқа сўз билан айтганда углерод солиқ жорий этишга киришмоқда (Carbon Border Adjustment Mechanism, CBAM), бу эса  Европа Иттифоқига импортни амалга оширувчи хар бир давлатга, ва шу каторда Марказий Осиё давлатларига хам жиддий таъсир қўрсатади.

Жахон иқтисодиётида “яшил” технологияларни жорий этиш ортга кайтмас глобал тенденциялардан бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг яшил энергияни жадал жорий этиш бўйича Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг консултатив учрашувида энергия тежамкор технологиялар жорий этиш борасидаги билдирган ташаббуси миллий қонунчиликларни такомиллаштириш ва уйғунлаштириш, ҳамда технологик линияларини янгилаш, интеграциялашган экологик меъёрларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хизмат қилади. Шунингдек минтақа мамлакатларининг умумий позицияни шаклланишига ва даврнинг янги талабларига мослашишга хизмат килади.

Саидханов Нодир, 

Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими