Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати чуқур ўйлангани, прагматик ва аниқ ечимларга асослангани, демократик руҳда экани билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда. Гап Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувини кучайтириш масаласи ҳақида борар экан, бу борадаги ислоҳотларни янада фаоллаштириш мақсадида «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида «анъанавий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, глобал ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларига қўшилиш» устувор вазифалардан этиб белгиланганини қайд этиш жоиз.
Айни шу жиҳатдан Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, жараён тезлашиб бораётгани диққатга сазовор. Ўзбекистон иқтисодий, сиёсий салоҳияти йил сайин ўсиб бораётган Покистон билан ўзаро шериклик муносабатларини ривожлантиришга, айниқса, сўнгги йилларда катта аҳамият бермоқда. Покистон улкан ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар салоҳияти, инсон ресурслари, қулай геосиёсий жойлашуви ҳамда юритаётган вазмин ташқи сиёсати туфайли ҳозирги пайтда минтақавий сиёсий ҳаётда, муҳим халқаро муаммолар ҳал этилишида етакчи мамлакатлардан бири бўлиб турибди.
Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари 1992 йил дипломатик алоқа ўрнатилгандан буён изчил ривожланмоқда. Географик жойлашуви, савдо-иқтисодий ва маданий жиҳатдан стратегик аҳамияти бу икки давлатни Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштирувчи омилга айлантирган. Икки давлат муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларига тўхталар эканмиз, энг аввало, ўзаро алоқалар барча йўналишларда тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бинобарин, Покистон билан кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш Ўзбекистон манфаатларига мос келади. Айни пайтда бу ҳамкорлик ўз ривожланишининг янги тарихий босқичида турибди.
Мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиш суръатига Президентимизнинг 2022 йил 3-4 март кунлари Покистон Ислом Республикасига ташрифи кучли туртки берди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича кейинги қадамлар тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Икки давлат вазирлик ва идоралари ўртасида 10 та ҳужжат, жумладан, имтиёзли савдо, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, зиёрат туризми, темир йўллар, вилоятлар ва пойтахт шаҳарлар ўртасидаги келишувлар бўйича ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.
Ташриф арафасида ўтказилган ишбилармонлик тадбирлари натижасида умумий қиймати 800 миллион долларлик 60 та қўшма савдо ва инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилганди.
Ҳозирги кунда давлатларимиз минтақада барқарор ривожланиш ва интеграциянинг асосий иштирокчилари сифатида муносабатларнинг стратегик хусусиятини янада кучайтирмоқда. Ўзбекистоннинг Покистон билан алоқалари кенг қиррали бўлиб, энергетика, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо, ижтимоий хавфсизлик шулар жумласидан. Хусусан, Покистоннинг «Новуген Пҳарма», «УП-Матч», «Пак-Мерит Блеачинг», «Диамонд Гроуп» каби йирик компаниялари билан ҳамкорликда юртимиз ҳудудларида инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётир.
Покистон мамлакатимизнинг нафақат Жанубий Осиё ва ислом оламидаги, балки жаҳон миқёсидаги ишончли ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. 2019 йилдаги 122 миллион АҚШ долларилик савдо айланмаси 2024 йилга келиб, 400 миллион доллардан ошди. 2024 йилда Ўзбекистон Покистонга 300 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Хусусан, қиймати 192,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 124,7 минг тонна мева-сабзавот экспорти амалга оширилди.
Сўнгги беш йилда қўшма корхоналар сони ҳам уч баравар ошиб, 130 тага етди. Шу давр мобайнида автомобиль транспортида юк ташиш ҳажми қарийб 6,5 баравар ўсиб, 2023 йилда 354 минг тоннани ташкил этди.
Ўзбекистон инвестицион муҳит барқарорлиги ва хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар билан ажралиб туради. Покистонлик инвесторлар тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноати каби соҳаларга кириб келиши учун юртимизда кенг имкониятлар мавжуд. Ҳукуматимиз турли соҳаларда лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, сармоядорларга қулай шарт-шароит яратмоқда. Айни жараёнда икки мамлакат тадбиркорларининг Б2Б учрашувлари муҳим аҳамият касб этиб, янги сармоявий лойиҳалар илгари сурилишига замин ҳозирламоқда.
Ўзбекистон ва Покистон транспорт-логистика йўналишидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтармоқда. 2024 йил ноябрь ойида Тошкент — Лаҳор йўналиши бўйича тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйилди. Бу рейс турли соҳалардаги алоқаларни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Тошкентдан Покистоннинг иккинчи йирик шаҳри — Карачига ҳаво орқали йўл очиш юзасидан музокара давом этмоқда.
Термиз шаҳридаги «Термез Cарго Cэнтер» логистика хаби имкониятини кенгайтириш яна бир муҳим лойиҳа ҳисобланади. Афғонистон ва Покистон орқали товар етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга бу марказ ҳудудида янги омборхоналар қуриш, хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган. «Натионал Логистиcс Cорпоратион» компанияси билан ушбу базада юкни сақлаш ва қайта тақсимлаш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича келишув имзоланган. Яқин келажакда товарларни Марказий Осиё ва Европа мамлакатларига транзит қилиш жараёни анча соддалашади.
Жорий йилнинг 25-26 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон — Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олди.
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қабул қилинган «йўл харитаси» асосида товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани шерикликнинг аҳамиятини янада оширади. Савдо муносабатларини янада ривожлантириш учун онлайн платформалар яратиш режалаштирилган. Шу тариқа экспортчи ва импортчилар мулоқоти енгиллашиб, янги савдо йўналишлари очилади.
Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария ва карантин талабларини, божхона тартиб-таомилларини ўзаро соддалаштириш, стандартларни яқинлаштириш, электрон савдо платформаларини интеграция қилиш, харидларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш ва бошқалар устувор вазифалар сифатида белгиланди. Бу каби вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш билан бирга икки давлат ишлаб чиқарувчиларининг жаҳон бозорларига кириб бориши учун кенг имкониятлар яратади.
Мамлакатлар ўртасидаги инвестицион ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида етакчи компанияларнинг фармацевтика, электротехника, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, геология ва минерал ресурслар, тўқимачилик, чарм саноати ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш режалари кўриб чиқилди.
Кейинги бир неча йилда Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон мультимодал йўлаги орқали юк ташиш ҳажми 5 баробар кўпайгани мамнуният билан қайд этилди. Юк айланмаси ҳажмини янада ошириш мақсадида қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.
Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалда илгари суриш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳим экани таъкидланди. Бу йўл Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайди. Жумладан, Ўзбекистонга Покистон денгиз портларига чиқиш имконини беради. Натижада минтақавий савдо, иқтисодий ҳамкорлик ривожланади. Темир йўлнинг узунлиги тахминан 760 километр бўлиб, Термиз — Мозори шариф — Кобул — Пешовар бўйлаб ўтади. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,8 миллиард долларга баҳоланмоқда. Трансафғон темир йўли ишга тушгач, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш муддати 35 кундан 3-5 кунгача қисқаради. Шунингдек, битта стандарт контейнерни ташиш нархи қарийб уч баробар арзонлашиши кутиляпти.
Икки давлат қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, бир-бирининг мавқеларини фаол қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳамкорлик, айниқса, БМТ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби ташкилотлар доирасида икки мамлакатнинг ўзаро таклиф ва ташаббусларини маъқуллаш орқали амалга оширилаётгани эътиборлидир. Покистон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини қўллаб-қувватлайди. Бу борада 2024 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон ва Покистон ўртасида мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат ЖСТга қўшилиш жараёнида Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, халқаро савдо тизимига интеграция бўйича мамлакатнинг жиддий саъй-ҳаракатлари тан олинишини тасдиқлайди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар ўзаро муносабатлар ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Жасурбек ОТАНИЁЗОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор