Бу йил бошқача бўляпти. Энди фикрлар ҳам, юракдаги ҳаяжон ҳам ўзгача. Авваллари ташвиш кўп бўларди, ечими йўқ муаммолар қийнарди. Албатта, ҳозир ҳам ташвиш озайган эмас. Фақат фарқи шундаки, ҳозир ишлашга иштиёқ кучайган. Талабалар билан тезроқ учрашишга шошаман. Аудиторияга кириб, маъруза бошлаш ҳаваси юракни қамраб олган. Нега? Ўтган йилларда нималар ўзгарди? Бу иштиёқ, бу хоҳиш, бу ҳавас қаердан пайдо бўлди?
Эркак муаллимлар мактабга қайтди
Кейинги йилларда бир гапни кўп эшитяпмиз: “Халқ таълими соҳасидаги туб ислоҳотлар, аввало, ўқитувчининг жамиятдаги обрўси ва нуфузини оширишдан бошланди...” Бу тўғри гап. Лекин мен шу фикрни жўнроқ айтмоқчиман: “Ўқитувчиларнинг ойлиги ошгани зўр бўлди!”
Аслида моҳият ҳам шу. Ишлаб топгани рўзғорига етмаган одамнинг меҳнатидан самара кутиш — мантиқсизлик. Кунлаб, ойлаб ишласа-да, топгани узилган ипни улашга етмайдиган одамда ишга ҳафсала қоладими? Йўқ, албатта. Бугунги ойликларни ҳам жуда зўр дейишдан йироқман, бироқ ўқитувчиларимиз рўзғорнинг кемтигини ямашдан қутулгани бор гап. “Ўқитувчиларнинг маоши минг доллардан кам бўлмайди”, деган гаплар эса кишига эртанги кун учун ишонч беради.
Доим мияни тирнаб турувчи “Қаердан озроқ пул топсам экан?” деган изтироб ортга чекиниб, ўқитувчилар болаларга ўргатадиган билимим борми ўзи, замондан орқада қолиб кетмаяпманми, янги педагогик технологияларни чуқурроқ ўрганмасам бўлмайди, шекилли, дея ўйлай бошлади. Шу биринчи ва энг катта ютуғимиз бўлди. Қолаверса, қишлоқдаги ўқитувчилар яганаю чопиқ, чеканкаю пахта теримидан қутулди. Шаҳардагилар эса, маҳалла оралаб, кўча тозалашга чиқмаяпти.
Бу ўзгаришлар 2018 йил 17 июль куни ўтказилган йиғилишдан сўнг бошланди. Ўшандан буён давлат идоралари мактаб ва ўқитувчилар фаолиятига халал бермаяпти, аксинча, кўмаклаша бошлади. Айнан мактаб таълимига сармоя киритиш кучайди. Хусусан, Президент ва ижод мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари очилмоқда. Жойларда таълим ходимларига тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кузатилса, дарҳол қатъий чора кўриляпти. Халқ таълими тизими ходимлари бошқа ишларга, жумладан, пахта терими, чопиқ, гул экиш, девор оқлаш кабиларга жалб этилмаяпти.
Натижада мактабларга эркак муаллимлар қайта бошлади. Ваҳоланки, яқин-яқингача вилоятлардаги мактаб ўқитувчиларининг 30, Тошкент шаҳридаги ўқитувчиларнинг атиги 10 фоизи эркак педагоглар эди.
Хорижий тажриба таҳлили кўрсатишича, Япония, Сингапур, Жанубий Корея каби ривожланган давлатларнинг сири ҳам айнан ўқитувчилар ойлик маошининг юқори қилиб белгилангани ва ҳар бир ўқитувчи ўрнига ўнлаб талабгорлар борлигида экан.
Учирма бўлмаган полапонлар
Яқин-яқингача мавжуд бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида катта бир камчилик бор эди. Тизим олдига жуда муҳим мақсад ва вазифалар қўйилган, фаолияти шунга йўналтирилган бўлса-да, айни шу даврда ўсмирларда кечадиган психологик ва физиологик ўзгаришлар, миллий менталитет ҳисобга олинмай ташкил қилинганди. Чунки бола аввал оилада, кейин боғча, мактабда таълим-тарбия олади. Айниқса, 9 йил давомида бир синфда — бир жамоада ўқиган ўқувчилар бир-бирини яхши таниб, билиб, қалинлашиб кетади. Ўқитувчилар ҳам ўз ўқувчилари, уларнинг ота-онаси, қариндошларини беш қўлдай билади, ҳар бирига ўзига яраша муомала қилади.
...Ҳар йили айвонимизга қалдирғоч ин қуради. Полапонлар тухумни ёриб чиққанидан темирқанот бўлгунича ота-онаси уларга озуқа ташийди. Ўша пайтлар уйимиз емак сўраб чирқиллаётган полапонлар шовқинига тўлиб кетади. Кейин улар учирма бўла бошлайди. Бир-икки қушча аввал қўрқа-писа уя четидан пастга мўралайди. Вақти-соати етганида ҳамма полапон уяни тарк қилади.
Мактабни шу қалдирғоч уясига ўхшатаман. Олдинги тизимда 9-синфдан кейин ҳамма бирданига мактабни битириши ва тамоман янги муҳитга — янги ҳаётга қадам қўйиши зарур эди. Ҳали қаноти чиқиб улгурмаган фарзандларимизни ўзимиз уядан итариб тушириб юборар эдик. Мустақил ҳаётга на жисман, на руҳан тайёр бўлган қанчадан-қанча фарзандларимиз муҳит қурбони бўлди экан? Буни ҳисоблаб чиқиш қийин.
Бу ёшдаги ўсмирларнинг ҳаммаси ҳам катта ҳаётга тайёр эмаслигини тажрибанинг ўзи кўрсатди. Академик лицей, касб-ҳунар коллежларига турли вилоят ва шаҳарлардан келган (ҳар хил урф-фодат, дунёқарашга эга) ўқувчилар ягона жамоа бўлиб шаклланиб, бир-бирига ўрганиш жараёнига бир-икки йил кетиб қолар эди.
Бунинг оқибатида эса, ҳар хил келишмовчиликлар, айниқса, айрим йигитлар ўртасида уруш-жанжаллар кўпайиб кетди. Улар таълим олиш ҳақида эмас, балки юзага келган муаммоларни ечиш ҳақида ўйлай бошлади. Қизларнинг ҳам муаммолари етарлича эди. Айримлари мактабни битиргандан сўнг олисдаги таълим масканига бориб ўқишга, яъни ота-онаси назоратидан йироқда юришга мажбур бўлди. Бунинг салбий оқибатларини ҳаммамиз билиб, эшитиб турибмиз.
Академик лицей ва касб-ҳунар ўқитувчиларига ҳам осон бўлгани йўқ. Улар мактабни битириб, ўзини “катта одам” деб ҳисоблайдиган, турфа характер, тарбия ва урф-одатларга эга, бир-бирига тамоман бегона, бунинг устига айни ўтиш давридаги ўсмирларнинг муаммоларига дуч келишди. Зеро, айрим ўқитувчиларда ҳам бу жараёнда катта муаммолар пайдо бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Барибир мактаб таълимида интизом, устозга муносабат бошқачада!
Шубҳасиз, агар ўқувчи 10-11-синфларда яна шу қадрдон жамоада ўқишни давом эттирса, у бутунлай янги жамоага мослашиш, керак бўлса, унда ўзини кўрсатиш ва бошқа нарсалар ҳақида эмас, айнан ўқиш, яъни олий таълим ёки касб олишга йўналтирилган муассасага ўқишга кириш ҳақида ўйлайди, фикри бошқа нарсаларга чалғимайди. Ота-оналар ҳам хотиржам, боласи ишонган ва олдиндан шаклланган жамоада тинчгина ўқиш билан банд. Фарзанди 11-синфни битирганида ўсмирлик давридан ўтиб олган, ҳар томонлама шаклланган, образли қилиб айтганда, “суяги қотган” бўлади. Энди у ўзи хоҳлаган ҳаёт йўлини танлашга тайёр.
Илк қадам тўғри қўйилса...
Эътибор берган бўлсангиз, олий таълим соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган ҳар бир йиғилишда ўқув жараёнини такомиллаштириш, ёшларни замонавий талаблар асосида ўқитиш, бу борада олий таълим муассасаларига қабул учун ўтказиладиган тест синовларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланади.
Олий таълимдаги кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мазкур тизимдаги бош ислоҳот — бу қабул жараёнини адолатли ўтказишдир. Бошқа ислоҳотларнинг ҳаммаси фақат шу ислоҳот негизидан келиб чиқади ва самараси шунга боғлиқ бўлади.
Қабул жараёнининг шаффофлиги таъминланмаса, халқаро стандартлар талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратиш, ҳудудларда янги олий ўқув муассасалари ташкил этиш, замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари, сиртқи ва кечки бўлимларни очиш, қабул квоталарини ошириш каби ислоҳотлар самара бермайди. Чунки бу жараёнлар бир-бири билан худди занжирдек чамбарчас боғланган.
Пора бериб ўқишга кирган талаба пора билан уни битирсам бўлади, деган хулосада бўлади. Биринчи қадамини эгри ташлаган йигит ё қиздан кейин тўғри бўлишни талаб қилиш қуриган қудуқдан сув сўрашдай беҳуда иш. Чунки у аввалдан илм олиш учун эмас, дипломли бўлишни кўзлаб ўқишга кирган. Унда билим олишга, касб эгаллашга ҳавас йўқ. Пора беришга қодир талаба бўлса, уни олишга тайёр ўқитувчи ҳам топилади. Ўқимасдан диплом олаётганларни кўрган бошқаларда эса билим олишга иштиёқ бутунлай сўнади.
Натижада ишлаб чиқаришга билимсиз, лекин чўнтагида дипломи бор чала мутахассислар боради. Бундай мутахассис қурган уй қулайди, ишлаб чиқарган маҳсулот сотилмайди, фирмаси банкрот бўлади. Бу ҳалокатли занжирни узишнинг ягона йўли адолатли қабулни таъминлашдир.
Чунки таълим сифати, биринчи навбатда, профессор-ўқитувчиларнинг дарс бериш сифати, илмий салоҳияти билан белгиланади. Ўз билими билан ўқишга кирган талаба ўқитувчига кўпроқ ва каттароқ талаб қўяди. Ундан дарслик ва ўқув қўлланмаларидан ташқари қўшимча маълумотлар олишни ҳам истайди. Бундай талабалар билан ишлаш — жоннинг роҳати. Улар ҳамиша изланишга, фан бўйича хорижий манбаларни ўқишга, талабалардан бир қадам олдинда бўлишга мажбур қилади. Ўз устида ишламайдиган ўқитувчи бундай талабаларнинг юқори талабига жавоб беролмайди ва ўз ўрнини бошқа педагогга бўшатиб беради. Талабчан талабалар 80 дақиқа давомида ҳаёт йўли, тажрибаси, олган сабоқлари ҳақида гапириб, вақтни ўтказадиган ўқитувчиларни “аудиторияга киритмайди”. Баҳолаш жараёни ҳам мутлақо шаффоф ўтказилади. Бир хил билим даражасига эга талабаларни баҳолаш ҳам осон кечади. Зеро, уларни хоҳлаган усулда баҳолаш мумкин: маъруза ва амалий машғулотларни бошқа ўқитувчилар ўтказиб, якуний баҳолашни бошқа ўқитувчи оладими, компьютерга имтиҳон топшириладими — барибир натижа бир хил бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Ватанимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар пировард натижада халқимиз келажаги бўлган ёшларнинг эмин-эркин билим олиши, ўз халқига керакли мутахассис бўлиб етишиб, юрти, оиласи равнақи йўлида хизмат қилиши учун барча имкониятларни яратмоқда. Уларнинг натижаси одамларнинг эрта ёки индин эмас, айнан бугун бахтли, фаровон ва ўз ҳаётидан розилик ҳисси билан яшашига сабаб бўлмоқда.