Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 3 февраль куни Наманган вилоятига ташриф буюриб, йирик лойиҳалар билан танишди. Тадбиркорлар ва иқтидорли ёшлар билан мулоқот қилди. “Наманган тадбиркорлар юрти, кичик ва ўрта бизнес марказига айланди... Наманган буюк алломалар, уста тадбиркорлар юрти. Бугун ҳам ёшлар иқтисодиёт, санъат, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришмоқда”, дея таъкидлади Президент.
Дарҳақиқат, вилоятда кичик саноат зоналари сони 73 тага етди. Биргина мисол, 10 гектарли майдонда зарур инфратузилмага эга яхлит янги мажмуа — “Баркамол авлод” кичик саноат зонасида 46 лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг 18 тасида ишлар якунланиб, корхоналар ишга тушди. 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Сўнгги беш йилда Наманганда корхоналар сони 15 мингтага кўпайиб, 32 мингдан ошди. Шу даврда хусусий бизнес маҳсулотлари ҳажми 1,6 баробар ўсиб, 8,3 триллион сўмга етди. Бу эса республика бўйича энг юқори кўрcаткичдир. Наманган иқтисодиётини ривожлантириш ҳисобига жорий йил 500 мингга яқин аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан катта марралар қўйилган.
Битирувчиларни иш билан таъминлаш ва касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган “Ҳаёт мактаби” дастурини амалга оширишда Наманган вилояти тажрибаси яратилади.
Мазкур ташриф наманганликлар ҳаётида том маънода янги саҳифалар очди, десак муболаға бўлмайди. Қуйида учрашувлар чоғида фаолияти эътироф этилган ва таклифлари қўллаб-қувватланган бир гуруҳ тадбиркорлар ва келажак бунёдкорларининг фикр-мулоҳазалари, таассуротлари билан танишасиз.
Юртга қайтиб, тадбиркор бўлдик
Дилшод ОТАМИРЗАЕВ, “Учқўрғон форель балиқ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби:

— Вилоят марказидаги “Баркамол авлод” кичик саноат зонасида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда мен ҳам сўзга чиқдим. 14 йил давомида Москвага оилам билан кетиб, балиқчилик билан шуғулланганман. Аёлим иккимиз Ўзбекистонни соғиниб юрардик. Президентимизнинг “Ким тадбиркорларга тўсқинлик қилса, ўзимга душман ҳисоблайман”, деган гапини эшитиб, турмуш ўртоғим қистови билан юртга қайтдик. Учқўрғонга келиб, 80 сотих майдонда дадил ишга киришдим. Яшаш манзилимдаги “Соҳил” маҳалласи ҳудудидан Фарғона канали ва Норин дарёси оқиб ўтиши бизнесим учун замин бўлди.
2020 йилдан ҳозиргача 5 гектар майдонда 700 та бетонли ҳовуз қурдим ва 315 та иш ўрни яратдим. Инкубацион цех ҳам қурдик. Нархи қимматроқ турувчи ва салқин севувчи, совуқ ҳавога чидамли салкам 2 миллионта хонбалиқ (форель)ни интенсив усулда боқяпмиз. Жорий йилда 1 минг 300 та ҳовуз қуриб, жами 2 мингтага етказишга ваъда бердим. Худо хоҳласа, ишчилар сонини ҳам шунчага етказаман. Балиқчилик тармоғимиз экспорт қуввати 2 минг тоннани ташкил қилади. Декабрь ойида муқобил электр энергиясидан фойдаланиш бўйича топшириқ берилганди. Эртасигаёқ Қашқадарё вилоятидан мини ГЭС ўрнатиб берувчи (қуввати 280 кВт.ли) мутахассисларни чақирдим. Улар ёрдамида корхонамизни куз-қиш мавсумида саксон фоиз муқобил электр билан таъминладик.
Ниятим туманимиз, маҳалламиздаги ишсизларни банд қилиш эканини, шахсий тажрибамни имкон қадар оммалаштиришга тайёрлигимни айтганимда, Президентимиз: “Авваламбор, менинг номимдан келинимга раҳмат денг. Шунча одамни иш билан таъминлайман, дедингиз. Фидойи меҳнатларингиз, оддий инсонларнинг дунёқарашини ўзгартираётганингиз, мусофирчиликни кўрганингизни инобатга олиб, сизга орден бермоқчиман”, деди ва йиғилиш қатнашчилари ўрнидан туриб, таклифни бир овоздан олқишлади. Ўша лаҳзаларда кутилмаган эътирофдан кўзларимга севинч ёшлари келди, ҳаяжондан ўзимни тўхтатолмадим.
Фурсатдан фойдаланиб, Президентимизни балиқхонамга таклиф этдим ва кейинги сафар, албатта, боришини маълум қилди. Куни кеча туман ҳокимлигида ўтказилган тадбирда Президентимиз имзолаган янги фармонга кўра, вилоятимиз ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов “Меҳнат шуҳрати” орденини тантанали равишда кўксимга тақиб қўйди. Бу юксак ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
Биз учун Европа бозорларига йўл очилди
Неъматжон ФАТҲИДДИНОВ, Давлатобод туманидаги “Fazman tekstil” корхонаси директори, “Шуҳрат” медали соҳиби:

— Президентимиз вилоятимизга ташрифини бизнинг корхонадан бошлади. Тикувчилар билан дилдан суҳбатлашди. Ходимларимиз шарт-шароитларини суриштирди. Кейин иккинчи қаватда ташкил этилган дуал таълим марказида амалиёт ўтаётган тўқсон нафардан зиёд касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари билан самимий мулоқот қурди.
Дуал таълим тўғрисидаги қарор айни муддао бўлди. Бугунги кунда Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманидаги тўртта касб-ҳунар мактаби билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Ўзимиз учун малакали кадрлар етиштиряпмиз. Президентимиз Тўрақўрғондаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Рухшона Толибжонованинг елкасига оталарча қўлини қўйиб, ғамхўрлик билан: “Қизларим, бизнинг асосий мақсадимиз сизларни бахтли қилиш. Касб-ҳунар эгаллаб, рисоладагидек оила бекаси бўлишингизни истайман”, деди. Рухшона ҳам шундай йирик корхонада касб-ҳунар сирларини ўрганаётгани, таълимни амалиёт билан уйғун олиб боришига шароит яратиб берилганидан миннатдорлигини билдирди. Сўнгра Президент корхонамиз бизнес режалари билан танишди. Маҳсулотларимизни кўздан кечирди. Экспорт имкониятларимиз билан қизиқди.
Корхонамиз 2000 йилда ташкил топган. Илгари шаҳарнинг чеккасида жойлашганди. Ҳозир марказдаги замонавий, барча шароитларга эга бинода фаолият юритяпмиз. 600 нафар ишчи меҳнат қиляпти. Ўтган 2022 йилда экспорт ҳажми 5 миллион АҚШ долларига етди. Маҳсулотларимиз Европа стандартларига мос. Германиянинг “Digel” ва “Carl Gross” брендлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, жаҳон бозорларига сифатли костюм-шим сотяпмиз. Корхонамизга биринчи босқичда қиймати 20 миллион долларлик инвестиция киритдик. Германия ва Туркиядан сўнгги русумдаги ускуналар олиб келинди. Шундан 5 миллион доллари банк имтиёзли кредити. Натижада мингга яқин иш ўрни яратилди. Корхонамиз тўлиқ қувватга эришса, 1 миллион дона кийим-кечак ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Жорий йилда ташқи бозорга 15 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштиряпмиз. Кейинги босқичда корхонамиз ходимлари фарзандлари учун болалар боғчаси ва малака ошириш ўқув марказини кенгайтирмоқчимиз.
2020 йилда Европанинг “GSP+” дастурига қўшилганимиз туфайли биз каби тадбиркорлар учун мазкур қитъа бозорларига кенг йўл очилди. Бу жараённи тезлаштиришда божхона, логистика ва виза масалаларига доир муаммоларимиз ҳам ҳал этилди.
Дарвоқе, муқобил энергия давр талабига айланмоқда. Биз қуёш панеллари ҳамда дизель ёқилғисидан фойдаланмоқчимиз. Корхонамиз минтақада ягона саналади. Афзаллиги иситиш ва совитиш учун энерготежамкор технология ва дастгоҳлар билан жиҳозланганидир. Президентимиз корхона фаолиятини янада кенгайтириш бўйича олдимизга аниқ вазифалар белгилаб берди.
Компаниям таркибида 27 корхона мавжуд
Олим БОБОХОНОВ, “Art Soft Holding” компанияси раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби:

— Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Президентимиз менга юзланиб: “Ўтган сафар 80 миллион доллар айланма маблағим бор, дегандинг, тўғрими, ҳозир қанча бўлди?.. Қўрқма, айтавер, ортга қарама, сенга ҳеч ким тегинмайди, олдинги прокурорлар энди йўқ”, дея самимий оҳангда сўради. Бу рақамларни 2021 йилги сайловолди учрашувда айтганимни ва қисқа муддатда айланма маблағим 120 миллион долларга етганини билдирдим. Шунда давлатимиз раҳбари: “Мана, Наманганнинг оддий бир тадбиркори шунча маблағи борлигини қачон очиқ айта олган? Мен ғурурланаман ва фахрланаманки, миллатимдан ўсиб-етишаётган тадбиркорларни бошқача парваришлаяпман, улар билан юзма-юз учрашяпман. Шунда силжиш ва жадал ривожланиш бўлади, ҳаёт ўзгаради”, деди.
Компаниямизга 2019 йил сентябрда асос солинган. Компания таркибида 27 корхона мавжуд. Пахтачилик ва ғаллачилик, тўқув, тикув-трикотаж, кафель ва керамика, чинни ва фарфор, қурилиш материаллари тайёрлаш сингари фаолият турлари билан шуғулланамиз. Ишчи-ходимларимиз сони 5 минг 529 нафар. 400 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритдик. 2022 йилда 53,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги 9 та қўшимча лойиҳа ишга туширилиши натижасида 1 минг 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
2022 йилда Германия, Италия, Польша, Хитой, Туркия, Покистон, Россия, Украина, Беларусь, Болгария, Молдова, Латвия, Литва, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга 31,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилдик. 532 миллиард сўмлик калава-ип, тўқув ва трикотаж ҳамда тайёр тикув маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Сифат кўрсаткичларига оид халқаро сертификатлар олганмиз.
Фарғона вилоятига ташрифда Президентимиз менга кафель маҳсулотлари тайёрлашни кластер усулида кенгайтириш вазифасини топширди. Банк ва солиқдан, кредит, божхона ва ижара тўловларидан енгилликлар берилди, қатор имтиёзлар, чегирмалар жорий этилди ва янги қарор билан расман тасдиқланди.
Маърифат ва камолот маскани
Дилноза АЗИЗОВА, “Янги Ўзбекистон — ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонаси раҳбари:

— Ишонасизми, Давлатобод туманидаги замонавий ахборот-кутубхонамиз 2021 йил март ойида очилганида “Бир куни, албатта, Президентимиз шу жойга ташриф буюради”, дея дилимга туккандим ва ўша орзум ушалди. Давлатимиз раҳбари зиё масканимизга кириб келганида унга дастлаб фахрий аъзолик ID-картаси ҳамда вилоят китобхонлари номидан Ли Куан Юнинг Сингапур тарихига бағишланган “Учинчи дунёдан биринчи дунёга” китобини тақдим этдим. Шундан сўнг аҳолини, ёшларни кутубхоналарга янада кўпроқ жалб қилиш, китобхонликни ривожлантириш учун қандай ишларни амалга ошириш юзасидан таклифлар сўради. Биз нафақат марказларда, балки чекка ҳудудларда, мактабларда илм йўлида жамлайдиган шундай мажмуалар барпо қилиниши кераклигини айтдик.
Президентимиз бундай зиё масканларини таълимнинг барча босқичлари билан боғлаш лозимлигини, хусусан, боғча ва мактабдан тортиб, то коллеж ва олий таълим муассасаларигача узвийликда санъат, маданият, илм-фан билан қамраб оладиган мажмуавий масканларни яратиш топшириғини берди.
Шунингдек, чет тилларни бепул ўргатувчи “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси тақдимоти ва Наманган вилояти ёшлари билан учрашув кўтаринки руҳда кечди. Президентимиз жамият ҳаётида фаол, бугунги ислоҳотларга дахлдор йигит-қизларнинг ташаббуслари ҳамиша рағбатлантирилишини уқтириб: “Ўзбекистондаги ҳар бир ёш менинг фарзандим, улар учун барча шароитни қилиб беришимиз шарт, токи ўз қизиқишларини атрофдан, бегона ерлардан изламасин, илм-маърифатини ва истеъдодини мана шундай даргоҳларда камол топтирсин”, дея таъкидлади. “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда”, деган даъват таълимга ҳар томонлама эътибор намунаси ўлароқ, Намангандаги ташриф давомида илгари сурилган таклиф ва кўрсатмалар орқали намоён бўлмоқда.
Шаҳримизнинг муҳташам иншоотларидан бири — уч қаватли зиё маскани бир вақтнинг ўзида 1 минг 200 кишига хизмат кўрсата олади. Кутубхонамизда ўзбек, рус, инглиз ва бошқа ўнлаб тиллардаги 70 мингдан зиёд китоб мавжуд. Кириш қисмида рўйхатга олиш ва инфокиоска бурчаги шай. Ҳар бир китобхон учун махсус ID-карта берилади ва рўйхатга олинади. Китобхонлар махсус қурилмалар орқали китобларни буюртма қилиш, олиб кетиш ва яна топширишлари мумкин.
Кутубхонамизда тамадди учун “Book cafe” ҳам йўлга қўйилган. Биринчи қаватида “Китобхон болажон — мулоқот майдони”га қулай жиҳозлар ажратилган. Кўзи ожизлар учун Брайль ва овозли адабиётлар бор. Китоблар сотув бўлими ҳам хизмат кўрсатади. Иккинчи қават эса компьютер ва ўқув залидан иборат. Учинчисида IT-парк билан ҳамкорликда ёшларни IT, дастурлашга ўқитиш ва ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш бўлимлари ҳамда “яшил майдонча” ташкил этилган. Кутубхонада ўрнатилган компьютерлар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси базасига уланган. Китобхонлар шу ердан туриб Миллий кутубхона орқали дунё кутубхоналаридаги электрон китоблардан фойдаланиши мумкин. Чинакам илм-маърифат кошонаси Туркиянинг “UG Inshaat” масъулияти чекланган жамияти лойиҳаси асосида қад ростлаган.
Давлатимиз раҳбари таклифимни қўллаб-қувватлади
Асадбек УМАРАЛИЕВ, Янгиқўрғон туманидаги “Газнон” маҳалласи ёшлар етакчиси:

— Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили Наманган вилояти тажрибаси асосида жиноятчиликка мойил ва уюшмаган, ишсиз ёшлар ўн кунлик ҳарбий ўқув йиғинга жалб этилди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Бунга қадар Россияда ишлаб келардим. Хуллас, кўча кезадиган ўсмир эдим. Ҳарбий машғулотларни кузатиб, дунёқарашим, фикрлашим ўзгарди. Янги Ўзбекистон қандай эканини, унга қанақа жасур ўғлонлар кераклигини ҳис қилдим ва олдимга улкан мақсадлар қўйдим. Ўз устимда изландим ва Наманган давлат университетига ўқишга кирдим. Маҳаллада жорий этилган ёшлар етакчиси лавозимига номзодимни қўйиб, суҳбатдан ўтдим. Энди мен ҳам давлат хизматчисиман. Ҳаётимда бутунлай ижобий тарафга бурилиш бўлди.
Шу фикрларимни, хушхабарларимни, “Беш ташаббус олимпиадаси”да 21 та ўринни қўлга киритганимизни Президентимизга айтдим. Шунда мамнунлик билан: “Мана, менинг Янги Ўзбекистондаги ислоҳотчим — фарзандим ўзини ўзгартирибди, ёмон йўлга юрмасдан, бугун шундай лавозимда ишлаяпти”, деди. “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, менга ўхшаган ёшлар ҳаётини ўзгартириш учун “Жасорат мактаблари” ташкил қилсак. Ўзингиз айтганингиздек, ёшлар хато қилади, лекин хиёнат қилмайди”, деганимда, дарров: “Мана, намуна. Бу йигитнинг ўз тажрибаси, алоҳида платформаси бўлиши, уни ҳамма ёшлар билиши даркор”, дея маъқуллади.
Кеча вилоятимиз ва туманимиз ҳокими маҳалламизга келиб, ота-онамга ва менга ёзиш-ўқишни ўргатган биринчи ўқитувчимга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар топшириб кетди.
Китобим бешта тилга таржима қилиниб, “Аmazon” онлайн бозорида сотувга қўйилган
Ойшахон ҚОДИРОВА, Наманган муҳандислик-қурилиш институти 3-босқич талабаси, Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси:

— Наманган ёшлари билан учрашувда мен ҳам қизлар таълимига оид таклифимни билдирдим. Президентимиз: “Ўзбекистон келажаги сиз ёшларсиз бўлмайди, шунинг учун қанча имконият бўлса, барчасини қилиб беряпман. Сизлардан умидим катта”, дея таъкидлади. Транспорт йўналишида ўқийман. Шу бўйича “Бионика” номли китоб ёздим ва Германиянинг “Lambert” нашриётида чоп этилди. Ҳозир шу китоб бешта тилга таржима қилиниб, “Аmazon” онлайн бозорида сотувга қўйилган.
Инновацион ривожланиш агентлиги ҳузурида Наманган шаҳрида махсус лаборатория ташкил этиш, мамлакатимизда янги инновациялар улуши ортиши ҳақидаги таклифимни эшитиб, Президентимиз ўша заҳоти тегишли вазирга икки ой муддат ичида 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига таклифимни амалга ошириш вазифасини берди. Ўзимга эса “Қизим, сиз икки ойдан кейин менга таклиф натижаси бўйича хат ёзасиз”, деди. Мен бу мулоқотдан мислсиз куч ва мотивация олдим. Худо хоҳласа, Ватаним равнақи учун интилишдан асло чарчамайман ва билдирилган ишончга таяниб, зиммамга юкланган миссияни уддалайман.
Учрашув сўнгида Президентимизга жамоавий расмга тушиш таклифини айтганимизда, рози бўлди. “Эртага мана шу сурат имзойим туширилган ҳолда ҳаммаларингнинг уйларингга етказилади”, деди. Ростдан ҳам эртасигаёқ суратларни олдик. Вазирлик билан боғландик. Лаборатория учун жиҳозлар номини ёзиб юборинглар, етказамиз, дейишди. Бионикага мўлжалланган махсус лаборатория нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда илк марта ташкил этилиши экан.
“Янги Ўзбекистон” мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.