Тасвирларда тунги осмонда порлаб учган номаълум жисм акс этган бўлиб, бу ҳолат кўпчиликда қизиқиш ва турли тахминларни уйғотди.
Мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти тушунтириш берди. Қайд этилишича, мутахассислар томонидан зудлик билан дастлабки ўрганишлар бошланди. Ҳозирча видеодаги ёруғликнинг айнан метеорит тушиши ёки бошқа табиий ёхуд техноген манба билан боғлиқ экани расман тасдиқлангани йўқ.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар Ер юзасига етиб келган моддий қолдиқлар топилмаса, ҳодисанинг асл табиати ҳақида якуний ва аниқ хулоса бериш имконсиз бўлиб қолади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, коинотдан келувчи бундай «совғалар» илм-фанда турлича номланади. Қуёш тизимида ҳаракатланувчи кичик қаттиқ жисмлар Ер атмосферасига кирганда ишқаланиш ва кучли қизиш натижасида ёруғ из қолдиради — бу ҳодиса «метеор» деб аталади. Агар ўша жисм атмосферада тўлиқ ёниб кетмасдан, Ер юзасига қадар етиб келса, у «метеорит» номини олади.
Илмий ҳисоб-китобларга кўра, ҳар куни Ер атмосферасига миллионлаб майда космик зарралар кириб келади, бироқ уларнинг катта қисми юқори қатламлардаёқ ёниб битади. Ҳар суткада Ер юзасига жами бир неча ўн тонна метеорит қолдиқлари тушиши мумкин бўлсада, аҳоли яшаш пунктларига йирик жисмларнинг келиб урилиши ниҳоятда кам учрайдиган ҳодисадир.
Ҳозирда соҳа мутахассислари вазиятни кузатишда давом этмоқдалар ва қўшимча маълумотлар аниқланиши билан жамоатчиликка расмий баёнот берилиши кутилмоқда.