Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Хамидуллаевич Набиев, Наманган вилоят хокими, Вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулло Ҳаитбаевич Бозоров ва вилоят спорти мутасаддилари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда Ўзбекистон футболини янги босқичга олиб чиқиш учун амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этишди.
Мамлакатимиз футболининг ҳар бир даврида Наманганнинг ўзига хос иқтидорли футболчилари мавжуд бўлган. Улар турли ёшдаги терма жамоалардан тортиб, миллий терма жамоамиз сафида ўнлаб учрашувларда ўз маҳоратларини намойиш этишган. Бугун фойдаланишга топширилган футбол маҳорати мактабидан ҳам келажакда кўплаб “миллионлар ўйини” юлдузлари етишиб чиқиши тилакдошимиз.

Маълумот учун, Наманган вилояти 1-сонли футбол маҳорати мактаби қурилиш ишларига 5,5 млрд сўм сарфланган бўлиб, ҳар бир ёш тоифасидаги жамоаларнинг мунтазам равишда машғулотлар олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган.
Тадбир давомида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Наманган вилояти Ҳокими Хайрулло Бозоровни вилоят спорти ривожида йўлидаги хизматлари учун “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати