Нуфузли меҳмонлар Янги Наманган туманида Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор универтитети билан ҳамкорликда ташкил этилаётган «International university of  Namangan» Халқаро тиббиёт университети биноси билан яқиндан танишди.

Мазкур янги олий таълим муассасаси Наманган шаҳрининг «Гўзал» даҳасида жойлашган 2-тиббиёт коллежи ҳамда собиқ диагностика маркази бино-иншоотларида ташкил этилади.

Наманган халқаро университетида тиббиёт соҳасига талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда тиббиёт, стоматология, фармацевтика, ахборот технологиялари, халқаро ҳуқуқ ва бизнес йўналишлари бўйича факультетлар ташкил этилиши белгиланган.

Лойиҳани ишга тушириш муддати янги ўқув йилидан бошланиши  белгиланмоқда. Лойиҳа доирасида 2022-2023 ўқув йилида 500 нафар, 2023-2024 йилда эса 1000 нафар ёшни қабул қилиш режалаштирилган. 

Битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълими тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат ва хорижий ҳамкор намунасидаги диплом берилади.

Наманган халқаро университетда ҳар йили талабалар учун 10 фоизгача имтиёзли таълим грантлари, 5 йил муддат ичида 600 минг долларлик грантлар ажратиш кўзда тутилган.

Инвесторлар томонидан бинони таъмирлаш учун 5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш белгиланган.