Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссиясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақида мазкур сайлов округининг Матбуот маркази хабар бермоқда.
Йиғилишда сайлов ўтказувчи округ комиссиялари аъзоларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги асосий вазифалари, сайлов жараёнларини умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига риоя этилган ҳолда, Сайлов кодекси талаблари асосида уюшқоқлик билан ташкил этишдаги кўникмаларини ошириш хусусида батафсил сўз юритилди. Бу борада комиссия аъзоларининг вазифалари белгилаб берилди.
Шунингдек, комиссия раиси ўринбосари, котиби ва комиссия аъзолари учун аъзолик гувоҳномалари топширилди. Маълумки, комиссия аъзолари 15 нафарни ташкил этиб, уларнинг барчаси олий маълумотли ва ҳуқуқшунос, муҳандис, иқтисодчи, педагог, журналист ва бошқа мутахассисликларга эга. Комиссия аъзоларининг 53 фоизи хотин-қизлардан иборат.
Йиғилишда округ сайлов комиссияси Матбуот маркази ҳам ташкил этилди ҳамда унинг раиси, ўринбосари ва аъзолари тасдиқланди.