Бугун Наманган вилоятидаги 15 та умумтаълим мактабида анъанавий тарздаги дарслар бошланди. Жумладан, Наманган шаҳридаги 9 та, Норин туманида 4 та,  Косонсой ва Уйчи туманларида биттадан мактаблар ўқувчиларни қабул қилиб олди. 

Жорий йил 7 ва 9 сентябрда очилган 24 та мактабни ҳам қўшганда вилоятда фаолиятини бошлаган жами  мактаблар сони 39 тага етди.

Наманган шаҳридаги 86-умумтаълим мактаби ва Косонсой туманидаги 54-умумтаълим мактабида дарсларнинг бошланиши қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Боиси бу икки мактаб ҳам жорий йил янгидан қуриб битказилди. Бунинг учун тегишли равишда 8,5 ва 8,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. 

Бугун очилган мактабларга илк бор қадам қўйган 1400 нафарга яқин 1-синф ўқувчиларига «Президент совғалари» топширилди.

Маълумот учун, Наманган вилоятида 2020 йили жами 6 та янги умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати