Мазкур бизнес форумда Малайзия давлатининг Сабаҳ штатидаги 10 дан ортиқ турбизнес компанияларининг 12 нафар вакили ҳамда Наманган вилоятидаги 30 нафарга яқин туризм соҳасида фаолият юритаётган бизнес вакиллари иштирок этди.
Бизнес форум доирасида Наманган вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда Малайзия давлатининг «Funholiday Tours & Travel Sdn B Funholiday Tours&Travel Sdn Bhd» компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, B2B форматда бўлиб ўтган учрашувларда Наманган вилояти турбизнес вакиллари билан Малайзиянинг туристик компаниялари ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатиш бўйича келишувлар амалга оширилди.
Шу билан бирга малайзиялик меҳмонлар Наманган ва Фарғона вилоятларининг туризм салоҳияти билан таништирилди. Ўз навбатида Малайзия компанияси ҳам туризм соҳасидаги тақдимотлари билан таништирди. Қолаверса, туристларга қулайлик яратиш мақсадида чартер рейсларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар, соҳадаги ўзгаришлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.
Бизнес форум доирасида меҳмонлар учун Наманган вилоятида туризм салоҳияти юқори бўлган Чортоқ туманидаги «Султон Увайс Қароний» ҳамда «Биби Наима» она зиёратгоҳлари ҳамда Тўрақўрғон туманидаги «Ахсикент» очиқ осмон остидаги музейига саёҳат ташкил этилди.