Бирор касбни пухта эгаллаб, ўша соҳада меҳнат қилаётган бир инсон ўзи, оиласи, қўйингки, атрофидаги бир нечта кишини боқади. Битта тадбиркор эса ўнлаб, юзлаб одамларнинг оиласига даромад киргизиб, ҳар куни “қора қозони” қайнашига ҳисса қўшади.

Мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиб, ишбилармонлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги ҳар бир фуқарога зарур имтиёзлар, амалий ёрдамлар кўрсатилаётгани боиси ҳам шундан. Бу имкониятлардан кўплаб юртдошларимиз, айниқса, ёшлар самарали фойдаланаётгани қувонарли ҳол.

Тадбиркорлик фаолиятини талабалик давридаёқ бошлаб, 20 ёшида “Imron textile group” корхонасига асос солган наманганлик Исломбек Қутфитдинов ана шундай тиниб-тинчимас, шижоатли ёшлардан. Ғайрати, ишбилармонлиги, қолаверса, саховати билан ҳудуд аҳли тилига тушган қаҳрамонимиз 2011 йилдан буён трикотаж кийимлар ишлаб чиқариладиган катта корхонани бошқариб келади.

Исломбек болалагидан тадбиркорлик, иқтисодий соҳаларга қизиққани боис, мактабда ҳам аниқ фанлар, айниқса, алгебра, геометриядан аъло баҳоларга ўқиган. Кейинчалик олий таълимни Наманган муҳандислик иқтисодиёт институтида давом эттирди. 4-босқичда ўқиб юрган кезлари уйига яқин жойдаги бўш турган ерда кичик ишхона ташкил этиб, 5 та тикув машинаси сотиб олди. Қаҳрамонимизнинг тадбиркорликка қизиқиши қанчалик юқори бўлмасин, катта ишга қўл уришдан олдин ўзини кичикроқ ғояни амалга оширишдан синаб кўриш истагида эди. Жараёнга ҳудуддаги 10 нафар аёлни жалб қилиб, уларни иш билан таъминлади.

Ўз олдига катта мақсадларни қўйган кичик жамоа бошланишига ўғил болалар футболкаларини тикишни йўлга қўйди. Фарзандининг илк қадамларида унга тиргак бўлишни истаган Исломбекнинг отаси Илҳом ака Қутфитдинов корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларга Россияда харидор топишга кўмаклашгани бесамар кетмади. Сифатли ва бежирим футболкалар хорижлик тадбиркорларга маъқул келиб, ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ёш тадбиркор ўша йилнинг ўзидаёқ Россияга 38 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилишга эришди. Меҳнатининг маҳсулини кўриб, бу ишни уддалаб кета олишига ишонган қаҳрамонимиз янада каттароқ ғоя ва ниятлар билан 2011 йилда “Imron textile group” МЧЖга асос солди.

Меҳнат қилган, олдига аниқ мақсад қўйган инсон аста-секин юксалиб бораверади. Ишлашдан, изланишдан сира қочмайдиган, доим янгиликка интиладиган Исломбек каби ёшлар бунинг яққол мисолидир. Бугунги кунда қаҳрамонимиз бошқараётган корхона ҳудуди 1,5 гектарга кенгайган. Энг замонавий 150 та тикув машиналари ўрнатилган. Уларда барча турдаги трикотаж маҳсулотлари тикилиб, йилига 1 миллион донадан ортиқ тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилади. Асосийси, корхона раҳбари ўзи мақсад қилганидек, бу ерда йил сайин янги иш ўринлари яратилмоқда. Айни пайтда оз эмас, кўп эмас, 200 нафар аёлнинг бандлиги таъминланган.

Тайёр маҳсулотларининг 95 фоизи экспортга йўналтирилади. Ўртача йиллик экспорт ҳажми 1 миллион 200 минг АҚШ доллари бўлиб, ҳозирда асосий харидорлар Россия, Озарбайжон, Украина, Қозоғистон давлатлари бўлиб турибди. Россияда корхонанинг савдо уйи ҳам ташкил этилиб, харидорлар учун 100 фоиз маҳаллий хомашёдан тикилган ўзбек бренди остидаги кийим-кечакларни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконияти яратилган. Қаҳрамонимиз келгусида экспорт географиясини кенгайтириб, Европа бозорларига ҳам чиқишни ният қилган. Бунинг учун цехда иш жараёни халқаро стандартларга мослаштирилиб, хорижлик талабгорлар билан музокаралар олиб бориляпти.

Аниқ мақсад — истиқболли бизнес гарови

Бирор ишни йўлга қўйиб олиш қанчалик қийин жараён бўлса, уни давом эттириш, ривожлантириш янада мураккаб. Болалигидан тадбиркорлик фаолиятига иштиёқи баланд бўлган Исломбек бу соҳада маблағ киритмасдан туриб, даромад олиш мушкуллигини яхши билади. Шу боис, доим фаолиятини янада ривожлантириш, янги марраларни забт этишга интилади. Ана шу мақсадда “Yoshlar — kelajagimiz” давлат дастури доирасида жами 3 миллиард сўм имтиёзли кредит олиб, ишини кенгайтиришга сарфлади. Бугун у йилига 2 миллиард сўмдан ортиқ даромад оляпти.

— Ютуқларимнинг асосий омили мамлакатимизда тадбиркорларга, хусусан, ёшларга яратилаётган шароит ва имкониятлар, деб биламан, — дейди у. — Бу, айниқса, сўнгги йилларда давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айланди. Ўтган йили декабрь ойида юртимизда илк бор ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумидаги Президентимизнинг нутқини бевосита тинглаш чоғида уларнинг биз йигит-қизларга билдирган ишончи, қўллаб-қувватлови мени ниҳоятда руҳлантирди. Ҳаётимда унутилмас воқеага айланган мазкур анжуманда юртбошимиз навқирон авлод вакилларида, айниқса, бизнес кўникмаларни ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратди. Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратиш, уларни 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан бирилиши бўйича зарур чоралар кўрилишини билдирди. Бу имкониятлар мен каби кўплаб ёшлар учун катта рағбат, чин маънода ғамхўрлик белгиси, десам муболаға бўлмайди.

Исломбек бугунги кунда нафақат тадбиркор, балки “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси Наманган вилоят бўлими раҳбари сифатида ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда. Ўзи каби ишбилармонлик соҳасига қизиқувчи, кичик бизнесини бошламоқчи бўлган тенгқурлари, ука-сингилларига мақсадли ва имтиёзли кредитлар ажратиб, лойиҳаларини тайёрлаш, ривожлантириш ҳамда амалга ошириш, тажрибаларини орттиришларида кўмак бериб, уларни қўллаб-қувватлашга бор куч-ғайратини сафарбар этмоқда.

Маълумотларга кўра, Жамғарма томонидан биргина Наманган вилоятида 2018-2020 йилларда жами 525 та ёшга ўз лойиҳаларини амалга оширишлари учун 152 миллиард 731 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Ташкилотга ўз ғояси билан келган ёшларнинг мақсадларини мукаммаллаштириб, бизнес режа тарзида қоғозга тушириш ва банкдан имтиёзли кредит олишларида амалий ёрдамлар кўрсатиляпти. Жорий йилдан Исломбек бошчилигида тадбиркор бўлиш истагидаги “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни кичик ва ўрта бизнес йўналиши бўйича 48 соатлик курсларда ўқитиш йўлга қўйилди.

— Авваллари ўз лойиҳаси ҳақида етарлича тушунчага эга бўлмаган, тадбиркорлик кўникмаси шаклланмаган кўплаб ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилгани боис, уларнинг айримлари пулларни мақсадсиз сарфлаб юборди ёки лойиҳаларни бошқара олмасдан, банкротлик ҳолатига келиб қолди, — дейди Исломбек Қутфитдинов. — Натижада уларда тадбиркорликка бўлган нотўғри муносабат, тасаввур шаклланиб, ҳафсалиси пир бўлган ҳолатларга ҳам дуч келдик. Ваҳоланки, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар, аввало, мақсадни тўғри қўйиб, нимага қизиқишини аниқлаб олиши керак. Бунинг учун ўз қизиқишларини қоғозга ёзиб, улардан энг мақулини танлаган ҳолда, шу ишни бошлашга ишонч ҳосил қилиши лозим. Баъзан ташкилотимизга ўз лойиҳасини тушуниб-тушунмасдан, қанча маблағ зарурлигини билмасдан кредит сўраб келадиган ёшлар ҳам бор. Бундай иккиланиш бизнесни нотўғри йўлга қўйишга олиб келади. Шу боис, биз йигит-қизларни аввал бепул курсларимизда ўқитиб, сўнг уларга имтиёзли кредит ажратиш тизимини йўлга қўйдик.

Истиқлол тенгдоши бўлган Исломбекнинг ташаббускорлиги, ғайрат-шижоати тенгдошларида ҳавас уйғотса, унинг хайрли ишлари  маҳалладошларининг кўнглини тоғдек кўтаради. Қаҳрамонимиз “ҳамёним тўлса бўлди”, дейдиган тадбиркорлардан эмас. Пандемия сабаб жорий этилган карантиннинг илк кунларида кам таъминланган, молиявий қийналган одамларга биринчилардан бўлиб кўмак беришга, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол қатнашишга ошиқди. Оғир дамларда вилоятдошларининг ёнида туриб, 50 та хонадонни оталиққа олди. “Биз бепарво эмасмиз, биз меҳр улашамиз!”, дея кунларни тунга улади. Унинг бу саъй-ҳаракатлари кўплаб ёшларга намуна бўлиб, “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармасининг имтиёзли кредитидан фойдаланиб, ишлаб чиқариш фаолиятини намунали йўлга қўйган бошқа йигит-қизлар ҳам ташаббус билан чиқишди. “Биздан нима ёрдам, қандай хизмат бор? Маблағимиз ва озиқ-овқат маҳсулотларимиз билан кўмак беришга ҳозирмиз”, дея унинг ёнига киришди. Ана шундай  юртпарвар ёшларимизнинг фаоллиги, фидойилиги билан халқимиз қийинчиликларни ҳамжиҳатликда, ўзаро аҳилликда енгиб ўтяпти.

Тадбиркорликка меҳр бериб, шу йўналишда муваффақиятларга эришиб келаётган Исломбек Қутфитдинов 2017 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Ўша лаҳзаларда қалбида сўз билан тасвирлаб бўлмас ҳаяжонни туйган қаҳрамонимиз бу ҳақида ҳамон тўлқинланиб гапиради: “Медаль кўксимга тақилганида 26 ёшда эдим. Бу ёшдаги йигит учун ушбу мукофот катта ютуқ эди. Кутилмаганда келган бу эътироф ва ишончни ҳар лаҳзада оқлашга ҳаракат қиляпман. Чунки бу мукофот менинг қилаётган ишларимга эмас, балки келгусида амалга оширадиган ишларим учун рағбат, деб биламан”.

Тиниб-тинчимас қаҳрамонимиз бўш вақтларида китоб мутолаа қилишни хуш кўради. Катта мақсадларга эришиш учун албатта, китоб ўқиш керак, деб ҳисоблайди. Ҳақиқатан, унинг мақсадлари улкан, ниятлари катта. Келгусида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, бу йил корхона базасини янада мустаҳкамлаган ҳолда, 2022 йилда босқичма-босқич кластер тизимини жорий этишни кўзлаган. Бу эса хомашёдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган жараённинг барини корхонанинг ўзида амалга ошириш асносида маҳсулот сифатини назорат қилиш, янги иш ўринларини яратиш, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.

          Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири