Таклифни қабул қилган мижоз дўкондан янги кредит шартномаси асосида 3 миллион 900 минг сўмга мебель сотиб олади.
Истеъмолчининг таъкидлашича, шартномани имзолаш чоғида мижоз дўкон масъулларидан, агар иложи бўлса, шартномани икки йиллик муддатга тузиш, яъни мебель қийматини икки йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида таклиф берган, лекин дўкон масъуллари бунинг иложи йўқлигини, шартнома бир йиллик муддатга тузилишини айтиб, унинг қўлига бир йил давомидаги тўловлар жадвалини тутқазади.
Кейинчалик жадвал асосида тўловларни тўлаб бораётган мижозга телефон қилган дўкон сотувчиси кредитдан қолдиқ борлиги ва уни тўлаб қўйиши лозимлигини айтади. Ҳолатга аниқлик киритиш учун келган мижозга эса шартнома базага икки йиллик қилиб киритилгани, шунинг учун ҳам ойлик тўловлар суммаси бироз юқорироқ бўлиши маълум қилинган.
Тақдим қилинган ҳисоб-китобларга кўра, у бир йил давомида 3 миллион 900 минг сўм эмас, аксинча 2 йил давомида 6 миллион 800 минг сўмни бўлиб-бўлиб тўлаб бериши лозимлиги аён бўлади. Шунда истеъмолчи дўкон масъулларига шартномани бекор қилишни ва товарни қайтариб бергач амалга оширган тўлов суммаларини ҳам қайтаришини сўрайди. Бироқ талаби қондирилмагач, ушбу масалада амалий ёрдам сўраб Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
– Қонунга кўра, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган бўлса ҳамда ушбу ҳолат истеъмолчининг мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса (бизнинг ҳолатимизда тўловларни кўпроқ тўланиши лозимлиги аён бўлиб қолиши натижасида) истеъмолчи қонунчиликда белгиланган талабларни қўйишга ҳақли бўлади, – дейди Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси Саидхон Ҳофизов.
Мурожаатни шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганиш жараёнида сотувчининг масъул вакилларига амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг тегишли бандлари бўйича тушунтиришлар олиб борилди. Ўрганишлар натижаси билан эса, шартнома бекор қилиниб, товар сотувчига, амалга оширилган тўловлар суммасини эса истеъмолчига қайтарилишига эришилди.