Азалдан  Нарпайда ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш юзасидан ибратли тажриба тўпланган. 2021 йил ҳосили учун бу ерда 5 минг 720 гектар ерда буғдойнинг “Андижон”, “Алексеевич”, “Тервиция” навли экинлари экилган бўлиб, ғалла парваришида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилгани сабабли мўл ҳосил етиштирилди.

Меҳнати ортидан бахт, иқбол топган деҳқонлар вилоятда биринчи бўлиб, товар дон топшириш шартномавий режасини ортиғи билан уддалашди. Таъкидлаш лозимки, ғалла ўрим-йиғими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан ташкил этилган 32 та отрядлар ходимларининг фидоийлиги, жонбозлиги боис 11 иш кунида дон қабул қилиш масканларига режада белгиланган 12 минг 81 тонна ўрнига, 12 минг 111 тонна сифатли товар дон топширилди.

Тумандаги “Хумо Агро платинум” , “Нарпай Махаям бобо”, “Оптима агро”, “Вахоб Равшанов”, “Элбек”, “Жон Рахим”, “Латиф Дилшодбек”, “Ғалаба қаҳрамон ота”, “Бозор оқсақол далалари” фермер хўжаликлари томонидан гектаридан 50-55 центнер сара дон йиғиштириб олиниб, илғорлар сафида товар дон сотиш юзасидан шартномавий режа уддаланди.

Ғалла ўрим-йиғими мавсумини уюшқоқлик билан қисқа фурсатда ўтказиш мақсадида асосий эътибор ғалла ўриш комбайнларининг мавсумга ҳозирлигига қаратилди. Комбайнларнинг техник ҳолати доимий назоратга олиниб, таъмирлаш тадбирларидан сўнг инспекциянинг махсус сертификати берилди. Ғалла ўрим-йиғими мавсумида комбайнлар учун дон ташувчи  техникаларнинг ажратилиши, ғалла майдонларини тайёрлаш, даланинг ўзига ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб берилиши, механизатор ва техник ходимлар учун “Дала уйлари”нинг ҳолати инспекторларимиз томонидан таҳлил этиб борилди, дея хабар беради Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.

— Ўтказилган назорат тадбирлари самараси ўлароқ, ғалла ўриш комбайнларининг ҳар бири билан бир кунда ўртача 55-60 тонна дон йиғиштириб олинди, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Нарпай тумани бўлими бошлиғи Шарофиддин Султонов. —  Айни кунларда 4 минг 14 тонна уруғлик буғдойни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш юзасидан ўрим-йиғим ишлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.